10.9. Ўқув куни тартибида жисмоний тарбиянинг шакллари
Умумтаълим мактаблари ўқув куни тартибидаги жисмоний тарбиянинг шаклларига қуйидагилар киради: машғулотгача гимнастика машқлари, жисмоний машқ дақиқаси, танаффуслар вақтидаги ўйинлар, куни узайтирилган гуруҳлардаги спорт соати, сайрлар.
Мактабда дарсдан аввал ўтказиладиган гимнастика ҳар куни биринчи дарс олдидан ўтказилади. Ўқувчиларга гимнастика қилдиришдан мақсад, бир томондан, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш бўлса, иккинчи томондан, ўқув материалларини пухта ўзлаштиришга эришишдир. Дарсдан олдин ўтказиладиган гимнастика ўқувчиларнинг диққатини фаолиятга жалб этади ва уларни дарсга тайёрлайди. Дарҳақиқат, мактабга болаларнинг баъзи бирлари олдин келса, бошқалари гимнастиканинг бошланиш пайтига етиб келади. Ўқувчиларнинг баъзилари мактабга келгунга қадар ўйнаб, югуришга улгурган бўлса, бошқалари кечикмаслик учун шошилиб келишади, айримлари шошилмасдан, ланж ҳолатда келадилар, яъни дарс бошланишидан олдин ҳамма ўқувчиларнинг ҳам диққати бир ерга тўпланмаган бўлади. Шунинг учун уларнинг диққатини жамлаш ва ақлий меҳнатга тайёрлаш лозим. Ана шунинг учун ҳам машғулотдан олдин ўтказиладиган гимнастика айни муддаодир. Махсус танлаб олинган машқлар болаларни тинчлантиради, улардаги ҳаяжонланиш ҳолатини босади, тетиклаштиради.
Дарсдан олдин бажариладиган гимнастикани ҳар бир мактабда ўтказиш шарт. Мактаб маъмурияти ва жисмоний тарбия ўқитувчилари бу тадбирни яхшилаб йўлга қўйиш учун ўқитувчилар жамоаси, ўқувчилар, ота-оналар билан биргаликда тайёргарлик ишларини олиб бориши керак. Агар педагоглар йиғилишида дарсдан олдин ўтказиладиган гимнастика жиддийроқ муҳокама қилинса, бу ҳолда гимнастика мактаб ҳаётига тезроқ сингади.
Машғулотгача гимнастика ўтказилиши мактаб директорининг буйруғи билан эълон қилинса, янада яхши бўлади, чунки бу ҳолда ўқувчиларнинг интизоми яхшиланиб, бу муҳим тадбирга бутун жамоа сафарбар қилинади.
Жисмоний тарбия ўқитувчиси дарсдан олдин гимнастика машқларини ўтказиш учун энг яхши ўқувчилар ва фаолларни ўзига ёрдамчи қилиб тайёрлаши керак.
Ўқувчиларга машқ мажмуаларини жисмоний тарбия дарсларида ўргатиш мумкин. Улар эса бу мажмуаларни уйда ўзлари мустақил равишда пухталайдилар. Жисмоний тарбия дарсларидан вақтинча ёки бутунлай озод этилган ўқувчилар шифокорнинг маслаҳати билан уйда ҳар куни эрталаб гигиеник гимнастика машқлари мажмуасини бажаришлари лозим.
Кўпчилик мактабларнинг тажрибасига асосан, ўқувчиларда дарсдан олдин ўтказиладиган гимнастикага ҳавас уйғотиш учун синфлараро мусобақа ташкил этилиб, махсус саломатлик бурчаги тузиш, унга натижаларни ёзиб бориш шарт. Бунинг учун фаоллардан ҳакамлар танланиб, улар ҳар бир синфнинг машқларни бажариши, хулқи, фаоллигини баҳолайдилар. Ўқувчиларнинг уюшқоқлиги кўп жиҳатдан улар билан олиб борилган тайёргарлик ишларига боғлиқ бўлади. Машқларни бажариш учун ҳар бир синфга майдондан алоҳида доимий жойни ажратиб қўйиш лозим. Машқларни жамоатчи фаолнинг навбатчи ўқитувчига рапорт беришидан бошлаш керак. Гимнастика машқлари мусиқа билан ўтказилса янада яхши бўлади.
Дарсдан олдин ўтказиладиган гимнастика 8—10 минут давом эттирилади. Кичик синфларда машқларни бажариш вақти 5-7 минутгача қисқартирилади. Ҳар бир машқлар комплексини ўқувчиларга 10-15 кун давомида бажартириш мумкин. Ўқувчиларда машқ бажаришга бўлган ҳавасни ошириш мақсадида ҳар икки-уч кундан кейин мажмуанинг бирор қисмини ўзгартириб туриш лозим.
Дарсдан олдин бажариладиган гимнастиканинг асосий мазмунини умумривожлантирувчи машқлар ташкил қилиб, улар бутун организмни, барча мушакларни ривожлантиришга қаратилгандир. Ҳамма ўқувчиларни бараварига жойлаштириш имконига эга бўлган мактабларда бу машқларни юриш, югуриш ҳаракатлари билан тўлдириб бориш тавсия этилади. Машғулотгача ўтказиладиган гимнастика машқларини ҳам муайян бир изчилликда қўллаш, уларнинг организмга таъсирини аста-секин ошира бориш керак. Дарсдан олдин бажариладиган гимнастикани юришдан, мушакларга меъёрда таъсир этадиган ҳаракатлардан бошлаш, бирдан зўр бериб бажариладиган машқларни қўлламаслик керак.
Мажмуа танлашда барча мушакларни ривожлантирадиган машқларга эътибор берилади. Улар вақти-вақти билан навбатлаштириб турилади. Бу машқлар қон айланишини яхшилайдиган, чуқур нафас олиш ва қадди-қоматнинг тўғри ривожланишига ёрдам берадиган “керишиш” шаклидаги машқлардан иборатдир.
Иккинчиси оёқларни букиш ва қоннинг бутун организмга текис тарқалиши имконини берадиган “чўққайиш” шаклидаги машқлар,
учинчи, тўртинчи ва бешинчилари – гавда мушакларини ривожлантирувчи машқлар. Улар қорин мушакларини мустаҳкамлайди ва ички аъзоларнинг меъёрда ишлашини таъминлайди. Бу машқлар орқа мушакларни ҳам ривожлантириб, қоматни тўғри шакллантиради, букриликнинг олдини олиб, гавданинг қовурға мушакларини мустаҳкамлаш имконини беради.
Олтинчиси – силтаниш ҳаракатларидан иборат бўлган машқлардир. Бундай машқлар натижасида бўғимлар чаққон ишлайди, билак, оёқ ва кўкрак қафаси яхши ривожланади.
Еттинчиси – сакраш, югуриш ва чаққонлик билан чўнқайиш машқлари бўлиб, улар нафас олиш ва қон айланишини, барча ички аъзоларнинг фаолиятини кучайтиради.
Машғулотгача ўтказиладиган гимнастика турган жойда юриш, чуқур нафас олиш ва тўғри қоматни ҳис эттирувчи машқлар билан тамомланиши лозим.
Майдонда ёки бино ичида ҳар бир синфни бемалол жойлаштириш имконияти бўлган пайтларда машқларни буюмлар билан ўтказиш тавсия қилинади. Буюмларни майдончага олдиндан шундай жойлаш керакки, ўқувчилар саф тортиш ёки дарсдан олдин ўтказиладиган гимнастика машқларини бажариш учун ўз жойларига келганларида, уларни қўлларига олишлари қулай бўлсин.
Do'stlaringiz bilan baham: |