4-боб. Ёшларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, беш муҳим ташаббусни рўёбга чиқариш ва унинг доирасидаги тадбирларни “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 53. Секторлар раҳбарлари, туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари томонидан Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, таълим муассасаларидаги ёшлар етакчилари билан биргаликда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича ташаббуслари, уларнинг эҳтиёжлари ва хоҳиш-истаклари ўрганилади ва Васийлик кенгашига тегишли тадбирларни молиялаштириш ҳақида таклиф киритилади.
5-боб. Ёшларни “Ёшлар дафтари”дан чиқариш тартиби 54. Ёшлар қуйидаги ҳолларда “Ёшлар дафтари”дан чиқарилади:
бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда;
тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатлар белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг ижара харажатлари қопланганда ёки мазкур фаолият учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилганда;
турар жой ижара компенсатсияси белгиланган тартибда тўлаб берилганда;
малакали тиббий хизмат кўрсатилганда;
тўлиқ давлат таъминотига олинганда;
аниқланган бошқа муаммолари қонуний ҳал этилганда;
ўз аризасига кўра;
“Ёшлар дафтари”га ноқонуний киритиш ҳолати аниқланганда;
бошқа давлатларга ишлаш ёки доимий яшаш учун чиқиб кетганда;
суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда;
аризачига кўмак бериш бўйича иш олиб бориш имконини бермайдиган бошқа ҳолатлар юзага келганда;
аризачи вафот этган тақдирда.
Иш берувчи томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлови ҳисобланганда ҳамда ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг марказлаштирилган ахборот базасида ва Ягона миллий меҳнат тизимида акс этган тақдирда иш билан бандлиги таъминланган деб ҳисобланади ва “Ёшлар дафтари”дан чиқариш учун асос бўлади.
Доимий ва вақтинча яшаш учун республиканинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтганда, доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмасдан “Ёшлар дафтари”га тегишли ўзгартиришлар киритилади.
55. Секторлар раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари мазкур Тартибнинг 54-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича “Ёшлар дафтари”дан чиқариш юзасидан таклифларни ҳар ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари муҳокамасига киритади.
56. “Ёшлар дафтари”дан ёшларни чиқариш халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.
57. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг қарори асосида “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар секторлар штаблари котиблари томонидан уч кундан ошмаган муддатда электрон платформага киритилади.
58. “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган ёшлар секторлар штаблари котиблари томонидан беш кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.