Ривожланиш эса бу - прогресс24 томон ўзгаришдир. Ривожланиш, аслида шундай ўзгаришки, бунда муайян йуналишдаги янги ҳолат эски ҳолатнинг, юқори босқич қуйи босқичнинг ўрнини олиб, эски нарса ва ҳодисалар йўқолиб, улар ўрнини янги нарса ва ҳодисалар олади. Ўзгариш эса ривожланишдан шу билан фарқ қиладики, у ўз ичига регресс25ларни ҳам олади.
Ривожланиш — бу прогрессдан иборат ўзгариш бўлиб, кенг маънода қуйидан юқорига, оддийдан мураккабга қараб илгарилаб борувчи ҳаракатдир. Ривожланиш шундай ўзгаришки, у нарса ва ҳодисаларнинг қуйи босқичи ўрнини юқорироқ босқич олишидир. Ривожланиш бошқа жиҳатдан нарса ва ҳодисаларнинг миқдор ва сифат жиҳатдан тубдан ўзгариб, бошқа нарса ва ҳодисаларга айланишидир. Ривожланиш, умуман олганда, тўғри чизиқ бўйлаб ҳаракат эмас, уни бундай тушуниш хатодир. Бундай тушунишни табиат ривожланиши ҳам, жамият тарихи ҳам рад этади. Ҳар қандай реал ривожланиш спиралсимон ҳолда, унинг ҳар бир янги ўрами олдингисига қараганда кенгроқ бойроқ, мазмунлироқ, юқорироқ, асосда эгри-бугри йўллар билан содир бўлади.
Прогресс томон ривожланиш, айниқса, жамият ҳаётида яққол кўзга ташланади. Жамиятдаги ривожланиш бир қуйи ижтимоий-иқтисодий босқичдан унга нисбатан прогрессивроқ, юқорироқ ижтимоий-иқтисодий босқичларга ўтиб бориш асосида рўй беради.
Умуман, биз ривожланиш атамасини жуда кўп ишлатамиз, у бизга тушунарлидек, туюлади. Аслида эса, бу тушунча ифодалаган жараён, биз ўйлагандек, унчалик содда эмас. «Ривожланиш» тушунчаси кўп ҳолларда олға қараб боришнинг синоними сифатида «прогресс» тушунчасига тенглаштирилади. Бугунги кунда инсоният жамиятининг ривожланиши, унда содир бўлаётган ўзгаришлар ривожланишнинг мураккаб жараён эканлигидан далолат бермоқда.
Унда муайян даврий ўзгариш билан бир қаторда, прогрессга томон такрорланмас ўзгаришлар, турли хил зигзаглар мужассамлиги ҳам маълум бўлмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда жамиятда юз бераётган ўзгаришлар таҳликали тенденциялар, ҳалокатлар хавфи бўлган жараёнларни ҳам ўз ичига олишлиги равшан бўлмоқда. Бу жараёнларни тўғри тушуниб олиш ва уларга тўғри ёндошиб, тўғри хулосалар чиқариш учун бизга янгича фикрлаш жуда зарур бўлмоқда. Масалан, бизнинг шу пайтгача ўйламасдан табиат бойликларидан талон-тарожлик билан фойдаланиб келишимиз натижасида бугунги кунда табиат ўз бошидан умумий таназзул (танглик)ни кечириши хавфи пайдо бўлди. Шунинг учун табиат ва жамиятда юз бераётган ҳозирги жараёнларнинг таҳлили ривожланишнинг фалсафий тушунчасини қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Бунга сабаб ривожланиш жараёнида турли хил ўзгаришларнинг зиддиятли характерлари намоён бўлаётганлигидир.
Ривожланиш жараёни шу билан бирга, ўз табиатига кўра турлича йўналишдаги, бир-бирига қарама-қарши ва айни вақтда бир-биридан ажралмас тенденцияли томонларга ҳам эга. Бу тенденциялар дифференциация26 ва интеграция27 жараёнларининг бирлигидан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |