www.ziyouz.com kutubxonasi
72
— Давай! — «Соат ака» тағин ғўлдиради. — Ўзинг ҳал қил. Ё сен, ё қизинг...
— Қурбоной! — Бу онасининг овози эди. — Қурбоной! Кет! Кет бу ердан! Тезроқ!
Қурбоной кетиши кераклигини тушунди. Аммо қаёққа борсин ярим кечада? Кимникига
боради? Эшик олдида тураверди.
Ичкаридан яна ҳансираган товуш келди:
— Сочинг мунча узун, Поти? Айб ўзингда. Халқ душманига бало бормиди? Менга тегсанг-
ку... Менга қара, Поти... Йиғламагин... Ҳалиям бўлса кечмас... «Эрим халқ душмани эканини
билмагандим, воз кечаман», деб битта тилхат ёзсанг, газетада чиқарамиз. Кейин... Қизингни энг
яхши институтларда ўқитамиз, идрокли кўринади. Фотима, бўлди энди, йиғламагин...
Қизиқ, Қурбоной ҳеч нимани ўйлагиси келмасди. Энди оёқларидан муз ўтмас, совуқдан
елкалари титрамас, фақат уйқуси келарди. Шуурсиз бир алпозда айвон бурчагига борди.
Бошини муздек деворга босган кўйи уйқуга кетди. Туш кўрибди. Гуллаган олмазор эмиш. Қор
ёғиб турганмиш. Қорлар ёғиб-ёғиб олма шохларига қўнармиш-да, гулга айланиб қолармиш.
Қурбоной олма тагида ётган эмиш. Бир маҳал гуллаган олмазор орасидан дадаси чиқиб
келибди. Бошида янги дўппи, эгнида жужунча халат, шим эмиш. «Қурбоной, тур, жон қизим,
сени соғиниб кетдим-ку», дермиш. Қурбоной ўрнидан туриб дадасининг бағрига отилмоқчи
бўлармиш-у, қаддини ростлай деса, оёқ-қўли қимирламасмиш.
— Қурбоной! Турақол, жон қизим!
Билмайди, бу гапни тушида эшитдими, ўнгидами? Шуниси эсидаки, онаси — сочлари
тўзғиб кетган онаси қўлтиғидан кўтарганича судраб уйга олиб кирди. Сандал четига ётқизиб
оёқларини уқалади, устига кўрпа тортди.
— Чой ич, жон болам, чой ич! — деди йиғлаб. Қурбоной кўзларини ярим-ёрти очди. Шунда
аясининг қовоқлари шишиб кетганини ғира-шира кўрди. Тағин уйқу босди.
— Ухлайман, ая, — деди бемажол шивирлаб.
Онаси унинг бошини силади, узоқ силади. Кейин юзидан ўпди. Қурбоной юзига иссиқ ёш
томчилари ёғилаётганини элас-элас идрок этар, аммо кўзини очишга мадори йўқ эди.
Қанча ётганини билмайди. Бир маҳал эти жунжикиб уйғонди. Сандал совиб қолган, уй ичи
нимқоронғи эди.
Хаёлига «ҳалиям тонг отмабди-да», деган ўй келди. Яна бирпас ухламоқчи эди, негадир
кўнглига ғулғула тушди.
— Ая-я! — деди ётган жойида.
Уй ичи жимжит. Токчадаги мушук кўзли соат шошқин чиқиллар, миллари олтини кўрсатиб
турарди. Ҳеч нимага идроки етмади: эрталабми ҳозир, кечқурун?
— Ая! — деди тағин. Садо бўлмагач, сирғалиб кўрпа ичидан чикди. Каловланиб айвон
томон юрди. Вужудида мадор йўқ. Негадир оёғининг бармоқлари ачишиб оғрирди.
— Ая-я! — товуши пастак айвоннинг шифтига урилиб қайтди. Ҳовли ўртасидаги тутнинг
қор босган новдалари совуқ шамолда титрар, шохларнинг уч-учида оқшом шафағи ялтирарди.
«Кун ботяпти, шекилли, кечгача ухлабманми?» деган ўй хаёлидан лип этиб ўтди. Оёғига эски
калиш кийиб, ҳовлига тушди. Яна онасини чақирди.
Кечаси бўлган воқеани эсламасликка ҳарчанд уринмасин аясининг зор қақшаб йиғлагани,
анави «Соат ака»нинг дағдағалари ёдига тушиб, юрагига ваҳима ўрмалади. «Хадича
холамникига чиққанлар», деди ўзини-ўзи юпатиш учун пичирлаб. Муздек калиш ичида
оёғининг бармоклари баттар санчиб оғрий бошлади. Айвон бурчагида ғужанак бўлиб ўтиргани,
онасининг анави кишига ялинганлари яна эсига тушди. Йўлак томонга юрди. Кўча эшик тақа-
тақ берк, тамба бостирилган эди. Ваҳимаси кучайиб кетди. Оёғининг ачишгани ҳам ёдидан
чиқиб, калиши қорга тўлганча ҳовли бурчагидаги молхона эшигига борди. Йиғламсираб
чақирди:
— Ая-я!
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |