БИНОЛАР ВА ИНШООТЛАРГА БЎЛГАН МУЛК ВА АШЁВИЙ ХУҚУҚЛАР
Бинолар ва иншоотларга бўлган хуқуқлар турлари
Ўзбекистон Республикаси Фуқоралик Кодексининг 165-моддасига биноан Мулк ҳуқуқи билан бир қаторда хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, яъни, мулкдор бўлмаган шахсларнинг ашёвий ҳуқуқлари ҳисобланади.
Мазкур кодекснинг 167-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида мулк хусусий мулк ва оммавий мулк шаклларида бўлади, 168-моддасига биноан фуқаролар, юридик шахслар ва давлат мулк ҳуқуқининг субъектлари ва 169-моддасига асосан бинолар, квартиралар, иншоотлар мулк ҳуқуқининг объектлари хисобланади.
Мазкур кодекснинг 207-моддасига биноан Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир. Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.
Фуқаролар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, кооперативлар, жамоат бирлашмалари, ижтимоий фондлар ва давлатга қарашли бўлмаган бошқа юридик шахслар хусусий мулк ҳуқуқининг субъектлари ҳисобланадилар (208-модда) .
Мазкур кодекснинг 213-моддасига биноан Республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкидан (муниципал мулк) иборат бўлган давлат мулки оммавий мулкдир.
214-моддага биноан Республика мулкига қуйидаги бино-иншоотлар киради:
-давлат ҳокимияти ва бошқаруви республика органларининг мол-мулки,
- давлат аҳамиятига эга бўлган моддий маданий мерос объектлари,
-корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, ўқув, илмий, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг объектлари;
-бюджет ёки давлатнинг ўзга маблағлари ҳисобидан яратилган ёки сотиб олинган объектлар.
Республика мулки бўлган мол-мулкни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки улар махсус вакил қилган органлар тасарруф қиладилар.
215-моддага биноан Муниципал мулк -давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг бино-иншоотлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалик, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасаларининг , шунингдек бошқа бино-иншоотлар муниципал мулк бўлади. Муниципал мулк бўлган мол-мулкни, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ёки улар вакил қилган органлар тасарруф этадилар.
216-моддага биноан икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади ва умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади- улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк).
Улушли мулкдаги мол-мулк унинг барча иштирокчиларининг келишуви билан тасарруф этилади.
Улушли мулк иштирокчиси ўз хоҳишига қараб ўз улушини сотишга, совға қилишга, васият қилиб қолдиришга, гаровга беришга ёки бошқача тарзда тасарруф этишга улушни ҳақ эвазига бошқа шахсга бериш ваколатларига эга бўлади.
264-моддага биноан Бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни (бино-иншоотни) ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади.
Гаров закалат, ипотека, шунингдек ҳуқуқлар гарови тарзида амал қилиши мумкин.
Гаровга қўйиладиган мулк гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига ўтказилганда гаров закалат деб ҳисобланади.
Бино- иншоотни гаровга қўйиш ипотека ҳисобланади.
Гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд, башарти шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса — нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса — у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Ер юзида, ер тепасида ва ер остида жойлашган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзга шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Моддий маданий мерос объектларига бўлган ҳуқуқлар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, шунингдек тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ёки тўғрилиги ҳақида шубҳа туғилган ҳолларда бино, иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ масаласи даъво тартибида суд томонидан ҳал этилади.
Бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Фуқоралик Кодексининг 182- моддасига биноан мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари қуйидагилардан иборат:
-меҳнат фаолияти;
-мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш;
-давлат мол-мулкини хусусийлаштириш;
-мерос қилиб олиш;
-эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат;
-қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.
Мазкур кодекснинг 184-моддасига биноан Мол-мулк олиш-сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари, ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.
Башарти, қонунларда бошқача кўрсатилмаган бўлса, мол-мулк янги мулкдорга ўтганида, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади.
Шартнома асосида (185-модда) мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса — рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат, 187-модда. ).
Кўчмас ва бошқа мол-мулкка давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган мулк ҳуқуқи ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли олган шахсда ана шундай рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг ихтиёрий суратда мажбуриятни бажариши, мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши, суд қарори асосида мол-мулкни олиб қўйиш (сотиб олиш) йўли билан, шунингдек мулк ҳуқуқини бекор қилувчи қонун ҳужжатларига асосан бекор бўлади (197-модда).
Мулк ҳуқуқини бекор қилиш қуйидаги кўринишларда амалга оширилади:
- мулкдорнинг мол-мулк тақдирини ҳал қиладиган бир томонлама қарор қабул қилиши;
-мол-мулкни тугатиш ва ҳисобдан чиқариш (198-модда);
- мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши -мусодара (204-модда);
Мулк ҳуқуқи бекор қилинганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати баҳоловчи ташкилот томонидан мулк ҳуқуқи бекор қилинган пайтда белгиланади.
Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.
Бинолар ва иншоотларга бўлган хўжалик юритиш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Фуқоралик Кодексининг 176- моддасига биноан Хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида ихтиёрида мол-мулк бўлган унитар корхона бу мол-мулкка белгиланган доирада эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
Республика ва муниципиал мулки бўлган мол-мулк (бино-иншоотлар) давлат юридик шахсларига хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилади.
Мазкур кодекснинг 181-моддасига биноан Мулкдорнинг қарори билан унитар корхонага ёки муассасага бириктириб қўйилган мол-мулкни хўжалик усулида юритиш ҳуқуқи ушбу корхона ёки муассасада унга мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва мулкдорнинг қарори билан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда бекор қилинади.
Бинолар ва иншоотларга бўлган оператив бошқариш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Фуқоралик Кодексининг 178- моддасига биноан оператив бошқариш ҳуқуқи Давлат корхонаси, шунингдек муассасаси ўзларига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада, ўз фаолиятининг мақсадларига, мулкдорнинг топшириқларига ҳамда мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларини амалга оширадилар.
Давлат корхонаси ёки муассасасига бириктириб қўйилган мол-мулкнинг эгаси ортиқча, фойдаланилмаётган ёки ноўрин фойдаланилаётган мол-мулкни олиб қўйиш ҳамда уни ўзи хоҳлаган тарзда тасарруф этишга ҳақли.
Республика ва муниципиал мулки бўлган мол-мулк (бино-иншоотлар) давлат юридик шахсларига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бириктириб қўйилади.
Мазкур кодекснинг 181-моддасига биноан Мулкдорнинг қарори билан унитар корхонага ёки муассасага бириктириб қўйилган мол-мулкни Оператив бошқариш ҳуқуқи ушбу корхона ёки муассасада унга мол-мулк топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва мулкдорнинг қарори билан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда бекор қилинади.
Бино ва иншоотларга бўлган мулкий ҳуқуқларнинг
пайдо бўлиши ва бошқага ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар
Do'stlaringiz bilan baham: |