«...Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида сураси, 3-оят).
Ҳижратнинг ўн биринчи йилида Пайғамбар а.с. вафот этдилар. Пайғамбарнинг вафот этган куни ҳақида тарихчилар орасида турли хил фикр-мулоҳазалар мавжуд. Тарихчилар В.В.Бартольд, Муҳаммад Ҳузарий Сайид Амир Али, марҳум профессор Муталиб Усмонов, Доктор Абдулмунъим Мажид Муҳаммад пайғамбарнинг вафот этган кунларини 632 йилнинг 8 июн деб берадилар. Тарихчи Муҳаммад Ризо пайғамбарни 632 йил 9 июнда (11 ҳижрий йил, 12 рабиул аввал) вафот этганлар деб ҳисоблайди.
Ал-Хулафо ар-Рошидун даври. Пайғамбар вафотлари ҳақидаги хабар Мадина аҳли орасида ёйилгач, ансорлар Хазраж қабиласининг сайиди Саъд ибн Убода ёнига тўпландилар. Айни пайтда мусулмонлардан бирининг Абу Бакр олдига келиб, Бани Соида сақфасида ансорлар Расулуллоҳга халифа сайлаш учун йиғилганларини хабар бериши эътиборга лойиқ. Чунки худди шу маълумот мусулмонлар ўртасида халифа сайлаш бир қатор мураккаб ихтилофий муаммолар билан амалга ошишидан хабар беради. Абу Бакр, Умар ибн ал-Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳлар Саъднинг бетоб бўлишига қарамасдан, ансорларга маъруза қилаётган пайтига етиб келдилар.
Муҳожирлар халифани Қурайш қабиласидан сайланишини хоҳлар эдилар. Чунки Қурайш қабиласининг Арабистон ярим оролида нуфузи йўқори эди. Агар халифа бошқа қабиладан сайланса, давлат ичида фитна оралаши шубҳасиз, чунки мухожирлар биринчилардан бўлиб Пайғамбарга иймон келтирганлар ва Макка мушрикларининг азобларини бирга тотган эдилар.
Ансорлар эса муҳожирлардан кўра халифаликка ўзларини ҳақлироқ деб билардилар. Улар Пайғамбар қийин аҳволда қолганларида ёрдам қилганлар ва ўз шаҳарларининг тўрини бўшатиб бергандилар ва у зот билан бирга мушрикларга қарши елкама-елка туриб жанг қилган эдилар.
Муҳожирлар халифаликка Қурайш қабиласининг номзодини қўяр эканлар, Пайғамбарнинг «Имомлик Қурайш ҳаққи», «Имомлик Қурайшдан, қозилик ансордан ва азон чақириш эса ҳабашдандир» - деган ҳадисларини далил қилар эдилар. Улар халифаликка Умар ибн ал-Хаттоб ёки Абу Убайда ибн Жарроҳнинг номзодини кўрсатардилар.
Ўз ўрнида ансорлар ҳам Қуръон оятлари ва пайғамбарнинг ҳадисларига таянган ҳолда халифаликка Саъд ибн Убода номзодини қўйдилар. Улар мухожирларнинг муайян қабиладан халифа сайлаш хақидаги фикрига қарши чиқиб, халифани ҳар қандай қабиладан унга лойиқ одамни топиб сайлаш мумкин деган хулосага келдилар.
Ансорларнинг асосий далиллари Қуръондаги «Оллоҳнинг ҳузурида севимлироғингиз тақводорларингиздир» - деган ояти ва пайғамбарнинг «Агар боши майизга ўхшаган қора хабаш сизларга бошлиқ бўлса, унга итоат этинглар» - деган ҳадислари эди.
Мазкур халифаликка номзодлар орасида Пайғамбарнинг уруғларидан халифа сайлаш тарафдорлари ҳам бор эдилар. Улар Али ибн Аби Толиб, Аббос, Зубайр, Фотима ва бошқа Ҳошим уруғининг вакиллари эди. Улар халифаликка пайғамбар оиласидан бошлиқ сайлаш иштиёқида эдилар. Бу гуруҳ халифаликка Алини, ундан кейин унинг ўғлини, кейин набирасини ва ҳ.к. сайламоқчи эдилар. Уларнинг таъбирларича, ўринбосар эмас, фақат етакчи имомгина Қуръонни шарҳ ва тафсир қилиши, ҳадисларни таҳлил этиши ва шариат ишларида ҳукм, фатво чиқариши мумкин эди. Шунинг учун улар пайғамбар издошига халифа эмас, «Имом» номини берганлар.
Шу икки гуруҳ орасидаги кичкина ихтилоф ислом умматининг Сунний ва Шиа оқимларига бўлинишига сабаб бўлди.
Абу Бакр халифаликка сайлангач, уни мусулмонлар «халифат Расулуллоҳ», яъни «Пайғамбарнинг ўринбосари» деб атадилар. Ундан сўнг халифаликка сайланган Умар ибн ал-Хаттоб пайғамбарнинг эмас, балки Абу Бакрнинг ўринбосари бўлиши керак эди. Шунинг учун мусулмонлар уни «халифат халифат Расулуллоҳ», яъни «Пайғамбар ўринбосарининг ўринбосари» деб аташлари зарур эди. Бундай қийин талаффуздан қочиш мақсадида Умар ибн ал-Хаттоб ўзини «Амирул муъминин», яъни муъминларнинг амири деб аташларини маъқул кўрган эди.
Халифалик Али ибн Аби Толибга етиб келгач, эса унинг тарафдорлари уни «Имом» деб атай бошладилар. Шундай қилиб, илк араб халифалари: халифа, амирул муъминин ва имом лақаблари билан номланганлар.
Ўтилган мавзу бўйича саволлар
Ислом дининг асосий ақидаси нималардан иборат?
Муҳаммад алайҳи-с-салом қайси даврда ва қаерда дунёга келдилар?
Биринчи ваҳй қачон нозил бўлди?
622 йилдаги ҳижратнинг моҳияти нимадан иборат?
Бадр жангги қачон ва қаерда бўлиб ўтди?
Макка фатҳи қачон амалга оширилди?
Таянч сўзлар:
Ислом; Жоҳилия; Васанийя; Ҳанифлик; Ваҳй; Даъват; Fазот; Мусулмон; Мушрик; Каъба; Закот; Ҳажар ал-Асвад; Фатҳ; Рисолат;
Do'stlaringiz bilan baham: |