Бюджет тизимига раҳбарлик қилиш. Ўзбекистон Республикаси бюджет тизимига раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг бюджет таснифи. Давлат бюджети ижросида қатнашувчи ҳамма ташкилотларда давлат бюджетининг даромадлари ва харажатларини ҳисобга олиш асосида бюджет таснифи ётади. Бюджет таснифи Давлат бюджетини тузиш, кўриб чиқиш, қабул қилиш ҳамда ижро этиш мақсадида бюджет маълумотларини тизимга солиш учун фойдаланиш ва у бюджет маълумотлари халқаро тасниф тизимларининг айнан шундай маълумотлари билан қиёсланишини таъминлаш мақсадида Давлат бюджети тузилмасига кирувчи бюджетлар даромадлари ва харажатларини, шунингдек уларнинг тақчиллигини молиялаштириш манбаларини гуруҳлаш ҳисобланади. Бюджет таснифи ҳамма бюджетларни ягона давлат бюджетига жамлаш имкониятини яратадиган асосий ташкилий функцияни амалга оширувчи ҳужжат бўлибгина қолмасдан, у катта иқтисодий аҳамиятга ҳам эгадир. Таснифда Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари бир хил аломатлари бўйича гуруҳлаштирилади ва унинг бўлинмалари деб юритилади. Бўлимлар, параграфлар, боблар ва моддалар бюджет таснифи бўлинмалари деб ҳисобланади.
Бюджет таснифи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Ҳамма даражадаги бюджетлар ягона бюджет таснифи кўрсаткичлари доирасида шакллантирилади ва ижро этилади, яъни тасниф объектларига берилган гуруҳлаштириш кодлари бўйича даромадлар ва харажатлар гуруҳлаштирилади.
Бюджет таснифи:
Бюджет даромадларининг таснифини;
Бюджет харажатларининг вазифа жиҳатидан таснифини;
Бюджет харажатларининг ташкилий таснифини;
Бюджет харажатларининг иқтисодий таснифини;
Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш манбалари таснифини ўз ичига олади.
Давлат бюджети даромадларининг таснифи деганда уларни турлари ва манбалари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ гуруҳлаштириш тушунилади. Давлат бюджети харажатларининг вазифа жиҳатидан таснифи деганда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек бошқа бюджет ташкилотлари томонидан ижро этиладиган асосий вазифалар бўйича харажатларни гуруҳлаштириш тушунилади. Давлат бюджети харажатларининг ташкилий таснифи деганда бюджетдан ажратиладиган маблағлар уларни бевосита олувчилар ўртасида тақсимланишини акс эттирувчи хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбирлар турлари бўйича харажатларни гуруҳлаштириш тушунилади. Давлат бюджети харажатларининг иқтисодий таснифи деганда тўловларнинг иқтисодий вазифаси ва турлари бўйича харажатларни гуруҳлаштириш тушунилади. Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш манбалари таснифи деганда Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштиришнинг манбаларини молиялаштиришнинг ички ва ташқи манбалари бўйича гуруҳлаштириш тушунилади. Бюджет тақчиллиги деганда муайян даврда бюджет харажатларининг бюджет даромадларидан ортиқ бўлган суммаси тушунилади.