Синов саволлари
1.Қурилиш қоришмаларининг қандай хилларини биласиз? Уларнинг хоссалари ва таркиби ҳақида гапириб беринг.
2.Безакли қоришма ҳиллари, пигментлар ва уларни таркиби.
3.Оқ ва рангли цементлар нима, улар орасидаги фарқ?
4.Қуруқ аралашмалар нима?
5.Суюқ гулқоғозлар ҳакида сўзланг.
6.Намлик даражасини маромида сақлаб туриш қобилиятига эга бўлган сувоқларга тушунча беринг.
7.Greinplast TAK акрил сувоғи ҳакида сўзланг.
8.Безак минералли (маъданли) сувоқ нима?
9.Девор қопламаларининг янги турлари истикболини изоҳланг.
10.Kreisel “короед” (пўстлоқхўр қўнғиз) безак минерал сувоғи ҳакида сўзланг.
11.Безак сувоқлар ҳакида сўзлаб беринг.
12.Капиллярли фаол қурилиш ашёлари нима?
13.Робот сувоқчи бир сменада 500 квадрат метрга ишлов бериши – реал ҳолатлигига тушунча беринг.
14.ISOPLAST пўкакли (пробковая) сувоғи ҳакида сўзлаб беринг.
15-БОБ. ПАРДОЗБОП БЕТОН
15.1. Умумий тушунчалар
Қурилишда қўлланиладиган ашёларнинг эстетик хоссалари, уларнинг текстурасига ва рангига боғлиқ.
Бетон текстураси бу - буюм ёки конструкция тузилишининг юзада мужассам бўлишидир. Бундан ташқари юзага фактуравий ишлов берилади.
Фактура эса - юзага мосламалар ёрдамида ишлов беришдир. Бугунги кун меъморчилиги ва дизайн санъатининг ривожланиши қурилиш техникаси, ранг-баранг бетон ҳамда темирбетонни ишлаб чиқаришга ва улардан моҳирона фойдаланишга боғлиқ.
Бетон бошқа қурилиш ашёларга қараганда безакли хусусиятларга бой. Унинг тузилиши бўйича йирик (шағал) ва майда тўлдиргич (қум) хамда боғловчилардан (цемент) ташкил топади.
Майда тўлдиргич - қумнинг турлари кўп бўлиб, улар дарё ва жар қумлари ёки тоғ жинсларини майдалаб ишланган бўлиши мумкин. Ҳар бир туркум тўлдиргичларнинг ўз ранги ва хусусиятларга эга. Қум ранги ўз навбатида бетон рангига таъсир кўрсатади.
Бетоннинг кўриниши фақатгина кул рангда эмас, балки бошқа рангларда, яъни қорадан деярли оқ ранггача бўлиши мумкин.
Бетоннинг яна бир муҳим хоссаларидан, бу унинг пластиклиги, яъни бўтқасимон бўлишидадир. Бетонни тайёр қолипга солиб, унга хоҳлаганча шакл, ранг ёки юзасига турлича релъеф берсак бўлади.
Бетонни қотиш тезлиги боғловчи турига ва қўшилмаларга боғлиқ.
Фактуравий ишловнинг турли йўналишлари ҳамда, унга қўшимча қилиб, пластмасса, шиша ва рангли металлар, ёғоч, асбестцемент ва бошқаларини қўллаш, архитектуравий композицияни юқори даражада бўлишига имкон беради.
Ҳар бир бетон буюмлари юзасининг ўзига яраша нотекислиги (ғадир-будурлиги) мавжуд. Ҳар бир нотекис юза ҳаводаги намликни ўзига сингдиради. Бетонда эса юза “нафас олади”, ёмғир ва бошқа омиллар тасирига қарамай узоқ вақт давомида яхши сақланади.
Бетон юзасига тушаётган ёруғлик ундан бир текисда қайтарилади. Шу сабабдан бетон юзасига хоҳлаган тарафдан қарасак ҳам бир хил рангда кўринади. Одатда шиша ва силлиқ юзаларга қараганимизда, уларни ялтирашини кўрамиз.
Бетон буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш технологиясини оддийлиги ва уларнинг юқорида кўрсатилган хоссалари, бетон ва темирбетонни архитектура билан чамбарчас боғлайди.
Пардозлаш ишлари бугунги кунга келиб қурилишда энг мураккаб жараёнлардан саналади. Биноларни пардозлаш ишлари нархи умумий қурилиш нархини тахминан 30-35% ини ташкил этади. Ташқи деворларни тайёр безакли пардозбоп буюмлар билан қопланса, бу рақамларни 15-17% гача пасайтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |