www.ziyouz.com кутубхонаси
4
шундай қўшиқларни айтишганда қалбинг тўлқинланади, бутун вужудинг билан инсоннинг
нақадар софлигига, нақадар олижаноб ва нақадар гўзаллигига таҳсин ўқигинг келади!..
Афсуски, мен буларнинг ҳаммасини кейин билдим, кейин тушундим. Қариялар, ҳаёт
кўрсанг одам кўрасан, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундай экан. Ҳаёт кўрмаган, довон ошиб ўзга
жойларда бўлмаган киши яхши-ёмонни ажратиши, одамларнинг дилини англаши мумкинми?!
Албатта йўқ. Чоғимда мен чалғиб кетдим. Буларнинг ҳаммаси кейинчалик айтиладиган гаплар
эди. Хўш, шундай қилиб, бундан ўн икки йил муқаддам Самарқанд бозоридаги чойхоначининг
ёрдамида машина топиб, Яккачинорга йўл олдим. Чамамда, уч соатча юрдик. Кўзим атрофда,
биринчи кўраётган жойларимда. Кўчанинг икки четида бир текисда бўй чўзиб турган толларни
ҳисобга олмаганда, ҳаммаёқ пахтазор, бепоён кўм-кўк пахтазор. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Лекин
Зарафшоннинг тор жойига қурилган, битта машина юрарли ингичка ёғоч кўприкдан ўтишимиз
билан манзара кескин ўзгарди. Дов-дарахт шу қадар кўпайиб кетдики, мен ўзимни ўрмонзорга
кириб қолгандек ҳис қилдим. Чеҳрам ёришиб кетди, жилмайиб шофёрга қарадим. Аммо у
парвосиз эди. Йўл бўйи садо чиқмаган, саволларимга ҳам имо билан жавоб берган бу йигитдан
бошқа нима ҳам кутиш мумкин эди? Балки, бу ерларда кўп бўлганидан кўникиб кетгандир,
балки, ўзи шунақа бепарво одамдир? Шу хаёллар билан бўлиб машина пешайвонли оқ бино
олдига келиб тўхтаганини сезмай қолибман.
— Идора шу, — деди шофёр йигит. Унинг йўлга чиққа-нимиздан бери айтган гапи бу бўлди.
— Тушинг.
Мен тушиб улгурмасимдан у чамадонимни йўлкага дўқ этиб қўйди-да, қўлимдаги пулни
юлиб олиб, жўнаб қолди. Мен идорага разм солдим. Тоққа қаратиб қурилган бу бир қаватли
баланд бинонинг атрофи гулзор эди. Олдидан ингичка ариқ ўтган. Тоза, тиниқ сув жилдираб
оқиб ётибди. Ичкарига кирдим. Идорада ҳеч ким йўқ эди. Чамадонни айвонга қўйиб, очиқ
турган эшиклардан биттасини секин тақиллатдим. «Ким?» деган ингичка овоз эшитилди ва шу
ондаёқ олдимда атлас кўйлак кийган ёшгина қиз пайдо бўлди.
— Салом, келинг? — деди у.
— Раис шу ердами?
— Райондалар. Идорада мендан бошқа ҳеч ким йўқ, — қиз, менинг қўлимдан ҳеч қандай иш
келмайди, дегандай уялинқираб жилмайди.
Шу топ қўлимдаги шўрданак эсимга тушди.
— Медпунктни биласизми?
— Ҳа, чойхонанинг ёнида, — деди қиз ҳозиржавоблик билан. — Юринг, олиб бораман.
— Йўқ, раҳмат. Кўрсатсангиз бўлди.
Ташқарига чиқдик. Қиз рўпарадаги оқ тунука томни кўрсатди.
— Шу уйнинг орқаси чойхона.
Дарров топдим. Чойхона кўчанинг шундай лабида, катта ҳовузнинг бўйида эди. Панжара
эшикдан киришим билан гуп этиб райҳон ҳиди димоғимга урилди. Энтикиб Кетдим. Ҳовузнинг
атрофига беш-олтита ҳаворанг бўёққа бўялган тахта сўри қўйилган эди. Биттасида икки чол,
иккинчисида оқ жужун китель кийган бир одам ўтирарди. Афтини кўролмадим. У ҳовузга
тескари ўгирилиб, эринчоқлик билан папирос тутатарди. Олис йўл босиб чирчаганим сезилди.
Жовдираб, ўтиришга маъқулроқ жой қидира бошладим. Шу тоб ўн уч-ўн тўрт ёшлар
чамасидаги, юзларига сепкил тошган, малла соч бир бола югуриб олдимга келди-да,
саломлашиб қўлимдаги чамадонни илди
— Бу ёққа ўтиринг! — деди у дўрилдоқ овозда ва шохлари ҳовузга шўнғиб, муздек
шабадада тебраниб турган мажнунтол тагидаги кичкина сўри томон юрди. Боланинг товушини
эшитиб, чоллар биз томонга ўгирилишди. Қўлимни кўксимга қўйиб саломлашган бўлдим.
Сиполик билан соқолларини тутамлаб, алик олишди. Жужун китель кийган киши ўгирилиш у
ёқда турсин, кўз қирини ташламади ҳам. Янги атлас кўрпача устига ўтирдим. Малла соч бола
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |