VII. МАЪНАВИЙ ҲИССИЁТЛАР
Одамлар ўзлари яшаб турган жамият томонидан қабул қилинган аҳлоқий тамойилларни адо этишлари ёки бузишлари сабабли одамларда пайдо бўладиган ҳислар маънавий ёки аҳлоқий ҳислар деб аталади. Бу тамойиллар, шунингдек, одат қаторига кириб қолган аҳлоқий нормалар ва қоидалар нималарни «яхши» ва «ёмон», нималарни «адолатли» ва «адолатсиз», нимани «ҳақ» ва «ноҳақ» деб ҳисоблаш кераклигини белгилаб беради.
Одамларнинг аҳлоқий қоидаларига ва қарашларига мувофиқ бўлган ҳаракатлари ва қилиқлари маънавий, аҳлоқий ҳаракатлар ва қилиқлар деб ҳисобланади, шу аҳлоқий қоидаларга ва қарашларга тўғри келмаган, шу қоидалар ва қарашларни бузадиган ҳаракатлар эса аҳлоққа тўғри келмайдиган ҳаракатлар ёки аҳлоқсизлик деб ҳисобланади.
Маънавий ҳислар аҳлоқий онгнинг энг умумий фундаментал (асос) қисмларидандир. Улар жамиятда мавжуд аҳлоқий муносабатлар, тасаввур ва қарашларнинг муҳим, ижтимоий моҳиятли жиҳатларини ўзида акс эттиради.
Ахлок тушунчаларида элат, миллат, жамият аҳлоқининг тарихи, бугунги ҳолати ва унинг келажак йўналишлари ҳам ўз ифодасини топади. Аҳлоқ-одоб қоидалари, урф-одатлар дунёнинг турли халқларида турлича бўлишига қарамай, аҳлоқ тушунчаларини тушунишда умумийлик бор. Бунинг сабаби шундаки, аҳлоқ тушунчаларида инсоният аҳлоқининг муштарак моҳияти, мағзи бўлган инсонийлик акс этади. Шунга кўра, аҳлоқ тушунчаларини умуминсоний аҳлоқий кадриятлар дейиш мумкин. Улар жамият инсоният камолоти эҳтиёжларини ифодалаб, жамиятда реал, мавжуд аҳлоқий муносабатлар ва тасаввурлардан юқорироқ туради ва айнан шу ҳусусият туфайли аҳлоқий идеал вазифасини бажаради, ҳар бир инсонни, жамиятни аҳлоқий юксалишга ундайди.
Жамиятнинг аҳлоқий юксалиши инсониятнинг манфаатларини ва идеалларини ифодалайди.
Аҳлоқ воқеликнинг энг умумий ҳодисаларини ифодаловчи илмий тушунча ҳамдир. Чунки у объектив реаллик, ижтимоий боғлиқ ифодасидир. аҳлоқ категориялари мавжуд ижтимоий-тарихий шароит, инсонларнинг манфаат ва эҳтиёжларидан ажралиб қолса, улар мавҳум куч, ҳаёлий орзу-истакларга айланиб қолади. (Масалан: адолат, бурч, ва ҳ.з.) Амалиёт учун, кундалик ҳаёт учун фойдаси бўлмайди. Аҳлоқий онгнинг аҳлоқий тушунчалари ҳам бўлиб, улар кундалик ҳаётда кишилар ҳулқини баҳолаш, бошқаришда ишлатилади. Уларни аҳлоқнинг «ишчи тушунчалари» дейиш мумкин.Масалан: эҳсон, эзгулик, саҳоват, садоқат, ҳаё, вафо, олийжаноблик ва ҳ.з. аҳлоқ категориялари жамият аҳлоқининг энг юксак, умумий ифодаси бўлса, аҳлоқнинг «ишчи тушунчалари» категорияларининг мазмунини очувчи, конкретлаштирувчи йўлдош шакллардир. Масалан: яхшиллиқ категория бўлса, эҳсон, раҳм-шафқат, саҳийлик унинг конкрет ифодалари, кўринишларидир. Демак, аҳлоқ категориялари – аҳлокий онгнинг бирламчи тушунчаларидир. Аҳлоқ категориялари – аҳлокий онгнинг мужассам тушунчаларидир. Аҳлоқ талабларини бажариш кишиларнинг бурчидир. Ташқи мажбурият ёки буйруқ сабабли бажариладиган вазифа эмас, балки, аввало ҳар бир инсонни жамият олдидаги ва ўзи олдидаги аҳлоқий масъулият сабабли бажарилиши лозим бўлган вазифадир. Дилга жо бўлган маънавий эътиқодлар таъсири остидагина қилинадиган ҳаракатлар маънавий бурчнинг олий кўринишидир, бундай ҳолда мана шундай ҳаракатлар қилиш киши учун маънавий эҳтиёж бўлиб қолади.
Аҳлоқ тамойилларини ёки айрим қоидаларни бажариш ёки бузиш одамларда хилма-хил аҳлоқий ҳислар вужудга келтиради. Одамнинг бошқа одамларга муносабати, меҳнатга муносабати, айни вақтда ўз-ўзига ҳам муносабати ана шу ҳисларда ифодаланади.
Кишининг бошқа одамларга муносабатини ифодаловчи ҳислар.
Кишининг бошқа одамларга муносабатини ифодалайдиган ҳислар жуда хилма-хилдир. Кишининг бошқа одамларни ёқтириш ёки ёқтирмаслик ҳислари, яъни ижобий ёки салбий муносабати мана шу ҳисларнинг асосий, бошланғич босқичидир. (Ўзига хос элементларидир).
Баъзан айрим кишиларга бепарво муносабатда бўлинди, деб ҳам айтилади. Ҳақиқатда эса бунда «бепарво» деган сўз, кўпинча, ёқтирмаслик ҳисларининг салкам ифодасидир.
Мана шу бошланғич эмоционал ҳислар асосида мураккаб, сермазмун ва кучли ҳислар – жамоатчилик, ўртоқлик ва дўстлик ҳислари, муҳаббат, рашк, ёқтирмаслик, нафрат ҳислари, инсонпарварлик, ватанпарварлик ҳислари пайдо бўлади.
Инсонпарварлик ҳисси кишиларнинг ўзаро муносабатларида намоён бўлаётган асосий маънавий ҳисдир. Бу ҳис ҳар бир меҳнаткаш кишииинг қадр-қимматини иззат ва ҳурмат қилишда ифодаланади.
Ҳар бир меҳнаткаш кишининг турмуши ва фаровонлигига баҳо беришлар билан боғлиқ бўлган инсонпарварлик ҳисси кишиларининг бутун дунёда тинчлик учун олиб бораётган курашига асосланади.
«Киши – кишига дўст, ўртоқ ва биродар» деган юксак аҳлоқий тамойили, одамларнинг бир-бирларини ҳурматлаш тамойили ҳозир бизда ҳамма жойда турмушга сингиб бормокда.
Do'stlaringiz bilan baham: |