Ханна Мина ижодида романчилик анъаналари
Абдуллаев Абдулҳай
филология фанлари номзоди, доцент
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
Давлатларининг иқтисодий салоҳияти оғир саноатининг ривожлангани нуқтаи назаридан белгилангани каби, араб адабиётининг жамият эстетик тафаккурига қўшган ҳиссаси ҳам ундаги романчиликнинг салмоғи билан ифодаланади. Зеро, роман миллат бадиий тафаккурининг тараққиётини кўрсатиб берувчи деб эътироф этилади.
ХХ асрнинг 50-йиллари ўрталаридан 70-йиллари охиригача бўлган давр араб адабиёти тарихида, хусусан, Сурия адабий тарихида муҳим ўрин тутади. Ушбу даврни араб-мусулмон адабиёти анъаналаридан узоқлашиш даври деб аташ мумкин. Бу даврда анъанавий элементлар ҳали тўлиқ сиқиб чиқарилмаган, Европа маданиятининг ютуқлари эса соф миллий эстетик дидлар ва қарашлар фильтридан ўтган. Бу давр араб дунёсидаги адабий жараённинг ривожланишнинг типологиясини тушуниш учун жуда муҳим1.
ХХ аср араб мамлакатлари адибларининг асарларига диққат билан назар ташланса, аввало, уларнинг мавзуси, кўтарилган муаммолар ва муаллифларнинг бадиий манералари қанчалик хилма-хил эканлигини кўриш мумкин. Араб танқидчиларининг фикрича, адабиёт, айниқса, роман жанрининг ижтимоий аҳамияти беқиёс даражада ўсди, китобхонларнинг романга бўлган қизиқиши ортди. Булар сирада суриялик ёзувчи Ханна Мина ўз мавзулари, ўзига хос ёзув услуби, дунёқараши, нуқтаи назари билан бошқа араб ёзувчилар ўзига хос фарқланади.
ХХ аср 50-80-йилларда Сурияда ҳаёт чоғида классикка айланган адиб Ханна Мина ижод қилди. Ҳозирга қадар унинг ўрнини босадиган муносиб адиб кўзга кўринмайди. Назаримизда, Х.Минанинг тажрибаси адабиёт хотирасида “ўрнашиб”, бадиий тафаккур ҳаракатининг зарур қисми бўлиб қолади. Бўлажак “чўққи”лар шаклланишидан олдин ички, унчалик сезилмайдиган адабий асарларнинг тўпланиши даври келади. Адиб Исҳоқ, ал-Кавокибий, энди, эҳтимол, фақат мутахассисларни қизиқтиради, аммо уларнинг ижоди Н.Маҳфузнинг келишига замин тайёрлади.
Сўнгги даврларда роман жанри араб танқидчилари, адабиётшунослари ва ёзувчиларининг эътиборини торта бошлади. Замонавий араб насрини ўрганиш, унинг асосий тараққиёт босқичларини чуқур илмий ёритиш, жумладан, Сурия адабиётидаги роман жанрининг хусусиятларини аниқлаш энг долзарб ва кўп қиррали муаммо ҳисобланади. Араб адабиётшунос ва танқидчилар Сурия романнавислигининг ривожланиши муаммоларига алоҳида эътибор қаратганлар2.
Суриялик ёзувчи Абдусалом ал-Ужайлийнинг таъкидлашича, турли ёзувчилар ижтимоий воқеликни турли шаклларда ифодалайдилар. Баъзи роман муаллифлари воқеликни худди суратга тушираётгандек акс эттириш билан чеклансалар, бошқалари эса ҳаётдан завқ олиб, уни турли рангларда тасвирлайдилар. “Яна бир гуруҳ муаллифлар эса унинг камчиликларини кўриб, танқид қилишади. Яна шундай ёзувчилар борки, улар учун атрофдаги олам билан ўзаро муносабат ундан қочишни англатади, улар ҳаққоний ҳаётдан узоқ нарсалар ҳақида ёзадилар. Ўзим ҳақимда айтишим мумкинки, мен воқеликни рад этадиган ёзувчиларданман, баъзида мен уни пушти рангда кўраман, аммо у менга баъзан қора рангда кўринади. Ҳаётнинг ёрқин томонлари ҳам бор, мен унда қувончу шодлик борлигини инкор этмайман... лекин умидсизлик, тушкунликка тушиш учун сабаб кўпроқдек туюлади менга, ёки менинг кўзимга жамият ҳаётининг қоронғу томонлари кўпроқ ташланади. Масалан, мен бадавийлар муҳитида қасос, қишлоқдаги қолоқлик, учинчи дунё мамлакатларидаги ҳукмдорларнинг золимликлари ҳақида ёздим1.
Сурия адабиётига бағишланган қатор илмий ишлардан бири сифатида А.А.Долининанинг 1968 йилда нашр этилган “ХIХ аср сўнгги чораги ва ХХ асрда Миср ва Сурия публицистикасига бағишланган янги давр араб адабиёти тарихи (Миср ва Сурия)” монографиясини алоҳида кўрсатиш мумкин (1870-1914). Ушбу китобда сўз бораётган даврнинг умумий тавсифи, шунингдек, йирик ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисидаги очерклар берилган бўлиб, муаллиф ўйлаган араб маърифатпарварлик адабиёти ҳақидаги очеркларнинг биринчиси ҳисобланади. Айнан публицистикада араб ижтимоий тафаккури тарихидаги қарама-қаршиликлар ҳам ёрқин акс эттирилган, адабий услубни янгилаш учун кураш бўлмаганида у йиллар араб адабиётининг бутун тарихи тушунарсиз бўлиб қолар эди. ХIХ асрнинг сўнгги чораги ва ХХ аср бошларида Миср ва Суриянинг бир қатор йирик ёзувчиларининг фаолияти бевосита публицистика билан боғлиқ. Шу сабабли, муаллиф ўша давр публицистикасининг умумий тавсифи билан чекланиб қолмайди, аксинча унинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий қарашлари ва унинг энг обрўли вакилларининг адабий фаолияти очеркларини беришни зарур деб ҳисоблайди.
Сўнгги тадқиқотда йирик фактик материал асосида 1979 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган Сурия насрининг энг муҳим жанри ҳисобланган роман жанрининг ярим асрлик тараққиёт йўли реализмга мувофиқ кўриб чиқилган. Сурия романига классицизм, романтизм ва реализм йўналишларининг таъсири даражаси белгиланган, умуман реалистик тендентциянинг чуқурлашиши ва реализм тамойилларига асосан ёзилган илк романларнинг пайдо бўлиши кўрсатиб берилган, хусусан, тарихий, ижтимоий, ижтимоий-маиший романларнинг турлари аниқланган.
Замонавий Сурия адабиёти ҳануз етарли даражада ўрганилмаган. Ҳозирга қадар бирорта монографик тадқиқот амалга оширилмаган, Сурия адабиётида роман жанрининг юзага келиши муаммоси ҳал этилмаган, Сурия насрининг миллий ўзига хослиги масаласи кун тартибига қўйилмаган.
Ҳусам ал-Хатиб, Муҳсин Жасим Али ал-Мусавий, Муртоз Абдулмалик, Аднан ибн Зурейл каби араб адабиётшунослари Сурия адабиётида анна Минанинг роман жанрининг ўзига хос хусусиятларини ўрганишган. Бироқ анъаналарга кўра, юзага келган тасаввурлар таъсирида адабиёт тарихидаги муайян давр тавсифи берилган умумий шарҳларнинг муаллифлари етакчи ёзувчиларнинг ишлари билан боғлиқ материаллардан тўла фойдаланишдан ўзларини тийганлар. Бу ёзувчиларнинг ижодий амалиётларида адабий жараённинг муҳим хусусиятлари ва объектив қонуниятлари чуқур ва ёрқин намоён бўлган, деб ўйлаймиз.
Ушбу кўп қутбли дунёда шахснинг маънавий дунёси, мустақил қадрият ва ҳар бир инсоннинг хилма-хил манфаатлари биринчи ўринда туради. Ушбу умуминсоний принципдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ўз тараққиётида демократияни, очиқ жамиятнинг тамойилларини кенгайтириш орқали ҳаракат қилмоқда. Айнан барча халқларнинг барча даврларда бадиий адабиётларида ҳар бир инсон ҳаётининг қадр-қиммати алоҳида таъкидланган. Шу маънода араб халқларининг замонавий адабиётлари ҳам бундан мустасно эмас.
Адабиётда содир бўлаётган ҳаётий жараёнларнинг барча макон ва замон ичидаги ўзгаришларда кўриб чиқилиши лозим бўлган ҳолатлар асосий концептуал ғоядир. Араб адабиётининг ўзига хос муаммоларини ўрганишда М.Акбарова, Р.Ходжаева, А.Долинина, З.Левин каби шарқшунос-филологларнинг тадқиқотларида ишлаб чиқилган қонуниятларнинг объектив тарихий таҳлил усулидан фойдаланилган. Ушбу тадқиқотнинг янгилиги урушдан кейинги йилларда Сурия адабиёти тараққиётининг асосий тенденциялари аниқлангани, Сурия адабиётидаги романларнинг бадиий ва таркибий таҳлили амалга оширилгани, таниқли суриялик романист Ханна Миннинг адабий ва илмий мероси ўрганилгани ва унинг сурия романнавислиги тараққиётидаги муҳим ўрни ва роли аниқлангани, Ханна Мина романларининг сюжет-композицион услуб хусусиятлари очиб берилганлигида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |