СЎНГГИ ЧОРАДАН ҚОЧИНГ
Ҳозир инсон оптимал соғликка эга бўлиш учун нималар қилиши (қилмаслиги) кераклиги ҳақида кўп ёзишмоқда. Бироқ, ҳар бир организм атроф-муҳитдан ўзига хос таъсирланишини унутмаслигимиз керак. Бир инсонга нафи теккан нарса, бошқа бировга зарар келтириши мумкин. Аввало, биз ўз-ўзимизга қулоқ тутишимиз керак. Иккинчидан, ҳар қандай сўнгги чора зарар эканлигини унутмаслик лозим. Бизга бир маромдаги ва оқилона ҳаёт тарзи даркор.
Масалан, битта маҳсулотни кўп-кўп егандан кўра, турли маҳсулотларни оз-оздан истеъмол қилган афзал. Маълум бир парҳезга узоқ вақт боғланиб қолмаслик керак. Кўпинча биз йиллар ўтгандан сўнггина у ёки бу овқатланиш тарзи мутлақо зарар бўлганини тушунамиз. Гап имкон қадар барча “ёмон” нарсалардан нарироқ юриш ҳақида бораётгани йўқ. Шунчаки, организмингиз яхши ва фойдали озиқланаётганини назорат қилиб туриш керак.
Организмимиз ўзи талаб қилган нарсалар ҳақида бизга аниқ сезиладиган сигналлар беради. Масалан, вақти-вақти билан маълум бир таомни истеъмол қилгимиз келиб қолади. Истагингизга қарши борманг, виждонингиз ҳам қийналмасин. Ҳар бир инсон ривожланишнинг маълум бир босқичлари ва даврларини ўз бошидан кечиради. Шунинг учун “яхши” ёки “ёмон” таом бўлмайди. Шунчаки ўз организмингизга қулоқ тутинг. У шу нарса кераклигини билади.
БИЗ КЎПИНЧА УНУТАДИГАН ПРИНЦИП
Ҳаёт инсонга ҳузур-ҳаловат бахш этиши керак. Турли тақиқ ва чекловларга чидаб тура олмаймиз. Бироқ, нима бўлганда ҳам баъзи бир асосий принципларга амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ўзингизни ҳис қилишингиз яхшиланади ва бу ҳаётдан баҳра олиш сезингизнинг ўткирлашишига хизмат қилади.
СЕКИН, ОЗ ВА ШОШИЛМАСДАН ЕНГ
Ҳаммамиз жуда кўп еймиз. Истеъмол қилинаётган озиқ-овқат миқдорини қисқартириш лозим. Бу фақат ортиқча вазнга эга бўлганларгагина тааллуқли эмас. Олимларнинг аниқлашича, кундалик озиқ-овқатларимизнинг учдан бир қисми билан қийналмасдан кифоялана олишимиз мумкин. Қолган учдан икки қисми бизнинг энергиямизнинг беҳудага сарфланишига сабаб бўлади, чунки биз овқат ҳазм қилишдан бошқа ҳеч нарсага бу қадар кўп энергия сарфламаймиз.
Шунинг учун камроқ, лекин секинроқ енг. Овқатни яхшилаб чайнаб, унинг мазасидан лаззатланинг. Доим ўтирган ҳолатда овқатланинг. Овқатланаётиб, ўқиманг, машина бошқарманг. Овқатланаётганингизда бутун диққат-эътиборингиз қабул қилинаётган таом ва ундан туяётган лаззатга қаратилган бўлиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |