Тиббий хизмат кўрсатувчиларга ҳақ тўлаш тизими
Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш учун маблағлар бир неча молия механизмлари орқали тўпланар экан, мутахассислар бу маблағларни корхона ва муассасалар, шунингдек тиббиёт ходимлари ўртасида тақсимлаш муаммосига дуч келадилар.
Барча даражаларда ресурсларни тақсимлаш усуллари турлича бўлиши ва турли мувофиқликда бўлиши мумкин. Соғлиқни сақлаш бирламчи бўғини раҳбарлари учун энг муҳими тиббиёт муассасаларига ресурсларни бериш ва ходимларга иш ҳақи тўлаш механизмларини билиш ҳисобланади. Бу икки ҳаракат умумий белгига эга – улар соғлиқни сақлаш муассасаси ва ходимларини фаолият кўрсатиш эвазига маблағ билан таъминлаш масаласини қамраб олади. Шунинг учун улар кўп ҳолларда биргина меҳнатга ҳақ тўлаш тамойилига бўйсунади. Баъзи ҳолларда фондларни ўтказиш ва ҳақ тўлаш бир ҳаракатга бирлашади. Масалан, мустақил амалиёт ўтаётган шифокор фаолиятига ҳақ тўлаш.
Хизматга ҳақ тўлаш – бу ходим ёки муассаса аниқ бирон-бир тиббий хизматни кўрсатгандаги харажатларни қоплашдир (масалан, шифокорга мурожаат этиш, ташхис текширишлари, жарроҳлик муолажаси). Хизматга ҳақ тўлаш тамойили муассасага ресурслар беришда, ҳам ходимга ҳақ тўлашда қўлланилиши мумкин.
Ташхис асосида тўлов ёки ташхис гуруҳлари бўйича тўлов (клиник-ташхис ёки клиник-статистик гуруҳлар) – бу шундай механизмки, бунда тиббиёт муассасаси муайян касалга чалинган беморни даволаганлиги учун олдиндан белгиланган, қайд этилган тўлов суммасини олади (масалан, юрак ҳасталиги, шамоллаш, суякнинг очиқ синиши). Ҳар бир ташхис гуруҳи учун тўлов олдиндан белгиланади. У одатда шундай ташхис қўйилган беморларни даволашга кетган ўртача харажатларга тенг бўлади ва беморга кўрсатилган ҳақиқий хизматга нисбатан ўзгармайди. Шунинг учун тиббиёт муассасалари даволаш харажатлари билан боғлиқ муайян таваккални бўйнига олади – агар муайян ташхис қўйилган беморни даволаш ҳақиқий харажатлари ўрнатилган тўлов ставкасидан юқори бўлса, қўшимча харажатларни муассаса қоплаши керак.
Жон бошига қараб ҳақ тўлаш – тўловнинг шундай усулики, бунинг воситасида муассаса ҳар бир вақт даври учун (ой, йил) тегишли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаши керак бўлган, ҳар бир бириктирилган беморга олдиндан белгиланган қайд этилган суммани олади. Жон бошига тўлов муассасани молиялаштиришда, ҳам ходимларга ҳақ тўлашда қўлланилиши мумкин. Ҳар бир кишига ажратилган пул суммаси олдиндан белгиланади ва бу сумма давр мобайнида кишига кўрсатилган тиббий хизматнинг ҳақиқий қийматидан қатъий назар ўзгармайди.
Глобал бюджет – бу молиялаштиришнинг шундай механизмики, унда тиббиёт муассасаси белгиланган давр учун умумий бюджетни олади. Глобал бюджет фақат фондларни ўтказилиши учун ишлатилиши мумкин ва турли тамойиллар асосида белгиланади, масалан, бир неча йиллардаги харажатларга қараб, кўрсатилаётган хизмат ҳажмига қараб, хизмат кўрсатиладиган аҳоли сонига қараб ва ҳ.к. Глобал бюджет, масалан, муассасага бириктирилган барча одамлар жон бошига тўловларини суммаси кўринишида белгиланиши мумкин, яъни жон бошига молиялаштириш асосида.
Моддалар бўйича бюджет глобал бюджетнинг кўринишларидан бири ҳисобланади. Моддалар бўйича бюджет деганда, тиббиёт муассасаларига харажатларнинг маълум моддалари ( иш ҳақи, коммунал харажатлар, дори-дармонлар ва боғлама материаллар, жорий таъмирлаш ва бошқалар) бўйича бериладиган бюджет тушунилади. Молиялаштириш даражаси аввалги йил кўрсаткичлари бўйича инфляцияга мосланган баъзи тузатишлар билан аниқланади.
Маош – тиббиёт ходимини муайян жойда ва муайян вақтда тиббий хизмат кўрсатиши бўйича маълум мажбуриятларни бажарганлиги учун олдиндан белгиланган пул суммаси.
Вақтбай тўлов – тўловнинг шундай механизмики, унга кўра тиббий ходим муассасада ишлаган ҳар бир соати учун олдиндан белгиланган суммани олади.
У ёки бу ҳақ тўлаш механизмини (усулини, йўлини) танлаш амалга оширилаётганда, бу механизм тиббиёт муассасаларини ва ходимларни яхшироқ ишлаш ва ўз ишларидаги камчиликларга жавобгарлигини ҳис этишини қанчалик рағбатлантиришига эътибор берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |