Метафизика – (юнонча). Бу термин дастлаб милоддан аввалги I асрда Аристотелнинг издоши Родослик Андроник томонидан ишлатилган. У Аристотелнинг “Ақл билан ишлаш мумкин бўлган борлиқ асослари” тўғрисидаги асарини “Метафизика” – “Физикадан кейинги” деб атаган.
Метафизика диалектикага зид фалсафий методдир. Воқеликдаги ҳодисаларни ўзгармас, бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда деб талқин этади, уларнинг ривожланиш манбаи бўлган ички қарама-қаршиликларни инкор қилади.
Илмий билишнинг асосий мақсади, табиатдаги нарса ва ҳодисалар моҳиятини билишдан иборат. Шунинг учун ҳам, нарсаларни ўрганишда метафизик усул дастлаб табиатшунослик заминида таркиб топа бошлаган. Софистик тафаккурга қарши ўлароқ вужудга келган метафизик усул фан ривожланиши тарихида ўзига яраша ижобий роль ўйнаган. Табиатшунослик йиғма, тўпловчи фан сифатида кўринган даврларда буюмларни ўрганиш методи бўлган метафизика мавжуд воқеликка алоҳида олинган нарсалар ҳақидаги жуда кўп аниқ материалларни тўплашда олимларга ёрдам беради.
Метафизик тафаккур услубининг асосий камчилиги шундан иборатки, табиатдаги нарса ва ҳодисаларни бир-бири билан ўзаро боғлиқликда, уларнинг узлуксиз ўзгариш ва ривожланишда эканлигини кўра билмаслиги ва кўришини ҳам истамаслигидир. Метафизик бир-бирига алоқаси бўлмаган қарама-қаршиликлар воситаси билан фикр қилади, унинг сўзи “ҳа-ҳа, йўқ-йўқ”. Унинг назарида буюм ё мавжуддир, ёки мавжуд эмасдир ҳамда бир буюм айни замонда шу буюмнинг ўзи, яна бошқача нарса бўлолмайди.
Бундай йўл билан тушуниш, кундалик, одатдаги турмуш тарзига маълум даражада мувофиқ келсада, ҳақиқий илмий билишда эса номувофиқ, ғайри илмийдир, чунки бизни ўраб турган воқеликда ҳар бир нарса воқеликдаги бошқа нарсалар билан ўзаро чамбарчас боғланган. Улар узлуксиз ҳаракатда, ўзгаришда, ривожланишдадир.
Фалсафий тафаккур усулига айланган метафизика бироз кенг маънода, яъни диалектикага зид усул сифатида қўлланила бошлайди.
Эклектика (эклетизм) – (юнонча) турли, кўпинча қарама-қарши принцип, қараш, назария, бадиий элемент ва шу кабиларни механик равишда қўшиб юбориш. Архитектура ва тасвирий санъатда турли услубий элементлар бирикмаси ёки бинолар, буюмлар бадиий безаги учун ўринсиз равишда мазмунан номуносиб бўлган мақсадларда ишлатиладиган услубий безаклардан фойдаланиш. Масалан, ХIХ аср архитектура ва бадиий санъатида тарихий услубларни қўллаш.
Эклектик тарзда фикрловчи кишилар ғоя, қарашларнинг яхлит системасини тузишдан воз кечиб, ҳар хил назария, баҳо, ғояларни пала-партиш, аралаштириб юборадилар.
Демак, эклектика кенг тарқалган тафаккур услубларидан бири бўлиб, у билиш ва илмий билишда муҳим ва муҳим бўлмаган, асосий ва иккинчи даражали боғланишлар ўртасидаги фарқни ҳисобга олмайдиган, нарсаларнинг турли-туман, кўпинча қарама-қарши томонларини, тамойилсиз қўшиб юборадиган методологик услубдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |