IX боб. Автотранспортда имтиёзли ёки бепул йўл юриш ҳуқуқидан фойдаланувчи йўловчилар учун умумий қоидалар 110. Автотранспортда бепул ёки имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, мансублиги ёки мулкчилик шаклидан қатъи назар, йўналишли автобусларида бепул ва имтиёзли юришга рухсат берилади.
111. Автомобиль транспортида бепул юрувчи, шунингдек имтиёзли юришдан фойдаланувчи йўловчилар учун автомобиль транспортида йўловчи ташишнинг амал қиладиган қоида ва шартлари мажбурийдир.
112. Автобусларда бепул ёки имтиёзли юриш ҳуқуқига эга бўлган йўловчилар томонидан багажни ташиш ва хизматлар кўрсатиш учун тўловлар умумий асосларда амалга оширилади.
X боб. Ташувчиларнинг, йўловчиларнинг ва буюртманома (буюртма) берган ёки бошқа ташиш шартномасини тузган шахсларнинг жавобгарлиги, эътирозлар ва даъволар 1-§. Ташувчининг жавобгарлиги 113. Йўловчиларни ва багажни ташиш шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда, ташувчилар мазкур Қоидаларда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда моддий жавоб берадилар.
114. Ташиш учун қабул қилинган багажнинг йўқолиши, камомади, бузилганлиги ёки шикастланганлиги учун, агар ташувчилар йўқолиш, камомад, бузилиш ёки шикастланиш уларнинг айби билан бўлмаганлигини исботлай олмасалар моддий жавоб берадилар ва зарарларни тўлайдилар.
Багажни ташишда етказилган зарар ташувчи томонидан қуйидаги миқдорда:
багаж йўқолган ёки камомадга йўл қўйилган тақдирда — юк ёки багажнинг йўқолган ёки етмаган қиймати миқдорида;
багажга зарар етган (бузилган) тақдирда — унинг қиймати камайган сумма миқдорида, шикастланган (бузилган) багажни тиклаш имконияти бўлмаганда эса, унинг қиймати миқдорида;
қиймати эълон қилинган ҳолда ташиш учун топширилган багаж йўқолганда — багажнинг эълон қилинган миқдорида тўланади.
115. Ишига вақтбай тариф бўйича ҳақ тўланадиган автобуслар ва енгил автомобиллар ташувчи томонидан буюртманома (буюртма) ёки бошқа ташиш шартномалари бўйича бажариш учун қабул қилинган миқдорда етказиб берилмаганда ёки ушбу автобуслар ва енгил автомобилларни чиқариш кечиктирилганда, ташувчи, агар томонларнинг келишувида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, буюртмачига буюртманомада (буюртмада) ёки шартномада кўрсатилган фойдаланиш вақтидан келиб чиққан ҳолда автобуслар ва енгил автомобиллардан фойдаланиш қийматининг 10 фоизини тўлайди.
116. Шаҳар йўналишларида йўловчилар ташишдан ташқари йўловчиларни ташиш учун автотранспорт воситасини жўнатиш кечикканлиги ёки белгиланган манзилга кечикиб келганлиги учун ташувчи, агар кечикишлар енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари ёки ташувчига боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар оқибатида юз берганлигини исботлаб беролмаса, йўловчига жарима шаклида неустойка тўлайди.
Йўловчилар ташиш учун автотранспорт воситасини жўнатиш кечикканлиги ёки белгиланган манзилга кечикиб келганлиги ҳолати юзасидан автовокзал (автостанция)нинг навбатчи диспетчери томонидан далолатнома тузилади. Далолатномада автотранспорт воситасининг тасдиқланган жадвал бўйича жўнаш (етиб келиш) вақти ва ҳақиқатда жўнаган (етиб келган) вақти кўрсатилади. Далолатнома навбатчи диспетчер ва икки йўловчи томонидан имзоланади. Автовокзалда (автостанцияда) навбатчи диспетчер бўлмаган тақдирда, далолатнома камида учта йўловчи томонидан имзоланади.
Автотранспорт воситасининг жўнаши (етиб келиши) кечиктирилганлиги учун йўловчига тўланадиган жарима миқдори – жўнаши (етиб келиш) кечикканлигининг биринчи тўлиқ соати учун (60 минут) чипта баҳосининг 10 фоизи ҳисобидан унинг давомийлигига боғлиқ ҳолда, жўнаш (келиш) кечикишининг ҳар бир кейинги 15 минути учун эса чипта баҳосининг 3 фоизи ҳисобидан аниқланади. Жарима умумий суммаси чипта баҳосининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Йўловчига жарима ташувчи томонидан ёки автовокзал (автостанция) бошлиғининг ёзма кўрсатмаси бўйича тўланади.
Йўловчига тўланган жарима, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ автотранспорт воситасининг жўнашга кечикканлиги ёки унинг белгиланган манзилга етиб келиши кечикканлиги оқибатида йўловчига етказилган зарарни унга тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Автотранспорт воситасининг жўнаши кечикканлиги сабаби бўйича йўловчи ташишни рад этган тақдирда, ташувчи йўловчига йўл ҳақи тўловини ҳамда у томонидан кўрилган бошқа харажатларни қайтариши шарт.
117. Ташувчи йўловчининг ҳаёти ва соғлигига етказилган зарар учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.