Метеорология – Ер атмосфераси, унинг тузилиши ва хоссалари, атмосферада рўй берадиган турли ҳодисаларни ўрганадиган фандир.
Метеорология фанининг асосий вазифаси атмосферада рўй берадиган ҳодисаларни физика фани нуқтаи назаридан тушунтиришдир. Метеорология атмосферада рўй берадиган жараёнлар ва ҳодисаларни қуруқлик ва Дунё океани сирти билан ўзаро таъсирда ўрганади. Метеорология сўзининг ўзи қадимги грек тилида «метеор» осмон ҳодисаси, «логос» ўрганиш, билиш деган маънони билдиради. Шундай қилиб, метеорология осмон ҳодисаларини ўрганадиган фандир. Метеорологиянинг асосий вазифаси атмосфера жараёнларини ўрганиш билан чекланмасдан, балки уларга фаол таъсир этиш- об-ҳавонинг ноқулай ҳодисалари зарарини йўқотиш ёки камайтириш масалалари билан ҳам шуғулланади. Масалан, дўл ёғадиган булутларга таъсир этиб йирик дўл ёғишига йўл қўймаслик ва шу билан экинларни дўл уришидан сақлаб қолиш усулларини ишлаб чиқади.
Метеорология фани ҳаво таркиби, зичлиги, ҳарорати ва намлиги, нурий энергия ва унинг айланишлари, булутлар, ёғинлар, атмосферада ҳаво массаларининг вужудга келиши ва ҳаракати, довуллар, қора совуқ (совуқ уриш)лар, қурғоқчилик, атмосфера ҳолатини тавсифлайдиган бошқа жуда кўп катталиклар ва ҳодисаларни қуруқлик ҳамда Дунё океани сирти билан ўзаро таъсирда ўрганади.
Атмосфера ҳолатининг кескин ўзгаришига сабаб бўладиган бирор физик жараёнга атмосфера ҳодисаси деб юритилади. Бирор жойда аниқ вақт пайтидаги ёки вақт оралиғидаги метеорологик катталиклар ва ҳодисаларнинг мажмуаси билан тавсифланадиган атмосфера ҳолати об-ҳаво дейилади.
Метеорологияни баъзан об-ҳаво тўғрисидаги фан деб ҳам аталади. Содда қилиб айтилган бу таъриф фаннинг ҳозирги кундаги мазмунини тўғри кўрсатади деб айта оламиз.
Ҳаво ҳолати ва баъзи атмосфера ҳодисаларининг турлича тавсифларига метеорологик катталиклар дейилади.
Метеорологик катталиклар тушунчасини атмосфера ҳолатини миқдор жиҳатдан тавсифлаш учун киритилади. Ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими, шамол тезлиги ва йўналиши, булут миқдори, ёғингарчилик, кўринувчанлик узоқлиги асосий метеорологик катталиклар ҳисобланади. Бу катталикларнинг ҳар бирининг қиймати у ёки бу ўлчов бирлигида ифода қилинади. Масалан, атмосфера босимини асосан гПа (гектопаскаль) бирликда ифодалансада, кўпинча унинг мм симоб устуни бирлигининг қўлланилишини ҳам учратамиз.
Қуёш радиацияси, Ер ва атмосфера нурланиши, қуёш шафағи (ёғдуси)нинг давомийлиги каби нурий энергиянинг баъзи тавсифларини ҳам метеорологик катталикларга қўшиш мумкин.
Метеорологик ҳодисаларга–туман, яхмалак, қор бўронлари, чанг ва қум бўронлари, момақалдироқ, қуюн, шудринг, қиров ва бошқалар киради. Уларни сифат жиҳатдан ёки метеорологик катталиклар ёрдамида ифодалаш мумкин. Масалан, «қуюқ» туман тушди ёки 10-15 м масофани кўриш қийин бўлган туман тушди ва ҳ.к.
Метеорологик катталиклар ва ҳодисалар ўзаро боғлиқ, улардан бирининг ўзгариши бошқаларининг ўзгаришини юзага келтиради. Масалан, атмосферадаги жараёнларнинг ривожланишида булутлик ўзгарса, унинг ўзгариши ўз навбатида ҳаво ҳарорати, намлиги, ёғинлар, шамолларнинг ўзгаришига олиб келади. Натижада, об-ҳаво ҳам ўзгаради. Шунинг учун ҳам об-ҳаво тез ўзгарувчан ва турлича бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |