Шахс бирлик кўплик
I -ми, -им -миз, -имиз
II -нг, -инг -нгиз, ингиз
III -си, -и -си, -и
I шахс сўзловчи, II шахс-тингловчи, III шахс- ўзга (нутқ жараёнида қатнашмайдиган шахс). III шахснинг бирлиги ва кўплиги бир хил: унинг укаси, уларнинг укаси.
Эгалик қўшимчасининг I, II шахсида предметнинг қайси шахсга тегишли эканлиги аниқ билинади: китобим, китобинг.
III шахсида эса тегишлилик мавҳум, предметнинг кимга қарашлилиги ноаниқ: китоби. Шунингдек, III шахсда предметнинг кишидан бошқа нарсаларга тегишлилиги ҳам ифодаланади: деразанинг кўзи, машинанинг эшиги каби.
Сўзларга эгалик қўшимчалари қўшилганда сўз ўзагида қуйидаги товуш ўзгаришлари содир бўлади: товуш тушади: бурун-бурним, оғиз-оғзим, сингил-синглим;
Товуш алмашади: қишлоқ-қишлоғим, юрак-юрагим, тилак-тилагим.
Эгалик қўшимчасини олган сўз бош келишикдаги сўз билан («Дўстлик» боғи), қаратқич келишигидаги сўз билан (менинг уйим), чиқиш келишигидаги сўз билан (улардан бири) бирика олади.
Эгалик қўшимчаси кўпликдаги отга -лар қўшимчасидан кейин қўшилади: китобларим каби.
Ҳурмат маъносини ифодалаганда эса кўплик қўшимчасидан олдин қўшилади: акамлар, бобомлар каби.
Ўзбек тилида эгалик маъноси - ники қўшимчаси ёрдамида ҳам ифодаланади: китобим-китоб меники. Эгаликни билдирган бундай сўзлар гапда кесим бўлиб келади.
Эгалик қўшимчаси равиш туркумидаги сўзларга қўшилганда ўз маъносини йўқотиб сўз таркибига сингиб кетади: тепаси, у ёғи, эртаси, кечаси, кундузи.
Келишик категорияси
От ёки отлашган сўзларнинг бошқа сўзлар билан боғлайдиган шакллар келишик категорияси дейилади. Келишиклар гапда сўзларни ўзаро боғлаганлиги учун муносабат шакли (синтактик шакли) дейилади. Отларнинг келишик қўшимчаларини олиб ўзгариши турланишдир.
Ўзбек тилида келишиклар 6 та.
Бош келишик-
Қаратқич келишиги - нинг
Тушум келишиги - ни
Жўналиш келишиги - га (-ка, -қа)
Ўрин-пайт келишиги - да
Чиқиш келишиги - дан.
Бош келишикнинг қўшимчаси бўлмаганлиги учун у тўғри келишик қолганлари эса воситали келишикдир. Ҳар бир келишик ўзига хос маъно ва синтактик вазифага эга бўлганидек, бошқа сўзлар билан бирикиши жиҳатидан ҳам фарқланади.
Келишик шаклидаги сўзларнинг бошқа сўзлар билан алоқаси қуйидагича:
Қаратқич ва бош келишигидаги сўз от билан отни боғлайди: мактабнинг боғи, Рустамнинг укаси, китобнинг варағи, олтин куз, чўян печ, барқут фасл.
Бош, тушум, жўналиш, ўрин-пайт, чиқиш келишигидаги сўзлар от билан феълни боғлайди: иш бошланди, хатни ёзди, дарсга борди, уйда ётибди, магазиндан олдим.
Келишик шаклидаги сўзлар от ва феълдан бошқа туркумдаги сўзларга ҳам боғланади: сифатга (шакардан ширин), сонга (болалардан бири), равишга (шамолдан тез) каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |