БЎРИ
Қадимги турк афсоналарига қараганда, Ашина қабиласидан бўлган ёш гўдакни бўри эмизиб катта қилган. Шунинг учун ҳам Евразия воҳаларидаги туркларнинг кўк байроғини бўрининг олтиндан ясалган боши безаб турган. Бўрининг мўъжизавий илоҳий кучига ишонч шу кунларгача сақланиб қолган. Яқин-яқингача айрим тоғда яшовчи тожиклар орасида ўлдирилган бўрининг жинсий аъзосидан тумор ясаб, бўйинга осиб юрилса, эркак кишининг аёллар орасида обрў-эътибори баланд бўлади деган тасаввур ёйилган. Андижон вилоятида яшовчи қипчоклар орасида аёллар кўзи ёришини енгиллатиш мақсадида унга қуритилган бўри юрагидан беришган.
ОТ
Отга сиғиниш туркий халқлар орасида қадимдан мавжуд бўлган. Буни Жанубий Қирғизистон тоғларидаги (Аравон, Айирмоч-Тоғ) қояларга битилган отлар тасвирида кўришимиз мумкин. Тасвирлар тагида ҳайвонларни қурбонликка келтириб, шам ёқиш учун токчалар ясалган. Отнинг муқаддаслиги ҳақидаги тушунча нафақат даштларда яшовчи қабила ва элатларда, балки дехқончилик билан шуғулланувчи ўтроқ аҳоли орасида ҳам кенг тарқалган. Бронза даврида ясалган ҳанжарларнинг дастакларида отларнинг тасвирлари туширилган. Илк тош даврида маййитларни отлар билан бирга дафн этиш одатлари кенг тус олган. Бу айниқса Ўрта Осиё ҳудудларида кенг тарқалган. Отни муқаддаслаштириш исломий асотирларга ҳам кириб келган. Ўратепа (Тожикистон), Аравон (Жанубий Қирғизистон)да халифа Алининг афсонавий оти Дулдулнинг тошдаги туёқ излари муқаддас саналади. XIX асрда қозоқ қабилалари орасида вафот қилган кишининг маъракаларидан кейин марҳумнинг қурбон келтирилган севикли отининг бош суяги қабр ёдгорлиги ёнига қўйилган. Ҳозир ҳам ушбу халқлар орасида марҳумнинг маъракасига сўйилган отнинг бош суяги қабр тепасига ташлаб кетилади. От танасининг бошқа қисмлари ҳам айниқса ҳарбийлар орасида эъзозланган. Турклар қўшинлари юришлари давомида жониворнинг думи аламдор қўлида ялов сифатида олиб юрилган.
ҚОРА МОЛ
Қадимги Авесто матнларида муқаддас ҳўкиз тимсоли тасвирланиб, унинг танасидан ҳар хил бошоқли экинлар ва шифобахш гиёҳлар, уруғидан эса фойдали жониворларнинг барча турлари тарқалганлиги ҳақида сўз юритилади. Ғарбий Туркманистон ҳудудларида қадимги замонларда ясалган қора мол ҳайкалчалари учрайди. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида бронза ва илк темир даврларида қоятошларга битилган ҳўкиз тасвирлари сақланиб қолган.
ҚУШЛАР
Ривоятларга кўра, ўзларини Ўғизхон авлодлари деб ҳисоблаган ўғиз-ғузлар ёки туркий ўғизлар ёмонликлардан асровчи боболар тимсолини қушларда кўришган. Қирғий, бургут, лочин, қарчиғай каби қушлар қабила аъзоларига барака ва бахт олиб келувчи муқаддас жонзод ҳисобланиб, уларни отиш қатъиян ман этилган.
Туркларда сув қушлари коинотнинг турли қисмлари – осмон, ер ва сув орасидаги воситачи ҳисобланган. Қарғалидан топилган шаман аёлнинг бош кийимини (эрамизгача булган II аср – эрамизнинг I асри) ғоз ва оққуш патлари безаб турган. Қирғизистонда Сўн-кўл атрофидаги қоятошларга ўйиб ишланган сувда сузувчи қушлар (балким ғозлар) галаси тасвири туширилган. Қозоқ ва қирғиз халқлари асотирларида муқаддас Умай қуш қиёфасида тасвирланади. Финн-угор халқларининг қадимги турк қабилалари билан мустаҳкам тарихий алоқалари ҳар иккала халқнинг бир хилдаги қушларни муқаддас деб билишларида кўринади.
Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман халқлари қадимдан шу пайтгача укки, бойўғли, бургут ва лочин патларининг муқаддас кучига ишонадилар. Шу сабабли кичик ёшдаги ўғил болалар ва қизчаларнинг бош кийимлари, бешик ва беланчакларини қушлар пати билан безайдилар. Ўрта Осиё ўтроқ халқлари орасида қирғовул, товус, хўроз муқаддас қушлар деб саналган.
Do'stlaringiz bilan baham: |