www.ziyouz.com кутубхонаси
23
Қўполлик қилмаган, сира сўкмаган, маст-аласт юрмасди, ақлли эди. Лекин турмуш учун шунинг
ўзи кифоя эмас экан. У энг муҳим нарсани — мустақил ҳаёт кечиришни билмас эди. Ҳатто
болалик бўлгандан кейин ҳам ота-онасининг оғзига қарарди. Ота-онаси нима деса шу. Ёт деса
ётади, тур деса туради. Манави ишни қил, деса бажаради, қилма деса, тегмайди. Мен «театрга
борайлик», десам, отасидан маслаҳат сўрайди. Қайнатам борманглар деса, индамай бўйин эгиб
келаверади. Қайнатам билан қайнанам ҳам ёмон одамлар эмас эди. Аммо уларнинг дунё-
қараши бошқа, бизники бошқа. Улар бошқа даврда шаклланишди, биз бошқа даврда. Улар
театрсиз ҳам яшаш мумкин, дейишади. Аммо биз бундай қилолмаймиз-ку! Буни уларга ётиғи
билан айтсангиз тушунишади-ку. Йўқ, эрим буни айтолмас эди. Гапимни тўғри тушунинг, мен
уни ота-онасидан бўйин товласин, демоқчи эмасман. Эркак эркак бўлиши, мустақил фикрлаши,
ҳаёт кечириши керак. Айрим эркаклар ғурурларини ерга уриб юришади. Меники ҳам... Шунинг
учун ажрашдик.
— Эркак кишининг бунчалик бўлиши ярамайди.
— Илтимос, эримнинг яхши-ёмонлигини муҳокама қилманг.
Шу суҳбатдан сўнг Давроннинг унга нисбатан бўлган меҳри янада ортди. Оқшомги
сайрлардан бирида унга муддаосини айтди.
— Шундай мақсадингиз борлигини биринчи учрашувдаёқ сезганман, — деди Маҳбуба. — Сиз
билан бирга юриб уйга кеч қайтганимда ўғлим кутиб оларди. «Қаерда эдингиз?», деб сўрарди.
«Уч мушкетёр»ни кўргандан бери дъАртанян тилидан тушмай қолган. Шунинг учун мени
«дъАртанянни кўргани бордим», дердим. Ўғлим дарров мени сўроққа тутарди. «ДъАртанян
бизникига ҳам келмадими?», деб ҳол-жонимга қўймасди.
— Сиз нима деб жавоб қилардингиз?
— Келади, дердим... Лекин кеча... келмайди, дедим.
— Нима учун?
— Буни сизга тушунтиришим қийин. Назаримда, ҳозирги эркаклар анча майдалашиб
кетганга ўхшашади. Ғийбат хотинларга ярашадиган нарса. Лекин эркаклар ҳам ғийбатдан
бўшамай қолишган. Мард, жасур, бир оз қўпол, эпчил эркаклар оз жуда. Бунинг ўрнига
худбинлар, мешчанлар кўпайиб кетаётганга ўхшайди.
— Унчалик эмас... Эркаклар мардлиги, жасурлигини сизга қандай намойиш қилиши керак?
— Намойиш қилиш шарт эмас. Одамнинг феъли, хатти-ҳаракатидан, сўзларидан билиниб
туради. Масалан, бир одам сувга чўкяпти, сиз ўйлаб ўтирмай қутқаришга ташланасизми?
— Шахсан менми ё умуман айтяпсизми?
— Шахсан ўзингиз.
— Мен сузишни яхши билмайман.
— Ахир бир одам ўляпти-ку!
— Мен ўзимни сувга ташлаганим билан уни бари бир олиб чиқолмайман. Ўзим ҳам...
— Ана, кўрдингизми, сиз ҳам йигирманчи аср вакилисиз. Эркаклар, хотинларнинг қош-
кўзини мақтаб, ашула айтиб оҳ-воҳ қилиб юраверишади...
— Сиз жуда ошириб юбордингиз. Фикрингизга мутлақо қўшилмайман. Масалага тўғри
ёндашиш керак.
— Ана кўрдингизми, «масалага ёндашишимиз» бутунлай бошқа-бошқа. Сиз эса «дъАртанян
келмайди», деганимдан норозисиз.
Жавоб равшан эди. Даврон у билан бошқа учрашмай қўйди. Лекин унута олмади. Маҳбубани
чиндан яхши кўриб қолган эди. Унинг кулиб турувчи кўзлари, қорачадан келган чеҳраси нигоҳи
олдидан кетмасди. Лекин бош эгиб боришга ғурури йўл бермади.
Бугун Маҳбубанинг ўзи шунчаки келдимикин ёки фикри ўзгарганини билдириб кетдими?
* * *
Даврон (қисса). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |