Умумхоразм қурултойи ва МИК ваколатларига – ХХСР Конституциясини қабул қилиш; чегараларни ўрганиш, ўзгартириш ва ХХСР га тегишли ҳудудлар доирасини тасдиқлаш; ХХСРда пул, оғирлик ўлчовларини белгилаш ва ўзгартириш; чет мамлакатлар билан алоқалар олиб бориш; уруш ва тинчлик масалаларини ҳал қилиш; қарз олиш, божхона, савдо ва молия шартномаларини тузиш; ХХСР ҳудудида халқ хўжалигининг умумий режаларини белгилаш; давлат бюджетини ўрнатиш; умумдавлат қонунчилиги, суд тузилиши, фуқаролик, жиноий суд юритиш ва бошқа қонунчиликни амалга ошириш; умумдавлат солиқ ва йиғимлар ўрнатиш; ХНК аъзоларини лавозимига тайинлаш ва озод қилиш; ХНК раисини тасдиқлаш; Хоразм фуқаролигини олиш ва йўқотиш; республика ҳудудида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқлари тўғрисида қарорлар қабул қилиш; ҳар қандай масалани ўзларининг хохишларига кўра кўриб чиқиш ва ҳал қилиш киритилган.
Хоразм республикаси тузилган дастлабки ойлардан бошлаб ундаги ғоявий – сиёсий вазият кескинлашиб борди. “Ёш хиваликлар” ҳукумати ва демократик кайфиятдаги кучлар маҳаллий шароитни тушунган ҳолда аҳолининг урф-одатлари ҳамда қадриятларига мос ҳолда иш олиб бордилар. Аммо, марказдан жўнатилган қизил армия ва унинг бошлиқлари, коммунист большевиклар ХХСР даги ижтимоий-иқтисодий ҳаётга мутлақо салбий таъсир кўрсатдилар. Улар қонунга хилоф равишда республиканинг ички ишларига аралашдилар ҳамда маҳаллий шароит, халқ оммасининг кайфияти ва хохиш иродасини умуман ҳисобга олмай инқилобий чора-тадбирларни, советлаштириш сиёсатини амалга оширдилар.
Шунга қарамасдан, республиканинг кўплаб маҳаллий раҳбар кадрлари мустақиллик учун, адолатсизликка қарши ғоявий кураш олиб бордилар. Мисол учун, 1923 йил баҳорида ХХСР савдо саноат нозири К.Нуруллаев Москвада РСФСР билан бўлаётган музокараларда ХХСР фойдасига қатъийлик кўрсатгани учун учун Хоразмга чақирилиб, қамоққа олинди. 1923 йилнинг ёз ва кузида Совет Россиянинг кўрсатмалари асосида Хоразм республикасида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, октябр ойида ХХСР Совет Социалистик Республикасига айлантирилди.
Хулоса қилиб айтганда, инқилобдан кейин пайдо бўлган ХХСР, кейинчалик ХССРнинг қисқа муддатли фаолияти мураккаб ва зиддиятларга тўла вазиятда кечди. Республиканинг ички ишларига аралашишлар, маҳаллий раҳбар кадрларга ишончсизлик, маҳаллий шароитларни ҳисобга олмасдан иш кўриш, марказнинг кўрсатмаси билан ҳали тайёр бўлмаган ўлкани “социалистик республика” деб эълон қилиш каби ўта жиддий хатоликлар Хоразмнинг мустақиллиги, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожига катта зарар етказиб, Хоразмни советлаштириш жараёнини янада тезлаштирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |