2.4.1. Ёғоч тўсинли қаватлараро ора ёпмалар
Ёғоч маҳаллий қурилиш материали ҳисобланган раёнларда кам қаватли бино қурилишида ёғочли қаватлараро ора ёпмалар ишлатилади. Ора ёпманинг бу тури оддий ва арзон ҳисобланади. Бундай ора ёпмаларнинг камчилиги ёнувчанлиги, чиришга мойиллиги ва унчалик мустаҳкам эмаслигидадир.
2.33-расм. Ёғоч тўсинли қаватлараро ора ёпма конструксияси:
1 – 40х50 мм кесимли ёғоч ғўла; 2 – тўсин; 3 – паркет; 4 – остки пол; 5 – лага;
6 – қуруқ сувоқ; 7– накат (ёнма-ён қоқилган тахта); 8 – лой қатлам; 9 – изолация қуми.
Ёғоч ора ёпмалар кўтарувчи ёғоч констурксия – тўсиндан, тўсин оралиғи тўлдиргичларидан, пол конструксиясидан ва шип пардоз қатламидан иборат бўлади. Тўсинлар кўпинча кесими тўғри бурчакли ғўла шаклида тайёрланади. Кўпинча тўсин қалинлиги 180, 150, 180 ва 200 мм, эни 75 ва 100 мм га тенг қилиб олинади. Ёғоч тўсинлар оралиғи одатда 600 мм дан 1000 мм гача олинади (2.33-расм).
Тўсинлар ораси тўлдиргичларининг таяниши учун тўсиннинг ён томонларига кўндаланг кесими 40х50 мм бўлган ёғоч ғўлалар қоқилади. Тўсин учлари ғишт деворлардаги махсус қолдирилган токчаларга 150-180 мм узунликда илинтирилади. Бунда тўсин учи ғишт деворларга тегиб турмаслиги ва намлиги қуриши учун 30 мм кенгликга тирқиш қолдирилади. Тўсин учига чиришга қарши 3% ли натрий фторид эритмаси шимдирилади ва ён томонига иссиқ битум ёрдамида 2 қават тол елимланади. Бикирлик ва устиворликни ошириш мақсадида тўсин учлари ташқи кўтарувчи деворга анкерлар ёрдамида маҳкамланади. Бундай пўлат анкер бир учи билан тўсинга махкамланиб, иккинчи учи эса деворни теришда ғишт орасида қолдириб юборилади (2.34-расм).
2.34-расм. Ёғоч тўсинларни ғиштин деворга илинтириш.
1 – тўсиннинг чиришга қарши ишлов берилган қисми;
2 – анкер;
3 – лой билан тўлдирилган қисми;
4 – сақич (битум) билан 2 қават руброид ёпиштирилган қисми;
5 –мих;
6 – икки қават тол;
7 – пўлат накладка (50-60мм).
Ички деворга илинган тўсинлар орасидаги тирқиш ёнғинга қарши ва товуш ўтказмайдиган бўлиши учун қоришма билан тўлдирилади.
Тўсинлар оралиғидаги ёнма-ён қоқилган тахта (накат) устидан 20-30 мм қалинликда қум-тупроқ қоришмаси ёзиб чиқилади ва устидан товуш ўтказмайдиган шлак қуми билан тўлдирилади. Чордов ва подвал усти қаватлар ора ёпмаси устидан иссиқлик ўтказмайдиган шағал (керамзит, шлак ва б.) тўкилади. Унинг қалинлиги теплотехник ҳисоблар ёрдамида аниқланади.
Ёғоч қаватлараро ора ёпма устидан ўрнатилган пол конструксияси (лага) оралиқлари 600-700 мм бўлиб, тўсинга кўндаланг ётқизилади ва уларга рандалаб текисланган шпунтли тахталардан тўшама михлар ёрдамида қотирилади.
Агар пол паркетли бўлса, у холда тахта тўшама рандаланмаган тахталардан иборат бўлади. Лага хонанинг пол ости қисмида хаво қатлами ҳосил қилиб, у хона бурчагида жойлашган вентилация тешиги орқали хона хавоси билан қўшилиб туради. Кўпчилик холларда қаватлараро ёпма қалинлигини камайтириш учун лагалар қўйилмасдан, пол тўғридан-тўғри кўтарувчи тўсинларга қўйилади, аммо бундай холларда товуш изолацияси ёмонлашади.
Ёғоч қаватлараро ёпманинг остки сатхини, яъни хона шипини пардозлашда қуруқ сувоқ листлар қопланади ёки сиртига резги тахталар қоқилиб, сўнг сувоқ қилинади. Шу мақсадда кўпинча охак-гипс қоришмаси ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |