262-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори Иш бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарори чиқариши мумкин, агар:
1) ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, ундириладиган сумманинг миқдорини, олиб берилиши керак бўлган мол-мулкни ёки жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;
2) арз қилинган талабларнинг бирортаси бўйича ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган ва тушунтиришлар берган бўлсаларда, бироқ бу хусусда ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;
3) ҳал қилув қарорида суд харажатларини тақсимлаш кўрсатилмаган бўлса.
Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай қўзғатилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши ва протест келтирилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради.
Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқариш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.
Қўшимча ҳал қилув қарорини чиқаришни рад этиш ҳақидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
263-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек ҳал қилув қарорини ижро этиш зиммасига юклатилган органлар ва давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори ижро этилмаган ва уни мажбурий ижро эттириш мумкин бўлган муддат ўтмаган бўлса, ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масала ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ, бу шахсларнинг судга келмаганлиги ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин