75-модда. Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг ишини мувофиқлаштиришни амалга оширади.
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг иштирокчилари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши;
тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, бирлашмалар, компаниялар ва ташкилотлар томонидан тузиладиган касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари;
ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси;
касбга ўқитиш марказлари;
малакани баҳолаш марказлари;
иш берувчилар;
ходимлар ва касбий малакаси, билими ва кўникмаларини баҳолашдан ўтишни хоҳловчи шахслар.
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимида иштирок этиш ихтиёрийдир.
76-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади):
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими бошқа иштирокчиларининг малака ва билимларини баҳолашга доир фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширади;
халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда Касбий билимларни ривожлантириш миллий тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан касбга ўқитиш марказларини ва малакани баҳолаш марказларини аккредитация қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беради;
касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашларини ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
малакани баҳолаш марказларининг малакани баҳолаш усулларини ишлаб чиқишга доир фаолиятини мувофиқлаштиради;
малакани баҳолаш марказлари фаолияти устидан назоратни ва мониторингни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига малакани баҳолаш марказларини аккредитация қилиш бўйича тавсиялар, таклифлар киритади.
Республика кенгаши таркибига давлат бошқаруви органларининг, хўжалик бирлашмаларининг, компанияларнинг, ассоциацияларнинг, ташкилотларнинг, касаба уюшмаларининг (улар бирлашмаларининг) ҳамда илмий ҳамжамиятнинг вакиллари киради.
Республика кенгаши таркибига чет эллик экспертлар ҳамда чет эл компанияларининг ва Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳам кириши мумкин.
Республика кенгаши аъзолари унинг фаолиятида жамоатчилик асосида иштирок этади. Республика кенгаши экспертларни, шу жумладан хорижлик экспертларни шартнома асосида жалб қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тўғрисидаги низом ҳамда унинг фаолияти Регламенти Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланади.
Республика кенгаши фаолиятининг молиявий таъминоти Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Республика кенгашининг ишчи органи вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли бўлинмаси бажаради.