I б ў л и м иқтисодий тараққиётнинг умумий асослари


-§. Иқтисодиёт назарияси фанининг предмети ва вазифалари



Download 240 Kb.
bet5/11
Sana03.03.2022
Hajmi240 Kb.
#480889
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11
Bog'liq
1-боб. Предмет ва метод

3-§. Иқтисодиёт назарияси фанининг предмети ва вазифалари.




Иқтисодиёт назарияси фани ижтимоий фан бўлиб, фалсафа, социология, психология, ҳуқуқ, сиёсатшунослик, тарих каби ижтимоий фанлар билан ҳам чамбарчас боғлиқдир, улардан услубий ва илмий озуқа олади ва уларга ҳам манба бўлиб хизмат қилади. Лекин уларнинг ҳеч бири иқтисодиёт назарияси фанининг ўрнини боса олмайди, бу фаннинг ўз вазифаси ва предмети бор.
Иқтисодиёт назарияси фанининг предметини аниқлашни турли назарий қарашларни ўрганиб, синтез қилишдан бошлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Иқтисодиёт назарияси фанининг предмети нима? Бу фан асосан нимани тадқиқ қилиб, одамларга нимани ўргатади, деган саволнинг ечими жуда мураккаб бўлиб, бу ҳақда ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам турли олимлар ҳар хил фикрлар билдириб келмоқдалар.
Масалан, Аристотель бу фанни уй хўжалигини бошқариш қонунлари тўғрисидаги фан деб қараган бўлса, меркантилистлар, физиократлар ва инглиз классик иқтисодий мактаби вакиллари унга бойлик тўғрисидаги, унинг манбалари ва кўпайтириш йўллари, бойликни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш тўғрисидаги фан деб қарадилар. Кейинги пайтда мазкур фанни халқ хўжалиги, ижтимоий хўжалик тўғрисидаги фан деб ҳам ҳисобламоқдалар. Айримлар иқтисодиёт назарияси фанини моддий ҳаётий воситаларни ишлаб чиқариш ва айирбошлашни бошқариш қонунлари тўғрисидаги фан деб кўрсатадилар. А.Маршалл эса иқтисодиёт назарияси (сиёсий иқтисод) фанининг предмети инсоният, жамиятнинг меъёридаги ҳаётий фаолиятини тадқиқ қилишдан иборат, деб ёзади.
Иқтисодиёт назарияси фани сиёсий иқтисод номи билан юритилган даврда қатор дарсликларда ва айрим асарларда унинг предмети моддий неъматларни ишлаб чиқариш жараёнида кишилар ўртасида содир бўладиган муносабатларни ўрганишдан иборат, деб кўрсатилган эди.
АҚШ ва бошқа баъзи бир мамлакатлардан кириб келган «Экономикс» дарсликларида (иқтисодиёт назарияси «Экономикс» деб юритилган дарсликларда) бу фаннинг предмети кишиларнинг моддий эҳтиёжларини тўлароқ қондириш мақсадида чекланган ресурслардан самарали фойдаланиш муаммоларини таҳлил қилиш, кишиларнинг иқтисодий ҳулқ-атворини ўрганишдан иборат, деб кўрсатилган.
Бозор иқтисодиётига ўтилаётган ҳозирги даврда Россия Федерациясида чиқарилаётган турли иқтисодиёт назарияси дарсликларида бу фаннинг предмети бўйича бир-бирига яқин бўлган таърифлар берилмоқда.
