241-модда. Мутахассисни сўроқ қилиш Мутахассис томонидан берилган маслаҳатни (тушунтиришни) ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд мажлисида унга саволлар берилади.
Мутахассис кимнинг аризаси бўйича чақирилган бўлса, ўша шахс ва унинг вакили биринчи бўлиб, кейин эса ишда иштирок этувчи бошқа шахслар саволлар беради.
Суднинг ташаббуси билан чақирилган мутахассисга биринчи бўлиб даъвогар саволлар беради.
Судья (судьялар) мутахассис сўроқ қилинаётганида унга исталган вақтда саволлар беришга ҳақли.
242-модда. Давлат бошқаруви органларининг хулосалари Суд томонидан суд процессида иштирок этиш учун жалб қилинган ёки ўз ташаббуси билан процессга киришган давлат бошқаруви органларининг хулосалари суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, шундан кейин хулосаларни ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида суд, ишда иштирок этувчи шахслар мазкур органларнинг вакилларига саволлар бериши мумкин.
243-модда. Ишни мазмунан муҳокама қилишни тамомлаш Иш бўйича тўпланган барча далиллар текшириб бўлинганидан кейин раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш материалларини бирор нарса билан тўлдириш истаги бор-йўқлигини сўрайди. Бундай арзлар бўлмаган тақдирда, раислик қилувчи ишни мазмунан муҳокама қилиш тамом бўлганлигини эълон қилади ва суд суднинг музокараларини эшитишга ўтади.
244-модда. Суд музокаралари Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг нутқларидан иборат бўлади.
Суд музокаралари иштирокчилари ўз чиқишларида суд томонидан аниқламаган ҳолатларга, шунингдек суд мажлисида текширилмаган далилларга асосланишга ҳақли эмас.
Дастлаб даъвогар ва унинг вакили, кейин жавобгар ҳамда унинг вакили сўзга чиқади. Бошланган суд процессида низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилган учинчи шахс ва унинг вакили тарафлардан кейин сўзга чиқади. Низо предметига нисбатан мустақил талаблар билдирмаган учинчи шахс ва унинг вакили учинчи шахс ишда қайси даъвогарнинг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу даъвогардан ёхуд жавобгардан кейин сўзга чиқади.
Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Суд томонидан суд процессида иштирок қилишга жалб этилган ёки процессга ўз ташаббуси билан киришган давлат бошқаруви органларининг вакиллари суд музокараларида тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.
Суд музокаралари иштирокчилари бир-бирларига луқма ташлаши мумкин. Охирги луқма ҳуқуқи доимо жавобгар ва унинг вакилига тегишли бўлади.