Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
www.ziyouz.com кутубхонаси
1
Ўлмас Умарбеков
СЕВГИМ-СЕВГИЛИМ...
Қисса
1
Бу воқеага анча бўлди. Мен эндигина институтни тамомлаган йигирма икки-йигирма уч
ёшлардаги йигит эдим. Орзу-ҳавас катта. Қаёққа қўл узатсам, етади. Билакларимда қувват,
қалбимда ғайрат жўш урарди.
Ёшлик эндигина қанот чиқарган учирма қушга ўхшайди. Ҳеч нарсадан тап тортмайди, ҳеч
нарсадан чўчимайди. Бутун борлиқ унга янгича, сирли бўлиб туюлади. Ҳамма нарсани кўргиси,
билгиси, ҳамма нарсада ўзидан қандайдир из қолдиргиси келади. Лекин бу изнинг қандай
бўлишини, унга севинч бахш этадими, ё ғам келтирадими, тўғрироғи, билишни истамайди. Агар
шу истак унда ҳамма нарсадан кучли бўлганда эди ўзини бунчалик тутмасмиди?! Ким билади,
балки мен хато қилаётгандирман. Ростини айтганда, бунинг ҳозир мендан бошқа ҳеч кимга
аҳамияти йўқ. Бироқ мен ўзимни учирма қушдек ҳис қилиб, ўша пайтлар нотаниш жойларга
кетиб қолганимдан сира афсусланмайман.
Гап шундаки, мен Яккачинор қишлоғига ишга жўнадим. Ростини айтсам, отам мажбур
қилди. Институтда мени аспирантурага олиб қолишмоқчи эди. Отам шаҳарда қолмайсан,
қишлоқда ишлаб келасан, бу ўзингга фойда бўлади, деб туриб олди. Қанақа фойда келтириши
мумкин қишлоқ шаҳар турганда?
Мен унга аввал тушунмадим. Жаҳлим чиқди. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, мен унинг ёлғиз
ўғли бўлсам, бунинг устига ўзи анча кексайиб қолган бўлса, нега мени ҳайдайди?
Мен жуда эрка ўсган эдим. Онам тўққиз ёшлигимда зотилжам касаллигидан вафот этган.
Шунинг учун бўлса керак, отамнинг менга бўлган муносабатида икки кишининг меҳрини ҳис
қилардим. Тарбиямга бу таъсир қилмай қолмади, албатта. Мендаги иккиланиш, ҳадиксираш
каби иллатлар, балки шунинг оқибатидир? Сирасини айтганда, бир онадан ҳар хил бола
туғилади, дейишади. Аммо бунинг ҳозир кизиғи йўқ. Ҳар ким ўз қилмишларига ўзи жавобгар
бўлиши керак.
Шундай қилиб, жаҳлим чиқса ҳам отамнинг раъйини қайтармадим. Институтда менга
таклиф қилинган жойлар орасида «Яккачинор» номли колхоз ҳам бор эди. Самарқанд
областида, тоғнинг тагида экан бу колхоз. Қишлоқ ҳам Яккачинор, деб аталар экан. Шуни
танладим. Ҳозир ўша йилларни эсласам, институтда қолмаганимга хурсанд бўламан, хурсанд
бўламану бутун ҳаётимни бир умр оғир мусибатларга ғарқ қилганимдан ўксинаман...
Диплом олган куним кечқурун шаҳарда қолган ўртоқларим билан «Тошкент» ресторанида
қуюқ хайрлашиб, уйга келдим-да, йўл ҳозирлигини кўра бошладим. Самолёт Самарқандга тунда
учиши керак эди. Хайрлашаётиб отам бир оз кўз ёши қилиб олди. Унинг қовоқлари салқиган,
тарам-тарам ажин босган озғин юзига қараб, раҳмим келиб кетди. Лекин начора? Ўзи
кетишимни истаган эди. Тез-тез хат ёзиб туришга ваъда бериб, уйдан чиқдим. Икки соатча
аэропортда санқиб, ниҳоят самолётга ўтирдим.
Чарчаган эканман, дарров кўзим илинди. Самолёт ерда пилдираб кетаётганида уйғондим.
Кўп ўтмай, тонг ота бошлади. Яна йўл ҳаракатига тушдим. Лекин анча вақт шаҳарда қолиб
кетдим: Яккачинорга борадиган биронта ҳам машина йўқ эди. Шофёрлардан биттаси бозорга
боришни, «Яккачинор» колхоз дўконини топишни маслаҳат берди.
Ўлмас Умарбеков. Севгим-севгилим… (қисса)
Do'stlaringiz bilan baham: |