Қишлоқ хўжалик соҳаларидаги тадбиркорлик фаолияти агробизнес дейилади. Агробизнес тушунчасига бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасига кирмайдиган, бироқ у билан боғлиқ бўлган фаолият билан шуғулланувчи бизнес турлари ҳам киритилади. Бу қишлоқ хўжалигига техникавий, таъмирлаш хизмати кўрсатиш, унинг маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик фаолиятидир. Қисқача қилиб айтганда, агробизнес агросаноат интеграцияси натижасида вужудга келган агросаноат мажмуасининг барча бўғинларини қамраб олади. Агробизнес фаолиятининг мақсади истеъмол бозорини етарли миқдорда сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, саноатни эса хомашё билан узлуксиз таъминлаш орқали фойда кўришдан иборат.
Агробизнеснинг асосий шакли ва бирламчи бўғини фермер ва деҳқон хўжаликларидир. Чунки улар бевосита қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Бу хўжаликлар ўз ерида ёки ижарага олинган ерда иш юритиб, унда мулк эгаси ва ишлаб чиқарувчи фермернинг ўзи ва оила аъзолари ҳисобланиб, айрим ҳолларда ёлланма меҳнатдан фойдаланиш ҳам мумкин. Фермер хўжалигининг афзаллиги шундан иборатки, унда мулк ва меҳнат бевосита қўшилади, бу эса ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлигини таъминлайди. Фермер хўжаликлари мустақил тузилма бўлиш сабабли ўз фаолиятини бозор конъюнктурасига тез мослаштира олади. Унда иқтисодий манфаат ва пировард натижа учун масъулият битта фаолиятнинг икки томонини ташкил қилади. Буларнинг ҳаммаси фермер хўжалигининг яшовчанлигини таъминлайди.
Агробизнес турларидан бири агрофирмалардир. Агрофирма маълум турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва уни пировард маҳсулот даражасигача қайта ишлашни қўшиб олиб борадиган корхонадир. Агрофирмалар ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам саноатга хос ресурсларни ишлатиб, истеъмолга тайёр бўлган маҳсулот яратади. Мазкур турдаги корхоналар турли мулкчиликка асосланиши, чунончи оилавий хўжалик асосида ҳам ташкил топиб, кичик заводлар билан бирикиши мумкин. Агросаноат бирлашмалари ва комбинатлари агробизнеснинг янги турларидир.
Агросаноат бирлашмалари бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва унга боғлиқ ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи бир неча хўжалик ҳамда корхоналарнинг бирлашмасидир. Масалан, боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланувчи хўжаликлар, улар маҳсулотини қайта ишловчи цех ва заводлар, истеъмолчиларга етказиб берувчи савдо-сотиқ корхоналари бир технологик жараёнга бирлашиб агросаноат бирлашмаларини ташкил қилади. Бирлашма иштирокчилари ишлаб чиқариш, хўжалик ва молиявий мустақилликларини сақлаб қолиши билан бирга, уларнинг умумий мулки ҳам таркиб топиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |