3.2. Экологик фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш
ва оқибатларини камайтириш бўйича илғор хориж тажрибаси
Ер юзаси умумий майдонининг 29,2 фоизи қуруқликка ва қолган
70,8 фоизи денгиз ва океанларга тўғри келади [91].
Ер фонди тузилишида ишлов бериладиган ер майдонлари бор йўғи
11 фоизни ташкил этишига қарамасдан, мана шу ерлар инсон учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг 88%ини етиштириб беради. Жаҳондаги ҳайдаладиган ерларнинг асосий майдонлари Шимолий ярим шарда – ғарбий ва шарқий Европада, жанубий Сибирда, шарқий, жануби-шарқий ва жанубий Осиёда, Канада ва АҚШ текисликларида жойлашган.
Жамият ҳаётида яйловлар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, инсоният истеъмол қиладиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг 10 %га яқини мазкур турдаги ерлардан олинади [52].
Ўрмонлар билан қопланган майдонлар сайёрамизнинг «ўпкаси» ҳисобланиб, у биз нафас олаётган кислородни ишлаб чиқариш ва ноёб ёғоч материалларини етиштириб бериш манбаидир. Лекин заминимизда кечаётган бир-бирига қарама-қарши бўлган жараёнлар ер фонди тузилмасини тобора ўзгартирмоқда.
Бир томондан инсоният неча минг йиллар давомида ҳаёт кечириш ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли бўлган ерларни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Кейинги 50 йил давомида ердаги аҳоли сони салкам уч баробарга ортган, шунга мутаносиб ҳолда дон етиштириш тўрт марта кўпайган, нефть маҳсулотлари истеъмоли – 7, газ – 15, тошкўмир – 3,6 ва ёғоч – 14 маротабага ошган. Маълумотларга қараганда, ҳар йили Ер юзасидан
13 миллион гектар ўрмонлар йўқолмоқда [92].
Янги ерларни ўзлаштириш мақсадида ўрмонларнинг кесилиши нафақат алоҳида минтақаларда, балки бутун сайёрамизда экологик барқарорликнинг, сув режимининг бузилишига ва бошқа кўпгина экологик офатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Фақатгина XX аср давомида қуруқликдаги ўзлаштирилган ер майдонлари ўртача икки баробарга ошган. Айниқса Россия, Қозоғистон, АҚШ, Канада, Хитой, Бразилияда ерларни ўзлаштириш кенг кўламда олиб борилган. Ер майдонлари кам, лекин аҳолиси зич жойлашган мамлакатлар денгизлар қирғоқбўйи майдонларига жадаллик билан «ҳужум» бошлагани маълум. Масалан, Нидерландия ўзининг ҳозирги кундаги ер майдонининг 40%ини канал ва тўғон тизимларини барпо этиш орқали Шимолий денгиз ҳисобидан тортиб олган [93].
Бельгия, Франция, Португалия, Япония, Сингапур каби давлатлар ҳам денгиз кенгликларига шундай мақсадлар билан кўз тиккан мамлакатлар сирасига киради. Дунёнинг қурғоқчил ҳудудлари ҳозирги кунда 900 миллион гектар майдонни эгаллаган [94].
Бундан ташқари, ўнлаб мамлакатларнинг ҳудудидаги тахминан
3 миллиард гектар ер майдонига чўлланиш жараёнлари хавф солмоқда. Қишлоқ хўжалик экин майдонларининг антропоген ландшафтларга айлантирилиши ҳам уларнинг таназзулга учрашига олиб келмоқда [95].
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги кунда ҳар йили
10-15 минг тур ўсимлик йўқолиб кетмоқда [78].
Мазкур жараён шу йўсинда давом этадиган бўлса, сайёрамизда миллионлаб йиллар давомида шаклланган биологик хилма-хилликнинг қарийб ярми яқин 50 йил ичида йўқолиши мумкин.
Ҳозирда иқлим ўзгариши билан боғлиқ экологик вазиятнинг салбий оқибатлари яққол намоён бўлиб, табиий офатлар тез-тез такрорланмоқда, ҳатто ривожланган давлатлар ҳам унинг ўта вайронакор таъсирининг олдини олиш уддасидан чиқа олаётгани йўқ. Ҳаво, сув ва денгиз муҳитининг ифлосланиши миллионлаб инсонларни муносиб ҳаёт кечиришдан маҳрум этмоқда. Бунга 2010 йил давомида Россия ўрмонларида ва экин майдонларига айлантирилган ботқоқликлар ҳудудларида юз берган ёнғинлар ҳамда океанларда вужудга келаётган тўфонлар натижасида дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, 2011 йил март ойида Японияда юз берган табиий офат оқибатлари яққол мисол бўла олади. БМТнинг олдинги Бош котиби Пан Ги Мун Халқаро она Ер куни муносабати билан 2010 йилнинг 22 апрелда жаҳон ҳамжамиятига қилган мурожаатида шундай деган эди: «...инсоният ер ресурсларининг битмас-туганмас эмаслигини унутган ҳолда ушбу ресурсларга асосланмаган ва ўсиб борувчи талабларни қўймоқда. Кишилик тарихининг бутун даврида инсонлар табиат инъомларидан фақатгина ўз фаровонлиги ва ривожланиши йўлида фойдаланиб келишган. Биз тез-тез табиатдан олдик ва ўрнига ҳеч нарса бермадик. Ҳозирги вақтда табиатдан нооқилона фойдаланишнинг оқибатлари яққол очиқ-ойдин кўзга ташланмоқда. Иқлимнинг ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, биологик хилма-хилликнинг тез суръатлар билан йўқолиб бориши бунинг яққол мисоли ҳисобланади...» [79].
Охирги ўн йилликда экология муаммоси глобал характер касб этмоқда. Бу жараён бир қанча омиллар, жумладан, инсонларнинг фаолияти, иқлим ўзгариши, минтақаларда айниқса қуруқ минтақаларда ернинг деградацияга учраши сифатида кўрилади. Бугунги кунда қуруқлашган ҳудудларда деярли икки миллиард инсон яшайди. Шу икки миллиарднинг 90 %и ривожланаётган давлатларга тўғри келади. Бу жойларда ер майдонинниг 30 %и деградацияга учраган, шу сабаб улар чўллашиш муаммоси билан тўқнаш турибди [80].
Ҳар йили иқлим ўзгариши ва ердан норационал фойдаланиш усуллари сабабли ернинг деградацияси оқибатида 20-50 км² ер яроқсиз ҳолга келмоқда [81].
Охирги 30 йил давомида ўтлоқ ерларда ўсимлик қопламлари ҳолатининг яхшиланиши ботқоқланиш ва эрозияга қарши қаратилган чораларнинг кучайтирилиши натижасида чўлланиш жараёни барқарорлашди. 80 йилнинг ўрталарида АҚШ суғорма ерларининг 25 %и шўрланишга юз тутган эди. Канадада шўрланишга юз тутаётган 15 % ердан 2 %и қишлоқ хўжалиги ери ҳисобланади [82].
Шунингдек, Хитойнинг шимолий қисмида чанг бўронлари сабабли ерларнинг ҳолати бузилиб йилига 1300 км кв. ер майдонлари яроқсиз ҳолга келиб қолади. Чўлланиш жараёни 400 млн. аҳолига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Хитойнинг чангли бўронларидан шуннингдек, Корея ва Япониялар ҳам азият чекишади. Чўлланиш жараёни Хитойнинг 2,6 млн.кв.км майдонига ёки 28% ҳудудига ўз таъсирини ўтказади.
Бундай экологик ҳолатнинг олдини олиш учун Хитой халқ республикаси томонидан «Хитойнинг Буюк яшил девори» лойиҳаси Гоби саҳроси ҳудудига дарахт ўтказиб, у ерни 2050 йилгача тўлиқ ўрмонга айлантиришдан иборат.
Хитой бу лойиҳани 1978 йилда бошлаган ва унга 9,9 миллиард доллар пул ажратган.
Лойиҳа 1978-2000, 2001-2020 ва 2021-2050 йилларга мўлжалланган
3 босқичда давом этади. 2021 йил охиригача Гоби саҳросининг қарийб
60 фоизини ўрмонлаштириш режа қилинган.
Маълумотларга кўра, Хитойнинг сунъий ўрмони 2009 йил ҳолатига кўра, 12 фоиздан 18 фоизга ўсган. Бу – Ер юзидаги инсон таъсирида яратилган энг катта ўрмон ҳисобланади[97].
Чўлга қарши кураш ва кўпроқ дарахтларни кўпайтириш мақсадида Хитой тупроқ кам ҳудудларга тепадан уруғ экиш ва кўпроқ қурғоқчил бўлган ҳудудларга дарахт ва буталар экиш учун фермерларга маблағ ажратяпти. Бироқ бу Хитойда яна бир муаммони келтириб чиқараётгани айтиляпти. Aгар саҳрога экилган дарахтлар илдиз отиб, ҳудудга мослашадиган бўлса, бу тупроқ таркибидаги намлик камайишига олиб келади. Чунки ўрмондаги сув ернинг бошқа ҳудудларига қараганда кўпроқ буғланади.
2050 йилгача давом этиши кўзда тутилган яшил девор дастури ишга туширилган. Дастурга асосан мамлакатнинг 350 000 км.кв. майдони, яъни Германияга тенг ҳудуди кўкаламзорлаштирилади. Биргина 2018 йилда Ирландия ҳудуди (70,3 минг км2)га тенг бўлган ҳудудга дарахтлар экилган [84].
Кўкаламзорлаштириладиган ерларга дарахт, бута ва ўсимликлар экиш кўзда тутилган бўлиб, у Хитойнинг 13 вилояти орқали 100 км кенгликда
4500 км узунликда бўлади. Ушбу яшил девор чангнинг кўтарилиши
ва қумларнинг силжишига тўсқинлик қилади. Тупроқ эрозиясининг олди олинади[83]. Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган, катталиги жиҳатидан 4-ўринда турувчи, 42,2 км.кв. майдонга эга бўлган Му-Ус чўлида 1959 йилдан буён кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳудудда жойлашган Юйлинь шаҳри қумли бўронлар сабабли уч марта жанубга томон сурилган бўлса. Ҳозирги кунда бу ерда қум бўронлари барҳам топиб дарахталар экинлган майдонлар шимолга 400 км масофага чўзилган. Агар 1950 йилда чўлнинг яшил ҳудуди 0,9 %ни ташкил қлган бўлса, ҳозирги кунда бу ҳудуд 33%га етган. Бундан ташқари бу жойларда буғдой етиштириш ҳам бошланган (1950 йилдаги 100 кг ўрнига 1000 кг) [84].
Б ундан ташқари Хитойнинг Ички мўғулистон қисмида жойлашган Кузупчи чўлида 1988 йилда чўлни кўкаламзорлаштириш ишлари бошланган. 18 000 кв.км. майдонни эгаллаган чўлда ҳар йили 34 000 га ерга ҳар хил турдаги дарахтлар экилади. Натижада ҳозирги кунга келиб чўлнинг 6 000 кв. км. қисми кўкаламзорлаштирилган [69].
Do'stlaringiz bilan baham: |