III БОБ
Диннинг келиб чиқиши. Ибтидоий жамиятдаги
динлар. Политеизм
§ 1
Диннинг келиб чиқиши
Юқорида айтиб ўтилганидек, «Диншунослик асослари» динларнинг тарихини ҳам баён этади. Аввалги мавзуда диннинг моҳияти кўрсатиб ўтилди. Фалсафий жиҳатдан ҳар қандай ҳодиса ўзининг сабабларига эга бўлиб, маконда рўй беради. Дин ва унинг тарихи ҳам бу назарий қоидага бўйсинади. Диннинг дунёвий илмий изоҳига кўра, у ерда пайдо бўлган. Одамлар ҳаёти билан боғланган, жамиятда амал қилади, кишилик тарихи билан алоқада яшайди. Диннинг турли тарихий шакллари мавжуд.
Турли диний манбаларда дин азалдан мавжуд бўлиб келган, худо эса ҳамма нарсаларни: осмон ва Ерни, коинотни, барча одамларни, мўъжизавий йўқликдан бор қилиб яратгани айтилган. Демак, диннинг тарихи жамият тарихидан аввал бошланган, деган хулоса келиб чиқади.
Илмий адабиётларда кўрсатилишича, диннинг тарихи 50-40 минг йилдан кўп эмас, жамиятнинг тарихи эса 3 миллион йилдан зиёд. Демак, у тарихий ҳодиса, дин ибтидоий жамиятнинг қуйи босқичида келиб чиққан. Биз бу иккинчи қарашни анализ қилсак, диннинг пайдо бўлишидан дарак берадиган археологик ва этнографик ашёвий далилларга мурожаат этмоғимиз керак. Археология фани одамлар яшаган турли тарихий даврларда ер остида қолиб кетган қадимий манзилгоҳларни ковлаб топади, улардан уй-рўзғорга, зеб-зийнатга, иш қуролларига , кийим кечакларга, меъморчиликка, санъатга оид турли буюмлар, ноёб топилмаларни аниқлайди-лар, баъзан кўҳна қабрлардан дафн қилиш қоидалари, қабрдаги жасад ёнида ов қуроллари, еб-ичиш идишлари, тақинчоқларга ҳам дуч келинган, баъзан эса қуш ва ҳайвон-ларнинг, афсонавий маҳлуқларнинг, фаришта, маъбудаларнинг ҳайкаллари, турли нарсалардан ясалган шакллари, ниқоблар топилганки, уларнинг айримлари диний мазмунга эга бўладилар. Масалан, Наманган вилоятининг Поп шаҳридаги «мунчоқли тепа» деган қадимги манзилгоҳдан 1984 йилда археологлар бир нечта қабр топдилар. Жасадлар эрамиздан аввалги II-I асрларга оид бўлиб, улар ов қуроллари, овқат идишлари, зеб-зийнат буюмлари билан бирга дафн этилгани маълум бўлди. Демак ўша даврларда одамлар «у дунё»да қайта тирилишга, унда яна яшашларига ишонганлар, яъни ўша даврдаги кишиларда диний онг мавжуд бўлган.
Этнография фани уруғ-қабилалар, элат ва миллатларга хос бўлган турли урф-одатлар, расм-русумлар, маросимий удумларни, улардаги тартиб-қоидаларни, этнографик жиҳатдан аҳамиятга эга бўлган кийимлар, рақс ва қўшиқлар, юз ниқоблари, озиқ-овқат турларини ўрганади. Ушбу фан ҳам диний урф-одатларга оид кўпгина маълумотлар тўплаган.
Дин жамият ҳаётидаги меҳнатнинг овчилик, чорвачилик, деҳқончилик, ҳунармандчилик каби тарихий турлари, одамларнинг касб-кори билан боғлиқ ҳолда ҳам шаклланиб борган. Пирга сиғиниш шу тариқа пайдо бўлган. Оиланинг ҳомийси ҳисобланган маъбудаларга сиғиниш рўй берган. Омад ҳомийси Фортуна, бахт келтирувчи Хизр тўғрисидаги ривоятлар ҳам ана шундай вужудга келган, Ўтиб кетган авлодлар руҳига сиғиниш энг қадимги диний тасаввурлардан ҳисобланади.
Ишлаб чиқаришнинг пастлиги, меҳнат қуролларининг ни-ҳоятда соддалиги, дунё тўғрисида, ҳатто одамнинг ўз анато-мияси ва физиологияси, руҳий ҳолатлари тўғрисидаги билимларнинг камлиги кишиларнинг табиат кучларига тўла қарамлиги, улар олдида қўрқув, ожизлик, ибтидоий кишилар онгида турли-туман афсонавий диний тасаввурларни келтириб чиқарган.
Одам ўз ожизлигини сезгач, ўз аҳволини англаб етган вақтдагина, шу ночорликни енгиб ўтишга мададкор илоҳий кучларга эҳтиёжни ҳис-туйғусида сезиб олгачгина дин келиб чиққан.
Атрофдаги барча нарсалар турфа рангларга, хосса-хусусиятга, мукаммалликка эга бўлишдан ташқари, йил фасллари, тун ва куннинг ранг-баранг тарзда намоён бўлиши, ой шаклларининг ўзгариши, юлдузларнинг тун бағрида гўзал ярқираб туриши, уларнинг ҳар хил шаклларда кўриниши, осмоний жисмларнинг учиб юриши, ўсимлик ва ҳайвонларнинг чиройли қиёфаларда мавжуд бўлиб яшаши, вулқонларнинг отилиши, ер бағрида маъданли шифобахш сувларнинг чиқиб туришлари, одамнинг кўриш, эшитиш, там, маза, ҳидларни ажратиш каби сезги аъзоларининг мутаносиб тарзда мавжуд бўлиши, одамнинг тушида ғаройиб вокеаларни кўриши каби ҳолатларни диний адабиётда тўғридан-тўғри худонинг қудрати, ажойиб усталик билан яратиб қўйганига ишончли далиллардир, деб талқин этилади. Фанда эса булар табиий танланиш, яшаш учун курашда шаклланган табиий оддий объектив ҳодисалар деб ҳисобланади. Динларнинг келиб чиқиш тарихи ҳозиргача тўла, аниқ очилмаган илмий муаммолардан бири дейиш мум-кин.
Do'stlaringiz bilan baham: |