173-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага:
1) давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини;
2) ҳуқуқий муносабатни судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни, агар бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
3) талабларга асос бўлган ҳолатларни;
4) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
174-модда. Давлат божи Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризадан қонун ҳужжатларида даъво ишини юритиш учун белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилади.
Суд буйруғи бекор қилинган тақдирда ундирувчи томонидан тўланган давлат божи қайтариб берилмайди. Ундирувчи томонидан қарздорга нисбатан даъво иши юритиш тартибида даъво қўзғатилган тақдирда, тўланган давлат божи тўланиши лозим бўлган божга қўшиб ҳисобланади.
175-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш асослари Судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этади. Судья аризани қабул қилишни қуйидаги ҳолларда ҳам рад этади, агар:
1) арз қилинган талаб ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилмаган бўлса;
2) қарздор Ўзбекистон Республикаси судлари юрисдикцияси доирасидан четда бўлса;
3) ҳуқуқ тўғрисида низо мавжуд деб ҳисобланса.
Аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида судья ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида ажрим чиқаради.
Аризани қабул қилиш рад этилганлиги ундирувчининг шу талаб бўйича даъво ишини юритиш тартибида даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
176-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш Судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:
1) ариза ушбу Кодекснинг 172-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса;
2) ушбу Кодекснинг 173-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;
3) арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
4) давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
5) суд буйруғи берилгунига қадар ундирувчидан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушган бўлса.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ҳақида судья ариза судга келиб тушган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин ушбу ариза билан судга иккинчи марта мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.