III БЎЛИМ. ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССИДА ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ, ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИНГ ИШТИРОКИ 41-боб. Умумий қоидалар 359-модда. Чет эл фуқаролари ва ташкилотларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқлари Чет эл фуқаролари Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.
Чет эл ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва ташкилотларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқларининг махсус чекланишига йўл қўйилган давлатларнинг фуқаролари ва ташкилотларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб тариқасидаги чекловлар белгиланиши мумкин.
360-модда. Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фуқаролик процессуал ҳуқуқлари Фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва улар фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади.
361-модда. Чет эл фуқаролари ва ташкилотлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этаётган низолар, шунингдек лоақал биттаси чет элда яшаб турган тарафлар ўртасидаги низолар бўйича фуқаролик ишлари Ўзбекистон Республикаси судларининг судловига тегишли бўлиши Чет эл фуқаролари ва ташкилотлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этаётган низолар, шунингдек лоақал биттаси чет элда яшаб турган тарафлар ўртасидаги низолар бўйича фуқаролик ишлари Ўзбекистон Республикаси судларининг судловига тегишли бўлиши, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодекс билан белгиланади.
362-модда. Чет давлатларга нисбатан даъволар Чет давлатга нисбатан даъво тақдим этилишига, даъвонинг таъминланишига ва ундирувнинг чет давлатнинг Ўзбекистон Республикасидаги мол-мулкига қаратилишига фақат тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.
Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик вакиллари ҳамда уларга тенглаштирилган халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари фақат Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки халқаро ҳуқуқ нормалари билан белгиланадиган доирадагина Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судининг юрисдикциясида бўлади.