Масалан, иқтисод фанлари докторлари, профессорлар Л.С.Тарасевич ва А.И.Добрининлар бошчилигида чиқарилган «Иқтисодиёт назарияси» дарслигида бу фан «Рационал хўжалик юритиш тизимининг таркибий эволюциясини, ҳақиқий бойликни ва жамиятнинг айрим аъзолари ва гуруҳларининг фаровонлиги, иқтисодий ўсишнинг омиллари ва қонуниятларини ўрганади», деб кўрсатилган.1
Академиклар Г.П.Журавлева ва В.И.Видяпинлар бошчилигида чиқарилган «Умумий иқтисодиёт назарияси» номли дарсликда профессор А.И.Добрининнинг фикрига асосланган ҳолда: «Умумий иқтисодиёт назарияси ижтимоий фан бўлиб, у чекланган ресурслар шароитида эҳтиёжларни қондириш мақсадида моддий неъматларни ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнларида кишилар ва гуруҳларнинг хулқ-атворини ўрганади», дейилган.2
Проф. В.Д.Камаев бошчилигидаги муаллифлар томонидан ёзилган «Иқтисодиёт назарияси» асослари бўйича дарсликда иқтисодиёт фанининг предмети — чекланган ресурслар дунёсида неъматларни ишлаб чиқаришдаги кишиларнинг хулқ-атвори ва уни бошқаришни ўрганишдан иборат деб таъкидланади.3
Проф. Д.Д.Москвин бошчилигидаги муаллифлар томонидан ёзилган «Иқтисодиёт назарияси асослари» дарслигида иқтисодиёт назарияси фанининг предмети – ишлаб чиқариш муносабатларини ва уларнинг ишлаб чиқариш кучлари билан ўзаро таъсирини ўрганади дейилади.4
Проф. Е.Ф.Борисов ўзининг «Иқтисодиёт назарияси» номли китобида фаннинг предметига қисқагина - у иқтисодий муносабатларни ўрганади, деб айтиб ўтиб кетади.5
Иқтисодиёт назарияси фанининг предмети тўғрисида билдирилган бу барча фикрлардан кўриниб турибдики, сиёсий иқтисодга доир дарслик ва бошқа китобларда ишлаб чиқариш жараёнида кишилар ўртасида содир бўладиган муносабатларни ўрганишга алоҳида эътибор берилган бўлса, «Экономикс»да ва бозор иқтисодиётига доир Россияда чиқарилган дарсликларнинг кўпчилигида асосан кишиларнинг ресурсларга, моддий ашё ва буюмларга бўлган муносабатини, хатти–ҳаракатини ўрганишга, чекланган иқтисодий ресурслардан унумли фойдаланишларига алоҳида эътибор берилган.
Бизнинг фикримизча, иқтисодиёт назарияси фани масаланинг у томонини ҳам, бу томонини ҳам четда қолдирмаслиги, масалага бир томонлама ёндошувга йўл қўймаслиги лозим. Чунки ҳар қандай меҳнат, ҳар қандай ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, энг аввало, табиат ашёлари, моддий воситалар, пул маблағлари орқали амалга оширилади ва улардан фойдаланилади. Шунинг учун мавжуд ресурсларга, ишлаб чиқарилган товар ва хизматларга, улардан унумли фойдаланишга бўлган муносабат, ишлаб чиқариш омилларининг ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирига таъсирида ўрганилиши лозим. Бошқа тарафдан, ҳеч қандай меҳнат ёки ишлаб чиқариш алоҳида олинган киши ёки гуруҳ томонидан, бошқалар билан алоқаларсиз, муносабатларсиз амалга оширилмайди. Улар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнида бир-бирлари билан албатта ўзаро муносабатда бўладилар ва шу муносабатга қараб ҳаракат қиладилар, ўз хулқ-атворларини, хатти-ҳаракатларини белгилайдилар. Демак, иқтисодиёт назарияси фани шу муносабатларнинг икки томонини қамраб олган бўлиши, уларни ўрганиши лозим. Бундан ташқари мазкур муносабатлар, хатти-ҳаракатлар ишлаб чиқариш жараёнининг ўзидагина эмас, балки такрор ишлаб чиқаришнинг барча фазаларида ишлаб чиқариш, айирбошлаш (сотиб олиш, сотиш), тақсимлаш ва фойдаланиш, яъни истеъмол қилиш жараёнларида ҳам содир бўлади. Иқтисодиёт назарияси фанининг предметини аниқлашда шу нарсани эсдан чиқармаслик керакки, иқтисодиётнинг кўпгина томонлари аниқ иқтисодий фанлар, яъни саноат иқтисодиёти, савдо иқтисодиёти, агроиқтисодиёт ва агробизнес, иқтисодий ахборот, микроиқтисодиёт, макроиқтисодиёт, менежмент каби фанлар томонидан ўрганилади.
Иқтисодиётнинг айрим томонлари эса молия, солиқ ва солиққа тортиш, кредит, пул муомаласи, банк иши, божхона иши, статистика, эконометрика, ташқи иқтисодий алоқалар, бухгалтерия ҳисоби, хўжалик фаолияти таҳлили каби фанларда ўрганилади.
Иқтисодиёт назарияси бу фанлар билан чамбарчас боғлиқ ҳолда мавжуд бўлади, улардан айрим аниқ томонларни олади ва ривожлантиради. Лекин иқтисодиёт назарияси фани аниқ иқтисодий фанларнинг назарий асоси, яъни пойдевори ҳисобланади, уларга услубий, назарий йўналиш беради. Уларнинг ҳаммаси учун умумий бўлган илмий тушунчаларни, қонун-қоидаларни, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, соҳалари, томонлари ўртасидаги алоқадорликни ва ўзаро таъсирни ўрганади ва аниқлаб беради.
Мана шуларни ҳисобга олиб, иқтисодиёт назарияси фанининг предмети - иқтисодий ресурслар чекланган шароитда жамиятнинг чексиз эҳтиёжларини қондириш мақсадида моддий неъматларни (ва хизматларни) ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш жараёнида вужудга келадиган иқтисодий муносабатларни, ижтимоий хўжаликни самарали юритиш қонун–қоидаларини ўрганишдан иборат, деб айтиш мумкин.
Иқтисодиёт назарияси фани иқтисодий муносабатларнинг турли шарт-шароитларда, замон ва маконда шаклан ва мазмунан ўзгарувчанлигини, уларни ифода этувчи илмий тушунчалар, қонун-қоидаларнинг ҳам ўзгариб туришини, уларнинг доимо ҳаракатда, ривожланишда бўлишини ўрганади. Бундан ташқари, иқтисодиёт назарияси турли иқтисодий воқеа ҳодисалар ва жараёнларнинг мазмуни ҳамда моҳиятини ўрганибгина қолмай, уларнинг ўзаро алоқадорлигини, бир-бирига таъсирини ҳам таҳлил қилади.
Иқтисодиёт назарияси ўрганиши лозим бўлган муҳим йўналишлардан бири чекланган иқтисодий ресурслардан унумли фойдаланиш, ижтимоий хўжаликни самарали юритиш ва бошқариш, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг омиллари, қонуниятлари ва йўлларини ўрганиш ва кўрсатиб беришдан иборатдир. Бу эса фаннинг предмети, унинг мақсади ва вазифаларида янада ойдинроқ кўринади.
Иқтисодиёт назарияси фанининг мақсади ва вазифасини икки томонлама, яъни ҳам амалий ва ҳам назарий томонларини тушунтириш мумкин.
Аксарият ҳозирги замон иқтисодий адабиётларида иқтисодиёт назариясининг тўртта асосий вазифаси ажратиб кўрсатилади:
1) билиш вазифаси - ҳар қандай фан каби иқтисодиёт назарияси ҳам фундаментал аҳамиятга эга: жамиятда инсонларнинг табиат ашёлари, бошқа моддий ашёлар ҳамда ўзаро бир-бирлари билан алоқаларида вужудга келадиган иқтисодий муносабатларни тадқиқ этиб, бизни ўраб турган олам тўғрисидаги фикрларимизни кенгайтиради;
2) амалий вазифа – амалий иқтисодиётнинг асосий мақсади чекланган ресурслардан унумли фойдаланиб иқтисодий ўсишни таъминлаш ва шу асосда ўсиб борувчи эҳтиёжларни қондира боришдан иборат. Шу мақсаддан келиб чиқиб, чекланган турли хил ресурсларнинг ҳар бир бирлиги эвазига кўпроқ товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни таъминлаш, ҳар бир фаолият тури бўйича харажатлар миқдори билан эришилган самара, яъни товар ва хизматлар миқдорини таққослаш, ресурслардан унумлироқ фойдаланиш йўлларини топишдан иборатдир;
3) услубий вазифаси – иқтисодиёт назарияси фанининг ўзи, таҳлили ва унинг тамойиллари, олинган хулосалар, тадқиқ этилаётган иқтисодий қонунлар бошқа ижтимоий ва тармоқ фанлари учун услубий асос бўлиб хизмат қилади;
4) ғоявий-тарбиявий вазифаси – ушбу вазифа шундан иборатки, унинг ёрдамида талабалар, мутахассислар ва иқтисодиёт илми ўрганувчиларнинг илмий дунёқарашини шакллантиради, миллий истиқлол ғоясини талаба ёшлар онгига сингдиради, уларни миллат манфаатлари йўлида иқтисодиётни ривожлантириш, миллий маҳсулотни кўпайтириш, миллий пул қадрини ошириш, миллий товарларни жаҳон миқёсида бозоргир бўлишини таъминлаш, мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш руҳида тарбиялайди. Иқтисодиёт назарияси талаба ёшларга моддий неъматларнинг инсон меҳнатининг маҳсули эканлигини тушунтириб, уларни меҳнат ҳамда чекланган ресурсларни тежаш руҳида тарбиялайди.
«Заминимизда яшаётган одамларнинг муносиб ва эркин, фаравон ҳаётини таъминлаш, ҳар бир киши ҳуқуқ ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш учун барча зарур шароитларни яратиш - жамиятимизни ислоҳ қилиш ва янгилаш пайтида олдимизга қўяётган ғоят муҳим вазифалардандир»1. Бундан ташқари, иқтисодиёт назарияси аҳолини иш билан таъминлаш, пулнинг қадрсизланиши олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлларини кўрсатиб бериши лозим. Иқтисодиёт назарияси фани макроиқтисодиёт даражасида таҳлил қилиб, унинг соҳалари, кўрсаткичлари, омиллари ўртасидаги боғланишларни, иқтисодий ўсиш йўлларини аниқлаб кўрсатади ва давлатнинг ички ва ташқи иқтисодий сиёсатида илмий асос бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодиёт назариясининг мақсади эса, энг аввало, илмий билишдан иборатдир. Шундан келиб чиқадики, иқтисодий жараёнлар ва ҳодисаларни кузатиш, улардаги шакл ва мазмун ўзгаришларини, ички боғланиш ва алоқаларни, зиддиятларни, қонун-қоидаларни, тушунчаларни билиб, биринчи навбатда, талабаларга, иқтисодчи мутахассисларга ва иқтисодиёт билан қизиқувчи бошқа ходимларга ўргатишдан иборатдир.
Иқтисодиёт назариясининг биз қайд қилган амалий, назарий, услубий ва тарбиявий томонлари бир–бири билан чамбарчас боғлиқдир. Амалий иқтисодиёт назарий билимга эга бўлишни, у билан қуролланиш заруриятини тақозо этади. Назарий билим эса олдиндан кўра билиш ва амалий ҳаракат йўлини тўғри белгилаш имконини беради.
Умуман олганда, иқтисодиёт назарияси фани иқтисодий жараёнлар, воқеа ва ҳодисалар сирини билишда илмий қўлланмадир.
«Пировард мақсадимиз бўлган озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш борасидаги интилишларимизда биз учун руҳий-маънавий куч қувват манбаи, илмий асос - бу миллий ғоя, миллий мафкурадир»2. Шу ақидадан келиб чиқиб, иқтисодиёт назарияси фани «Кишиларда янгича иқтисодий фикрлашни шакллантириш, уларнинг дунёқарашини ўзгартириш»3 вазифасини ҳам бажарадики, бу иқтисодиётни ислоҳ қилиш соҳасидаги стратегик мақсадлардан бири бўлиб ҳисобланади. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаб ўтганларидек: «Жамиятда ҳаётга, ўзгаришларга бефарқ қарайдиган лоқайд кимсалар бўлмаслиги керак. Бу тараққиётимизни орқага суриб юборади. Инсон буюк, эзгу орзулар билан яшасин. Уни нафақат мамлакат, балки жаҳонда рўй бераётган ҳодисалар қизиқтирсин. Дунёқараши, онги чегараланиб бир қолипда қолмасин. Миллий ғурур, истиқлол мафкураси ғоялари унга доим ҳамроҳ бўлсин»1. Бу мақсадга эришиш учун «Иқтисодиёт назарияси» фани Президентимиз И.А. Каримовнинг сўзлаган нутқ ва маърузаларида, асарларида кўрсатиб берилган бозор иқтисодиётига ўтиш даври тамойилларини, ўтишнинг ўзига хос йўлини, ўзининг иқтисодий қонунларини, йўл-йўриқларини, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган қарорлар асосида мамлакатимиз олдида турган иқтисодий муаммолар ва вазифаларнинг чуқур таҳлилини, уни ечиш йўлларини ёритмоғи, ўтиш даври иқтисодиётининг хусусиятлари, кўп укладли иқтисоднинг, турли шаклдаги мулкчиликнинг вужудга келиш йўллари, усулларини кўрсатиб бермоғи лозим.



Download 240 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   11




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish