2. Имиж, шахсий имиж тушунчалари, уларнинг моҳияти
Бозор рақобати шароитида ҳуқуқшуноснинг тўғри танланган имижи унинг муваффақиятида муҳим омили саналади. Ўткир “имиж тафаккурига” эга Н.Макиавелли имижнинг илк назариётчиларидан бири бўлган.
Кундалик ҳаётда репутация (обрў) ва имиж тушунчаларини синоним сифатида қўллаймиз. Бу иккала тушунчани алоҳида-алоҳида кўриб чиқамиз. Репутация (reputation) – бирор-бир инсон ёки нарсанинг фазилатлари ва камчиликлари ҳақида вужудга келган умумий фикрлар. Репутациянинг муайян инсон, фирма, ташкилот ва ҳ.з.лар сифатининг қандай мезонлар билан ўлчанишига қараб ижобий ва салбий турлари мавжуд.
Ижобий репутация – жамоатчилик томонидан кўрсатилаётган жуда катта ишонч бўлиб, инсон ёки ташкилот ҳақида яхши фикрлар ва баҳолар билан ифодаланади.
Салбий репутация – кўп зарар келтиради ва жисмоний шахсларга иш жойини йўқотиш, лавозимининг пасайишида, юридик шахсларда эса истеъмолчилари, бизнес шериклари, сармояларини йўқотиш, фойданинг тушиб кетишида намоён бўлади.
Ишбилармонлик репутацияси – бу ҳозирги замонда ҳар бир инсон ва корхонага бирдек зарур бўлган муҳим нарса. Кескин рақобат шароитида одамлар фақат энг яхши маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланишади, узоқ вақт давомида синалган компаниялар билан ҳамкорлик қилишади.
“Имиж” инглизча сўз бўлиб, таржимада образ, сиймо, сийрат маъноларини беради. Бу учала сўз ҳам табиатан берилган, ўз-ўзидан пайдо бўлган қиёфага нисбатан кенгроқ маънони англатади. Бу кўпинча сунъий равишда тузилган, объектни (хоҳ у инсон, ташкилот ёки бирор-бир маҳсулот бўлсин) тўғри қабул қилишга йўналтирилган бутун бир тизимдир. Компаниялар, маҳсулотларга нисбатан кўпинча бренд сўзи ишлатилади.
Инсон имижи – бу атрофдагиларнинг унинг ҳақидаги фикри. Ушбу фикр фақат ташқи кўринишдан ҳосил бўлмайди. Имиж кўп касблар учун муҳим таркибий қисм бўлиб, у нафақат турмуш тарзига, балки шахснинг атрофдагилар томонидан қабул қилинадиган субъектив сийратига ҳам таъсир кўрсатади. Ҳар бир инсон у ёки бу хислатларига урғу бериб, ўзини яхши томондан кўрсатишни истайди. Масалан, бирор-бир инсон билан танишаётиб унга ёқиш учун буни интуитив тарзда бажарамиз.
Имижнинг қуйидаги кўринишларини фарқлаш мумкин:
Акс имиж – инсоннинг ўзи тўғрисидаги тасаввури.
Жорий имиж – ташқи назар учун.
Исталган имиж – биз интилган образ.
Корпоратив имиж – ташкилот имижи, бунга унинг репутацияси ҳам киради.
Кўринадики, ҳар бир юрист шахсий имижининг ижобий бўлиши жамоавий – корпоратив обрўнинг ҳам юксалишига кучли таъсир кўрсатади.
Дарвоқе: Психологлар тадқиқотларига кўра, 85 фоиз инсонлар бошқа одамлар тўғрисидаги илк фикрини танишувнинг дастлабки 10–20 сониясида ҳосил қиладилар. Дастлабки таассурот узоқ вақт туради ва уни ўзгартириш учун анча ҳаракат қилишга тўғри келади.
Имижнинг асосий таркибий қисмлари:
шахснинг объектив ташқи жиҳатлари (мимика, моторика, овоз тембри)
ўзига хос ҳатти-ҳаракатлар (нутқ одати ва услуби, кийиниш услуби ва қадам босиши)
ижтимоий ва профессионал тавсифи (маълумоти, ижтимоий мавқеи, касби)
ўзи тўғрисидаги фикри (атроф-оламда ўзини шахс сифатида қандай тасаввур қилади?)
воситачилар – оммавий коммуникация воситалари ёрдамида яратилган оммавий образ.
Ўз имижи устида ишлашнинг аҳамияти нимада?
Биз ўзимизни ҳар куни витринага қўямиз: сотувчилар, ҳамкасблар, иш берувчилар, дугоналар, дўстлар, севгилимиз олдида. Бу савдо-сотиқнинг баҳоси – бахт, шахсий муваффақият, хотиржамлик ва қулайлик. Ўзни тақдим эта билиш, яъни ўзи тўғрисида чиройли тасаввур уйғота билиш кундалик мулоқотда, касбий фаолиятда муҳим роль ўйнайди. Американинг беш нафар президенти (Кеннедидан тортиб Картергача) имижини яратган имижмейкер Лилиан Брауннинг фикрига кўра, "касбий билим, кўникмаларингизнинг ўзигина сизни иш ва хизматда ўсишингизни таъминлаб бера олмайди".
Қанчалик ғалати эшитилмасин, инсоннинг тасаввур механизми шундайки, одамлар китобга – муқовасига, маҳсулотга – ўрамига, инсонга эса ташқи кўринишига қараб баҳо беришади. Сиз буни истайсизми-йўқми, сиздан таралаётган сигналлар бошқа одамлар томонидан муайян тарзда қабул қилинади ва сиз бунга қаршилик қилолмайсиз. Исталган киши сиз билан биринчи бор учрашар экан, сиз ҳақингизда ахборот йиға бошлайди: кийиниш услубингиз, ўзингизни тутишингиз, ҳатти-ҳаракатларингиз, овозингиз, нутқингиз ва ҳ.з.
Фредерик Х.Вентс ўзининг «Ажойиб кўникмаларга ўргатиш» китобида табассум ҳам инсон имижига таъсир кўрсатади, деб таъкидлайди.
1. Табассум бизни жозибадор қилади.
2. Табассум кайфиятимизни ўзгартиради.
3. Табассум стрессни енгади.
4. Табассум иммун тизимимизни мустаҳкамлайди.
5. Табассум муваффақиятли инсон сиймосини яратади.
Аввало, инсоннинг ташқи кўриниши, юз ифодаси, нигоҳи, қомати, ҳатти-ҳаракати, қадам ташлашига қараб унинг бўлаётган воқеаларга муносабати ҳақида фикр юритиш мумкин. Яхши яратилмаган имиж инсонга ҳақиқий фазилатларини, ўз имкониятларини намоён этишда ҳалақит беради. Имиж ва карьера ўртасида бевосита боғлиқлик бор, айниқса, бошқарув, юриспруденция, молия, савдо каби муҳим соҳаларда.
Иккинчидан, кўпгина компанияларда хизмат кўрсатувчи персонал, ишчилар ва ҳатто биринчи бўғин иш бошқарувчилари униформада юришади. Ўрта ва юқори бўғин иш бошқарувчилари учун ташқи кўриниш стандартлари анчайин кейин бошланди. Бироқ тез ривожланди. Бугунги кунда жиддий компаниялар ўз иш бошқарувчиларининг ташқи кўринишига муайян талабларни ишлаб чиқишган.
Учинчидан, ўзинг бирга ишлайдиган ва ўзаро муносабатда бўлган одамлар билан муроса қилиш учун тўғри яратилган имиж зарур. Бунинг учун қуйидагилар мавжуд:
Иш кийими кодекси ёки дресскод – бу ишга қандай кийиниш кераклиги ҳақидаги қоидалар тўплами ва кийим, оёқ кийимда бирор-бир фирма ёки лавозимга тегишлиликни билдирувчи белгилар тизими. Кийимга халқаро талаблар стандартлари, мода инжиқликларига қарамай, барқарор. Халқаро ишбилармонлик этикасида корпоратив стилга муайян талаблар мавжуд.
Костюм эркаклар ва аёллар учун ҳам иш униформаси ҳисобланади.
Аксессуарлар унча катта ва мураккаб, бачкана бўлмаслиги керак: яхши соат, мўъжаз зираклар, никоҳ узуги ва б.
Кийимда турли расмлар, ёзувлар бўлмаслиги керак.
Юбка ҳаддан ташқари тор ва калта бўлмаслиги лозим.
Оёқ кийим пошнаси ўртача, тумшуғи ёпиқ бўлиши керак. Аёллар чулки ёки колготкида бўлиши лозим.
Аёллар кўзга кескин ташланмайдиган даражада лаб ва кўз бўёқларидан фойдаланишлари мумкин.
Иш жойида аёллар юбка, кофта ёки жемперда, эркаклар эса костюм, кўйлак, галстукда бўлишлари керак.
Эркаклар учун калта енгли кўйлакларни кийишга иссиқ кунларда рухсат берилади.
Дарвоқе: Ишбилармон кишилар, жумладан, ҳуқуқшунослар турли тақдимотлар, учрашувлар, келишувларда фойдаланадиган кичик бир сир бор: нотиқ тингловчиларга нисбатан бироз яхшироқ кўринишга эга бўлиши керак. Бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат!
Do'stlaringiz bilan baham: |