119-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш тартиби Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
120-модда. Иш юритишни тўхтатиб туришнинг ҳуқуқий оқибатлари Иш юритиш тўхтатиб турилганида, ушбу Кодексда белгиланган ёки суд томонидан тайинланган муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади.
Иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.
121-модда. Иш юритишни тиклаш Иш юритиш уни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар барҳам топганидан кейин ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки суднинг ташаббуси билан тикланади.
Иш юритиш тикланган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларни умумий асосларда чақиради.
Иш юритишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарилади.
11-боб. Аризани кўрмасдан қолдириш 122-модда. Аризани кўрмасдан қолдириш асослари Суд қуйидаги ҳолларда аризани кўрмасдан қолдиради, агар:
1) ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;
2) манфаатдор шахс номидан ариза иш юритишга ваколати бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
3) фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки ҳакамлик судининг иш юритувида айни бир тарафлар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
4) тарафлар ўртасида ушбу низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш тўғрисида ҳакамлик битими тузилган бўлса;
5) ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрли сабабларсиз судга келмаса, суд эса ишга оид мавжуд материаллар асосида ишни ҳал қилиш мумкин эмас, деб ҳисобласа;
6) ишни ўзининг иштирокисиз муҳокама қилишни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича судга келмаса, жавобгар эса ишни мазмунан кўришни талаб қилмаса;
7) алоҳида тартибда юритиладиган ишни муҳокама қилиш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқса;
8) хотини ҳомиладор бўлган вақтда ёки бола туғилганидан кейин бир йил давомида эр хотинининг розилигисиз никоҳни бекор қилиш тўғрисида даъво тақдим этган бўлса;
9) даъвогар томонидан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ариза берилган бўлса;
10) даъвогар томонидан низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган, башарти бу қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
11) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки эгасиз мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олишнинг қонунда назарда тутилган тартиби бузилган ҳолда берилган бўлса.