2. Солиқларнинг турлари ва функциялари.
Солиқлар мажбурий тўловни ифода этувчи пул муносабатларини билдириб, бу муносабатлар солиқ тўловчилар (ҳуқуқий ва жисмоний шахслар) билан солиқни ўз мулкига айлантирувчи давлат ўртасида юзага келади.
Корхона ва ташкилотлар аҳолига хизмат кўрсатганида, ишлар бажарганида ёки бозорларда олди-сотди қилганда ҳам пул тўловлари мавжуд. Лекин улар солиқ бўла олмайди. Солиқ муносабати бўлиш учун давлат мамлакатда яратилган ялпи ички маҳсулот кийматини тақсимлаш йўли билан мажбуран давлат бюджетига маблағ тўплаш жараёнини амалга оширади.
Солиқларнинг ўзига хос хусусиятлари:
1. Мажбурийлик. Солиқ ва йиғимлар мажбурий бўлади, бунда давлат солиқ тўловчининг бир қисм даромадларини мажбурий бадал сифатида бюджетга олиб қўяди. Бу мажбурийлик Олий Мажлис тасдиқлаб берган Солиқ Кодексининг тамойили асосида амалга оширилади. Демак, мажбурийлик белгиси ҳуқуқий томондан давлат учун кафолатланган.
2. Солиқларнинг давлат мулкига айланиши. Солиқлар албатта ғазнага - давлат бюджетига ва бошқа давлат пул фондларига тушади. Агар тўлов бошқа ихтиёрий фондлар - «Истеъдод», «Экосан», «Камолот», «Нуроний» жамғармаларига тушса, унда солиқ муносабати бўлмайди. Чунки мажбурийлик тамойили йўқ, бу тўлов давлат мулкига тушмайди.
3. Солиқлар қатъий белгиланган ва доимий амалда бўлади. Тарихда 50 ва 100 йиллаб ўзгармасдан амалда бўлган солиқлар мавжуд. Илмий асоси қанча чуқур бўлса солиқлар шунча катъий ва узоқ йиллар ўзгармасдан амал қилади ёки жуда кам ўзгаради.
4. Тўланган солиқлар мамлакат миқёсида ҳаммага бир хил миқдорда қайтиб келади. Солиққа тортиш тизимида энг муҳим жихати шундаки солиқларни тўлиқ ва самарали қайтарилиш тамойилига амал қилишидир. Фақатгина солиқларнинг тўлиқ, манзилли ва самарали қайтарилишлигигина солиқ механизмини ижтимоий такрор ишлаб чиқаришнинг энг муҳим бўғинларидан бирига айлантиради.
Лекин, давлатга тўланган солиқ суммаси тўловчининг шахсан ўзига тўлиқ кайтиб келмайди, яъни у эквивалентсиз пул тўловидир. Масалан, солиқ тўловчи бу йили давлатнинг соғлиқни сақлаш ва маориф хизматларидан ҳеч фойдаланмаган бўлиши мумкин. Лекин бозор иқтисодиёти шароитида ҳамма солиқ тўловчиларнинг тўлаган солиқ ва йиғимлари давлатнинг уларга кўрсатган турли хил хизматлари (мудофаа, хавфсизликни таъминлаш, тартиб-интизомни ўрнатиш ва бошқа ижтимоий-зарурий хизматлар) орқали ўзларига қайтиб келади.
Демак, солиқ тўловчилар нуқтаи назаридан олганда ҳамма солиқлар бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг кўрсатган ижтимоий хизматлари учун тўланадиган (тўлов) ҳақдир.
Солиқлар бюджетга ва давлат пул фондларига келиб тушадиган, мажбурий характерга эга бўлган пул тўлови муносабатларидир.
Солиқлар иқтисодий категория бўлганлиги учун бозор иқтисодиёти муносабатлари, шу жумладан, молиявий муносабатлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Бозор иқтисодиёти эркин иқтисодиётдир, яъни ҳар бир ҳуқуқий шахс, тадбиркор ўз товарига эркин баҳо белгилаши, маҳсулот етказиб берувчини топиши ва ўзи истеъмолчини топиб унга маҳсулотни сотиш ҳуқуқига эга. Шунинг учун давлат уларнинг бир қисм даромадларини тақсимлаб, бюджетга оддий ажратма сифатида ололмайди. Солиқ қилиб олиш учун Олий мажлиснинг карори зарур, яъни қонун билан олинган тўлов бюджетга ўтади. Эркин иқтисодиёт шароитида солиқлар ҳам эркин, очиқ, аниқ бўлади, демократик тўловга айланади
Солиқ ставкасини давлат томонидан белгиланишида маълум чегара мавжуд. Ушбу ҳолат кўплаб йирик иқтисодчилар ва давлат арбоблари асарларида кўрсатиб ўтилган. Бунда давлат солиқ тўловчиларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва фойда олишдаги фаолиятини ҳисобга олиб солиқ белгилайди.
Иккинчи томондан, солиқлардан макроиқтисодиётни ривожлантириш, бозор инфратузилмасини яратиш ва бошқа умумдавлат мақсадалари учун етарли молиявий ресурслар тўплаш учун фойдаланилади. Солиқларнинг моҳияти солиқ тўловчилар билан давлат ўртасидаги доимий, узоқ муддатли муносабатларда ўз ифодасини топади. Аниқроқ айтсак, бу ерда иқтисодий муносабат, яъни пул муносабати мавжуддир.
Марказлашган пул фондини ва давлатнинг бошқа фондларини мажбурий ташкил этадиган солиқ ва йиғимлар турларининг йиғиндисига солиқлар тизими деб аталади.
Бу таърифда солиқ ва йиғимлар ягона моҳият, яъни «мажбурий характерга эга бўлган муносабат» ва уларнинг бир-бири билан боғлиқлиги ва ниҳоят бюджетга тушишлигини кўрсатади.
Давлатнинг бюджетдан ташқари фондларига (пенсия, ижтимоий суғурта, бандлик, йўл фондлари ва бошқаларга) тўловларни ҳам мажбурийлик нуқтаи назардан солиқ тизимига киритиш муаммоси мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексига биноан солиқлар тизими умумдавлат солиқлари ҳамда маҳаллий солиқлар ва йиғимларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон Республикаси солиқлар тизими таркиби
Do'stlaringiz bilan baham: |