292-модда. Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг қонуний кучи
Сиртдан қабул қилинган ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 264-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ қонуний кучга киради.
3-кичик бўлим. Алоҳида тартибда иш юритиш
27-боб. Умумий қоидалар
293-модда. Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар
Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар жумласига қуйидагилар киради:
1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;
2) болани фарзандликка олиш (бундан буён матнда фарзандликка олиш деб юритилади) ҳақидаги;
3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;
4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;
5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;
6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;
7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;
8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;
9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;
10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.
294-модда. Алоҳида юритиладиган ишларни кўриб чиқиш тартиби
Ушбу Кодекснинг 293-моддасида санаб ўтилган ишлар судларда ушбу Кодекснинг 27 — 37-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилади.
28-боб. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш
295-модда. Суд томонидан кўриб чиқиладиган, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар
Суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.
Суд:
1) шахсларнинг қариндошлик алоқалари;
2) шахс бировнинг қарамоғида эканлиги;
3) оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти;
4) фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги;
5) эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлиги;
6) шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги;
7) бахтсиз ҳодиса;
8) иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш;
9) меросни қабул қилиш ва мероснинг очилиш жойи фактларини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.
Агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин.
Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |