« РУСТ ДЎСТЛИК АГРО САНОАТ» МЧЖ асосида жумҳурият илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ташкил қилиш ва биогумус ишлатишнинг амалий илмига асосланган технологиясини яратиш вақти келди. Бунга етарли биогумус бор. Аммо уни қайси ўсимликка қанча солишни, қайси тупроққа қандай ишлатишни билмаймиз. Бу масалани ҳал қилишда жумҳурият олимларининг мададига муҳтожмиз. Афсуски, бу масала ҳам ўз ечимини кўнгилдагидай топаолмаяпти. Ажаб эмас, ушбу китобча билан танишиб чиққан ўқувчилар орасида юрагида ўти бор халқпарвар раҳбарлар, хурфикр олимлару-зиёлилар бўлиб улар матбуотда, шахсий алоқаларда, имкони бор жойларда ҳукумат раҳбарларининг диққатини шу масалага тортишга ёрдамини аямасалар. Шояд, ишимиз юришиб кетар.
Кун тартибида — биогумус ишлаб чиқаришнинг саноат йўлига қўйиш масаласи турибди. Унинг истиқболи порлоқ. Фақат чувалчанглар ёрдамидагина биз нобуд бўлган минглаб гектар ерларни ҳаётга қайтаришимиз, тупроқ ҳосилдорлигини кўтаришимиз ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш муаммосини ҳал қилишимиз мумкин бўлади.
Қишлоқ хўжалигида кўп йиллар мобайнида айрим экинларнинг якка ҳокимлиги авж олган, алмашлаб экишга панжа орасидан қараб келиш оқибатида тупроқнинг кучи қочган. Ўрта Осиё заминида ўсимлик касалликлари ҳақиқий кушандага айландилар. Ана шулар натижасида Ўрта Осиё республикаларидаги кўплаб давлат, жамоа ва фермер хўжаликлари ҳар йили миллионлаб сўм зарар кўрмоқда.
Афсуски, деҳқончиликдаги янги йўналишнинг ривожланишида ўз умрини яшаб бўлган бўлсада, отдан тушиб эгардан тушмаётган социализмнинг маъмурий амр-фармонбозлик, буйруқбозлик тизими ҳамон тўғаноқ бўлиб турибди. Айнан ана шу тузум ўн йиллар мобайнида атроф-муҳитнинг муҳофазаси учун жон куйдирмайдиган, лоқайд, айни шу лаҳзадаги муваффақияти билан қаноатланадиган ва унинг шахсий манфаатларига зид келувчи бирон бир асосни тан олмайдиган «хўжайинлар»ни тарбиялаб вояга етказди.
Бироқ янгиликнинг йўлига ғов бўлиш мумкин эмас! У барибир ўзига йўл топади. Қишлоқ хўжалигида ҳалокатли кимёвий ўғитлар ўрнига биогумус қўллашнинг афзаллиги кун сайин аён бўлиб бормоқда. Бу истиқболли йўналиш тарафдорлари тобора кўпаймоқда. Биогумусни ишлаб чиқариш технологияси ва унинг қишлоқ хўжалигида қўлланиши мураккаб эмас, алоҳида сарф-ҳаражат ҳам талаб қилинмайди ва у ҳар қандай участкаларда қўлланиши мумкин, бунинг устига ундан бениҳоя улкан манфаат кўрилади. Булар ҳаммаси албатта кишида умид уйғотади.
Шу китобчани қўлига олиб эринмай ўқиб чиққан барча ўқувчиларга тасанно айтамиз. Соғ бўлинг, тинч бўлинг, эзгу ишларга бўлган ҳайри-хоҳишингиз ҳеч қачон йўқолмасин!
Do'stlaringiz bilan baham: |