71-модда. Ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш
Ишлаб чиқаришда касбга ўқитиш ўқув жараёнини бевосита иш берувчида ташкил этиш орқали амалга оширилади.
Иш берувчи касбга тайёрлашни (стажировкани) ўтказиш учун масъул бўлган шахсларни белгилайди, ўқув дастурини, шунингдек касбга тайёрлаш (стажировка) ўтказиладиган жойни тасдиқлайди.
72-модда. Мақсадли ўқитиш
Мақсадли ўқитиш кадрларни мақсадли тайёрлашдан манфаатдор бўлган давлат бошқаруви органининг, хўжалик бирлашмасининг ёки ташкилотнинг буюртмасига кўра амалга оширилади.
73-модда. Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даврида стипендиялар тўлаш
Касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида ишсиз шахсларга Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан, қоида тариқасида, йигирма олти календарь ҳафтагача бўлган муддатга стипендия тўланади.
Стипендия ишсиз шахсларга қуйидаги миқдорларда тўланади:
ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) охирги ўн икки ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан кўп бўлмаган миқдорда;
узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида;
биринчи марта иш қидираётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етмиш беш фоизи миқдорида.
Стипендияларни тўлаш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Стипендиялар тўлаш тўғрисидаги маълумотлар «Бандлик хизмати» ахборот тизимида ва сўровномада кўрсатилади.
Стипендия иш қидираётган, маҳаллий меҳнат органлари томонидан қисқа муддатли ўқитишга юборилган шахсларга тўланмайди.
14-боб. Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизими
74-модда. Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг асосий вазифалари
Касбий малака ва билимларни ривожлантириш миллий тизимининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
касбга ўқитишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш;
малакани баҳолаш марказлари фаолиятини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг касбий малакасини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш;
малакани баҳолаш марказлари томонидан малака паспорти берилишини таъминлаш;
Тасдиқланган малакага эга бўлган шахсларнинг миллий реестрини яратиш ва унинг амал қилишини таъминлаш;
банд бўлмаган аҳоли ўртасида малакани тасдиқлашнинг фойдаси ва афзалликларини тушунтириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |