www.ziyouz.com kutubxonasi
70
— Хат-хабар борми?
— Бунисиям сизга боғлиқ! — «шапкасиз шапкали» сандалдан қўлларини чиқариб,
кафтларини ғайрат билан ишқалади. — Бизга бир хатни топишда ёрдам берсангиз, эрингиздан
хат олишга рухсат этамиз.
— Нима деганингиз бу? Қанақа хат? — Онаси кўзлари ҳайратдан кенгайиб сўради: —
Тўлаган акамнинг ҳамма нарсаларини олиб кетдинглар-ку, яна нима керак?..
«Шапкасиз шапкали» қаҳ-қаҳ уриб кулди. Қурбонойнинг юраги зирқираб кетди. Умрида
бунақа совуқ қаҳқаҳани эшитмаганди. Йўқ, бу кулги эмас, калтакесакнинг хонишига ўхшаган
мудҳиш бир товуш эди.
— Вой Фотима-ей! Вой муғамбир-ей! — «Шапкасиз шапкали» тағин калтакесакдек
чирқиллади: — Сен бизни шунчалик содда деб ўйлайсанми? Хат қани, хат? — тўсатдан
важоҳати ўзгариб, шу қадар ғазаб билан сандалга муштладики, лампа пилиги лопиллаб кетди.
— Эринг япон разведкачисидан олган хатни қаёққа тиқдинг?
Қурбоной қўрқув ичида ўрнидан туриб кетди. Онаси мадори қуригандек сандал четига
чўккалаб қолди.
— Соат ака! — деди илтижо қилиб. — Бандаси билмаса, Худойи таоло кўриб турибди-ку!
Бир жойдаги одаммиз-ку! Аллоҳ шоҳид, эримнинг гуноҳи йўқ! — У алам билан сандал
четидаги кўрпачани чангаллади. — Йўқ! Йўқ! — деди бутун гавдаси билан тебраниб. — Нега
бунча қийнайсиз одамни, барака топгур! — Тиззаси билан судралиб келди-да, кўзидан дув-дув
ёш оқиб ёлворди. — Илоё мартабангиз бундан ҳам баланд бўлсин. У дунё-будунё ғам кўрманг!
Дадасини чиқариб юборинг, Соат ака! Биттагина боламни етим қилманг!
— Нари тур-э! — «Соат ака» ҳазар қилгандек, ўзини четга олди. — Хат қани, хат? — деди
ўкириб.
«Соат ака»нинг важоҳати шу қадар таҳдидли эдики, Қурбоной онасига ёпишди.
— Туринг, ая! — деди чирқиллаб. — Йиғламанг, аяжон! Шунда... онасининг ҳам қиёфаси
бирдан қаҳрли тус олди.
Қурбоной аясини бунақа алпозда биринчи кўриши эди.
— Қачон қонга тўясан, одамхўрлар! — деди ўтирган жойида наматни муштлаб. — Отамни
ўлдирдиларинг, укамни бедарак йўқотдиларинг. Энди боламниям етим қилмоқчимисан, Худо
бехабар!
— Ая! — Қурбоной онасининг қўлтиғидан кўтаришга уринар, аммо кучи етмасди. — Бўлди,
аяжон!
— Эрим билан бирга ўқигандинг-ку, имонсиз! — Онаси сочлари ёйилганча фарёд чекди. —
Душман эмаслигини билардинг-ку, виждонсиз! Обкеб бер! Обкеб бер боламнинг отасини! —
Шундай деб «Соат ака»нинг ёқасига ёпишди.
«Соат ака»нинг ранги гезариб кетди. Кучи борича тарсаки туширган эди, онаси
Қурбонойнинг оёғи остига шилқиллаб йиқилди.
— Мана сенга, унсурвачча! — «Соат ака» тағин мушт кўтарган эди, Қурбоной чирқиллаб
қўлига ёпишди.
— Урманг! Жон амаки, урманг аямни! Аяжон! Кўзингизни очинг, аяжон!
— Обке, сув-пув! — «Соат ака» кўзи олайиб Қурбонойга дағдаға қилди.
Қурбоной калиш билан қор кечганча қоронғи бостирмага югурди. Пақирдаги сув музлаб
қолган экан. Ёғлоқ билан уриб, музни синдиргунча талай фурсат ўтди. Ниҳоят, титроқ қўллари
билан тўкиб-сочиб ёғлоқда сув олиб келди.
Онаси кўзини очган, ўнг юзи моматалоқ бўлиб кетган эди. Сандал четида ҳуд-беҳуд
чайқалиб ўтирар, «Соат ака» бир нималарни гапирарди. Қурбоной унинг сўнгги сўзларини
эшитиб қолди:
— Гапинг тўғри, Фотима! Бир жойдаги одаммиз... Лекин нима қилай, мен ҳам давлатнинг
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |