52-модда. Ишсизлик нафақасининг миқдори Ишсизлик нафақаси ишсиз шахснинг аввалги иш жойидаги охирги бир йилдаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоизда белгиланади.
Ишсизлик нафақалари қуйидаги миқдорларда тўланади:
ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) сўнгги ўн икки ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ҳамда узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида;
илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсларга — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида етмиш беш фоизи миқдорида.
Ҳарбий хизматдан, ички ишлар органларидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси органларидан ва бошқа ҳарбий хизмат назарда тутилган идоралардан бўшатилиши муносабати билан иш ҳақидан маҳрум бўлган шахслар ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган шартлар асосида ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ошганда ишсизлик нафақасининг миқдори ошириш коэффициентига тенг миқдорда кўпаяди.
Ҳар ой учун (шу жумладан ишсизлик нафақаси тўланадиган тўлиқсиз ойлар учун) ишсизлик нафақаси миқдори тўғрисидаги маълумотлар «Бандлик хизмати» ахборот тизимида акс эттирилади.
53-модда. Ташкилотлардан бўшатилган шахсларга ишсизлик нафақаси тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари Ушбу Қонун 49-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган асослар бўйича ташкилотлардан бўшатилган шахслар учун, агар улар меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтган бўлса, белгиланган уч ойлик муддат тугаганидан кейин биринчи кундан эътиборан ишсизлик нафақаси ҳисобланади.
Агар ушбу Қонун 49-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган асослар бўйича ташкилотдан бўшатилган шахс меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ўттиз календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатдан ўтмаган, лекин унга уч ойлик давр тугаганидан кейин маҳаллий меҳнат органи томонидан мақбул келадиган иш берилмаган бўлса, у ишсиз шахс мақомига эга бўлади ҳамда унга меҳнат шартномаси бекор қилинган санадан кейин камида икки ой муддат ўтгач ишсизлик нафақаси ҳисобланади. Ишдан бўшатилаётган шахс мақбул ишга доир иккита таклифни рад этган тақдирда, у ишсиз шахс мақомига эга бўлмайди ва ўттиз календарь кундан сўнг умумий асосларда иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинади.