IV. ИРОДАВИЙ ҲАРАКАТЛАРНИНГ НЕРВ-ФИЗИОЛОГИК АСОСЛАРИ
Одамнинг турли хилдаги фаолиятларида намоён бўладиган у ёки бу иродавий фаоллик даставвал нерв системасининг ҳолатига ва иродавий ҳаракатларни амалга оширадиган нерв-физиологик механизмларининг ишига боғлиқдир.
«Одатда ихтиёрий деб аталадиган барча онгли ҳаракатлар,– дейди Сеченов,– ўз моҳияти жиҳатидан акс эттирилган ҳаракатлардир». Бу деган сўз «барча инсоний ҳаракатларнинг дастлабки сабаби одамдан ташқарида, яъни ташқи муҳитга боғлиқдир». (Избранные философские и психологические произведения. Госполигиздат, 1947, стр 148, 174)
Иродавий ҳаракатларнинг нерв-физиологик асосида шартли рефлекслар ётади. И. П. Павлов таълимотига кўра, иродавий ҳаракатларнинг ҳамма механизми юксак нерв фаолиятининг бутун қонунларига бўйсунувчи шартли боғланишлардан, яъни ассоциатив жараёнлардан иборатдир. Иродавий ҳаракатлар механизмларида, асосий ролни кинэстезик қўзғатувчилар туфайли, яъни мускуллар ҳаракати туфайли юзага келадиган маҳсус шартли рефлекслар ўйнайди. Кинэстезик ҳужайра ва ҳаракат анализатори турли-туман қўзғатувчилар билан муваққат алоқа боғлай олишлиги И. П. Павлов ҳамда унинг ҳамкорлари томонидан ўтказилган маҳсус тажрибаларда исботлаб берилган.
Мия пўстининг кинэстезик ҳужайралари организмга ташқи муҳитдан ва шунинг билан бирга ички жараёнлардан бўладиган таъсиротларни қабул қиладиган мия пўстининг бошқа ҳамма ҳужайралари билан алоқага кириши мумкин ва ҳақиқатан ҳам алоқага киради. «Бу эса ихтиёрий деб аталадиган ҳаракатларимизнинг физиологик асоси, яъни бундай ҳаракатлар мия пўсти умумий фаолияти билан боғлиқлигининг далилидир». (И. П. Павлов. Полное изб. соч. III., 2 - китоб, 317б.)
Иродавий ҳаракатлар онгли ҳаракатлар сифатида оптимал қўзғалиш манбаининг фаолияти билан боғлиқдирлар: «...Менинг тасаввуримча, онг,– дейди И. П. Павлов,– айни шу чоғда, худди шу шароитнинг ўзида маълум даражада оптимал (ҳар ҳолда, ўртача бўлса керак) қўзғалишга эга бўлган катта мия ярим шарларининг айрим жойларидаги нерв фаолиятидан иборат. Ана шу моментда катта мия ярим шарларининг қолган ҳамма қисмлари бирмунча бўшроқ қўзғалиш ҳолатида бўлади».(Ўша китоб, 247б.)
Иродавий ҳаракатлар онгли ҳаракатлар сифатида иккинчи сигнал системасининг фаолияти билан боғлиқдирлар. Хусусан, ички нутққа тегишли сўзлар керакли ҳаракатларни юзага келтирувчи ва бошқарувчи сигнал ҳисобланадилар. И. П. Павлов фикрича, иккинчи сигнал системаси одам ҳулқи ва ҳатти-ҳаракатларининг олий регулятори, яъни бошқарувчисидир.
Иккинчи сигнал системасининг механизмлари биринчи сигнал системасининг снгналларига ва ихтиёрсиз ҳаракатларнинг мия пўсти остки марказларига буларнинг ишларини тартибга солиш юзасидан таъсир этиб туради. Ҳамонки, онгли фаолиятларимизнинг нерв-физиологик асосида иккинчи сигнал системаси ётар экан, демак, бу сигнал системасининг индукцияси, яъни яқин атрофга тарқалиши биринчи сигнал системасига ва мия пўстининг остки қисмларига таъсир этади. Шунинг учун, чунончи, вазминлик ва ўзини тута билиш каби иродавий ҳолларнннг физиологик механизми иккинчи сигнал системаси томонидан биринчи сигнал системаси ва мия пўстининг остки қисмидаги марказларда юзага келтириладиган тормозланишдан иборатдир.
Агар иккинчи сигнал системаси тормозланса бундай ҳолатда «воқелик билан деярли ҳисоблашмайдиган ва асосан мия пўстининг остки марказларининг эмоционал таъсирига бўйсунадиган» фаолият ҳақида гапириш мумкин. Ана шундай пайтда одам, масалан, аффектив ҳолатда бўлади. Шундай қилиб, И. П. Павловнинг олий нерв фаолияти ҳақидаги таълимотига кўра, иродавий ҳаракатларнинг физиологик асоси биринчи ва иккинчи сигналлар системаси доирасида юзага келадиган мураккаб муваққат алоқалар системасидан иборатдир. Лекин бунда иккинчи сигнал системасининг роли ғоят каттадир. Иродавий ҳаракатлар пайтидаги мия пўстининг оптимал қўзғалган ҳолатида иккинчи сигнал системаси айрим муваққат алоқаларини тормозлантирса, бошқаларини кучайтиради.
Нерв системасининг тетик ҳамда соғлом ҳолати ҳар қандай фаолият ва одамнинг унумли ишчанлиги учун асосий шароитдир.
Нерв системасининг кучсизланиши ироданинг заифланиши ва инсон актив фаолиятининг сусайишига асос бўлади. Бундай сустлик ҳолати хусусан толиқиш пайтида ёрқин намоён бўлади.
Ҳар қандай фаолиятнинг ўзига тегишли равишда ва асосан меҳнат фаолиятида қувват сарфланади. Одам қанчалик ўзига зўр берса, қувватнинг сарфланиши ҳам шунчалик тезлашади. Бунда қувват сарфланиши билан айни бир вақтда у тикланиб ҳам борилади. Бироқ, маълум бўлишича, қувватнинг тикланиши, сарфланишига қараганда, секинроқ борар экан.
Шунинг учун одам ишнинг у ёки бу босқичида кучи етмаётганлигини, толиқишни ёки, бошқача қилиб айтганда, чарчаганлигини сеза бошлайди. Меҳнатнинг икки асосий (жисмоний ва ақлий) турига мувофиқ равишда икки хил толиқиш, яъни жисмоний ва психик толиқиш фарқланади.
Жисмоний толиқишнинг асосий белгиси мускуллар ишчанлигининг сусайишидир. Масалан, жисмоний толиқиш, жумладан, мускул кучларининг заифланиши, ҳаракатларнинг секинлашиши, ҳаракатлар миқдорининг камайиши, ишдаги жадалликнииг секинлашуви, харакатлардаги аниқликни, мосликни, текисликни ва буларни бошқаришнинг бузилиши билан ҳаракатланади. Жисмоний толиқиш одам бутун организмининг мадорсизланиш ҳолати билан характерланади.
Психик жиҳатдан толиқиш ақлий фаолият унумдорлигининг пасайиши, яъни диққат ва хотиранинг кучсизланиши, бирон нарсага эътибор беришнинг қийинлашуви ҳамда тафаккур ва нутқ фаолиятининг секинлашуви билан характерланади.
Толиқишнинг ана шу юқорида кўрсатилган психик аломатлари кўп жиҳатдан жисмоний толиқишда ҳам намоён бўладилар: жисмоний толиқишда ҳам диққат ва хотира кучсизланади, тафаккур ва нутқ фаолияти секинлашади бошқа томондан олганда, психик жиҳатдан толиқиш ҳам худди жисмоний толиқишдаги каби, одам бутун организмининг мадорсизланиш ҳолати билан характерланади.
Бу икки турли толиқиш ўртасидаги умумийликни шунинг билан тушунтириш мумкинки, жисмоний толиқишнинг ҳам ва психик толиқишнинг ҳам асосида бир хил нерв-физиологнк механизм ётади. И. П. Павловнинг олий нерв фаолияти ҳақидаги таълимотига мувофиқ, толиқишнинг юзага келиши бош миянинг пўсти қисмида мудофаа қилувчи (сақловчи) тормозланишнинг пайдо бўлишидир. Тормозланишнинг бу тури нерв марказларининг ишлаш фаолиятидан тўхташи ва бош мия пўсти қисмидаги нерв ҳужайраларининг тамомила дармонсизланишларидан сақлаб қолиш билан ифодаланади.
Ишдан чарчашни пасайтириш ва толиқишнинг ҳолдан тойиш ҳолатига етиб кетмаслигига йўл қўймасликнинг энг муҳим чораси меҳнат билан дам олишни тўғри тақсимлаш (алмаштириб туриш)дир. Дам олиш ишни тўхтатиб танаффус қилишдир. Агар ана шундай танаффус ўзаро давом этадиган (бир соат, икки соат) бўлмаса, ундай пайтда, дам олишнинг энг яхши тури ухлашдир (яъни тинчлик ҳолатидир), узоқ давом этадиган дам олишни (дам олиш куни, меҳнат отпускаси) ҳеч нарса билан шуғулланмайдиган узлуксиз осойишталикка айлантириб юбориш ярамайди. Дам олиш учун ажратилган буш вақтни жиддий зўр беришни талаб этмайдиган ёки ҳар турли туйғуларга бой бўлган фаолиятнинг бошқа бир турларига сарфланса, дам олиш анча фойдали бўлади. Ирода, шунингдек, нерв системасининг ҳар турли йўл билан заҳарланиши натижасида ҳам кучсизланади. Масалан, нерв системаси алкоголь билан заҳарланганда ирода кучсизланади.
Нерв системасининг касаллиги иродани ҳаддан ташқари сусайтириб юборади. Бундай ҳолатни абулия деб аталади. Абулия ҳолатидаги киши жуда чанқаб турган бўлса ҳам, ўз олдида турган стакандаги сувни олиб ичишга ўзини мажбур қилолмайди.
Айрим ҳаракат нерв ҳужайралари фалаж бўлган тақдирда шу ҳужайралар билан боғлиқ бўлган органларни ҳеч қандай ирода кучи билан ишга солиб бўлмайди.
Шунинг учун, нерв ва мускул системасини мустаҳкамлайдиган ҳамма нарса айни чоғда киши иродасини мустаҳкамлашга ҳам ёрдам беради. Шу сабабли, жисмоний тарбия иродани мустаҳкамлашда ижобий аҳамиятга эга. Катта қаршиликларни енгиш ҳамда қийинчиликлар билан курашиш учун фақат ҳоҳиш ва қарорга келишгина аҳамиятли бўлиб қолмай, балки соғломлик, мустаҳкам нерв ва мустаҳкам мускуллар ҳам катта аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |