з) чет зонанинг зарарланиши синдроми (вазокарона хавзасида инфаркт).
Вазокорона системаси кўпгина анастомозларга эга бўлгнлиги учун бу синдром кам учрайди. Бу инфарктда мияча йўллари ва камроқ пирамида йўллари зарарланади (зарарланган томонда).
Зарарланиш турли даражада жойлашганда клиник манзара ҳам зарарланган сегментларга, ҳам ишемиянинг орқа миянинг кўндаланги бўйича бўлинишига боғлиқ бўлади. Агар ишемия орқа миянинг бўйин бўлимига тарқалган бўлса, у ҳолда БАС синдроми ҳам, сирингомиелитик синдром, Броун-Секар ва Персонейд-Жтернер синдром, ривожланади (қўллар қаттиқ оғрийди, қўл мушакларининг фалажлиги атрофияси билан алмашинади) ва сенситив атаксия ривожланади. Оёқларда спастик параплегия чаноқ аъзолари бузилиши билан кузатилади.
Орқа миянинг юқори кўкрак бўлими ишемияси чаноқ аъзолари функциясининг бузилиши ва сезгининг ўтказувчи типда йўқолиши ва оёқларнинг спастик фалажлигига олиб келади. Бунда кўпинча орқа миянинг бутунлай кўндаланг зарарланиши ёки Преображенский синдроми кўп учрайди.
и) Адамкевич артериясининг тиқилиб қолиш синдроми.
Бу орқа миянинг ўрта кўкрак қисмидан думғаза ва дум қисмигача кенг ёйилган бўлагидир. Қуйи суст параплегия ривожланади, бироқ Бабинский рефлекси сақланиб қолади. Ўтказувчанлик типидаги анестезия турли даражаларда, 4-дан 12 - кўкрак сегментигача бошланиши мумкин (Адамкевич артериясининг ажралиши вариантлари). Бемор сийдикни ва ахлатни тута олмайди ёки бутунлай тутилиб қолади, оёқлар атрофияси ривожланади, ётоқ яралар пайдо бўлади.
Геморрагик спинал инсульт
Геморрагик спинал инсульт ёки орқа мия моддасига қон қуйилиши (гематомиелия) кўпинча умуртқа поғонасининг шикастланиши оқибатида, камроқ холларда, томирлар тузилишида туғма нуқсон бўлганда ёки васкулитларда ривожланади. Қон қуйилганда тегишли дерматомларда қаттиқ оғриқ бўлади, оёқлар ёки қўллар фалажланиб, тонус ва рефлекслар пасаяди, сезги диссоцирланган ҳолда бузилади ва сийдик тутилади. Кўпинча орқа миянинг бўйин соҳасига қон қуйилади. Клиник белгилар гематоманинг ўрнига ва ҳажмига боғлиқ булади.
Спинал субарахноидал қон қуйилиши кам учрайди. Одатда бунда адашиб бошқа ташхис қўйишади (эпидурит, миелит, менингит, церебрал субарахноидал қон қуйилиши). Қон қуйилишига одатда орка мия қон томирларининг аневризмалари сабаб бўлади. Клиникасида асосий куйидаги белгилар : белнинг айланасига (белбоғ) оғриши, Керниг симптоми, Лассег симптомига қўшилиб, қорин аортасига босилганда оғриқнинг кучайиши (Скоромец симптоми) кузатилади. Орадан кўп ўтмай, умуммия симптомлари қўшилади: бош оғриши, кўнгил айнаши, қайт қилиш, брадикардия.
Эпидурал гематома умуртқа поғонаси шикастланганда ёки спинал қон томирларининг мальформацияси ёрилиши натижасида келиб чиқади. Умуртқанинг илдизчалари бўйлаб оғриши ва орқа миянинг компрессияси ривожланиши хос. Ташхислашда селектив спинал ангиография ва МРТ ёрдам беради.
Сурункали ишемик спинал бузилишлар
Спинал қон айланишининг сурункали бузилишлари дисциркулятор миелопатия деб номланади. Ушбу касаллик уч боскичда кечади. Дисциркулятор миелопатиянинг биринчи босқичида орқа мияда қон айланишининг бошланғич бузилишига хос бўлган турғун субъектив симптомлар ва орқа мия зарарланишининг тарқоқ симптомлари кузатилади.
Дисциркулятор миелопатиянинг иккинчи босқичида аник намоён бўлмаган сегментар ва ўтказувчи бузилишлар пайдо бўлади; бу пай рефлексларининг ўзгариши, патологик рефлекслар, сезгининг сегментар ва ўтказувчанлик типидаги бузилишлари билан намоён бўлади.
Касалликнинг учинчи босқичида ҳаракат бузилишлари яққолроқ намоён бўлади (периферик, марказий ёки аралаш парезлар), сезгининг сегментар ва ўтказувчан типдаги бузилиши , хамда кичик чаноқ органларининг бузилишлари қўшилади.
Қ и ё с и й (д и ф ф е р е н ц и а л) т а ш х и с л а ш.
Орқа мия инфарктини кўпинча миелит билан қиёсий ташхислаш талаб қилинади. Инфарктдан олдин илдизча синдроми, қон айланишининг ўткинчи белгилари пайдо бўлиши мумкин. Миелитдан олдин эса, инфекцион жараён белгилари пайдо бўлади, неврологик симптомлар аста-секин зўрая боради. Спинал инфарктнинг дастлабки кунларида ликворда ўзгаришлар бўлмайди, оқсил -ҳужайрали диссоциация эса касалликнинг кейинги боскичларида пайдо бўлади. Вирусли этиологиядаги миелитда ликворда одатда лимфоцитлар кўп бўлади. Спинал инфаркт этиологиясини аниқлаш ҳам аҳамиятга эга.
Тарқоқ склерознинг спинал турида, дисциркулятор миелопатиядан фарқли ўлароқ, спастик фалажликлар пайдо бўлади, беморни умумий аҳволи бундай оғир бўлмайди, церебрал симптомлар қўшилади, рухият ўзгаради.
Хроник миелоишемияни баъзан Штромпель параплегияси, сирингомиелия билан қиёслаш керак бўлади. Бироқ бу касалликлар болалик ёки ўсмирлик ёшида манифестацияси кузатилади. Сирингомиелия дизрафик статус билан кечади, Штрюпель параплегиясида эса, сезги ўзгармайди, чаноқ функциялари камдан-кам бузилади, ва мушаклар гипертонусининг парездан устунлиги кузатилади. Бу касалликлар аста-секин зўрайиб ва бошка тизим аъзоларига таъсир кўрсатиши мумкин (масалан Штрюпель параплегиясида).
Бўйин дисциркулятор миелоишемиясини ён амиотрофик склероз билан қиёслашга тўғри келади. Миелоишемия учун касалликнинг ижобий кечиши, сезги бузилишлари, мушаклар атрофияларининг, ва пирамида симптомларининг ён амиотрофик склерозга қараганда камроқ намоён бўлиши хос.
Д а в о л а ш т а м о й и л л а р и.
Спинал қон айланиши бузилишини даволаш бош миянинг қон томир касалликларини даволашга ўхшаш.
Гипербарик оксигенация, орқа мияни электр стимуллаш керак. Мушак тонусини камайтирадиган препаратлар (марказий фалажликларда) - мелликтин, мидокалм, баклофен, сирдалуд тавсия қилинади.
Беморларни яхши парвариш қилинса, ётоқ яралар пайдо бўлмайди. Албатта нафас гимнастикаси, массаж, беморни каравотда ағдариб туриш, терисини камфора спирти билан артиб туриш ва УФО қилиш шарт. Касалликнинг биринчи куниданоқ чаноқ аъзолари функциясини назорат қилиб туриш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |