10.3. Даромад ва харажатларни режалаштириш
Даромад ва харажатларни режалаштириш бизнес-режани ишлаб чиқишнинг якунловчи босқичи бўлиб, у иқтисодий ривожланиш тенденциялари, бозор, инфляция, ишлаб чиқариш технологияси ва ташкил қилинишида рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришлар тенденциялари ҳақидаги объектив ахборотларга таяниши лозим. Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёни бораётган, корхоналар мустақил хўжалик субъектларига айланиб, ишлаб чиқаришдаги ютуқ ва камчиликлар учун ўзлари тўлиқ жавоб бераётган ҳозирги шароитларда даромад ва харажатлар кўрсаткичларини аниқлаш объектив заруратга айланиб бормоқда.
Бироқ даромад ва харажатлар режаси – молиявий режалаштиришнинг материаллашган натижалари – бозордан олдинги иқтисодий хўжалик шароитларида ҳам мавжуд бўлган. У бизнес-режадаги каби, техник-молиявий-саноат режаларида ҳам якуний бўлим ҳисобланган. Ҳозирги ва илгари амал қилган ҳужжатлар ўртасида фарқ шундаки, илгари даромад ва харажатлар давлатга тегишли бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг барчаси корхона эгаси қўлидадир. Айнан у биринчи навбатда корхонанинг зарар кўрмасдан ишлаши, сарфланган харажатлар фойда келтириши, ишлаб чиқаришнинг рентабеллик даражаси юқори бўлишидан манфаатдор бўлади.
Даромад ва харажатлар режасида корхонани молиялаштириш натижалари фаолият турлари бўйича фойдалилик нуқтаи назаридан келтирилади. Унда корхонанинг режадаги давр учун даромад ва харажатларининг ҳисоб-китоб баҳоси берилади. Молиявий натижалар ва харажатлар моддаларини режалаштириш 1999 йил 5 февралда тасдиқланган «Молиявий натижаларни шакллантириш тартиби ва маҳсулот (иш, хизмат) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби тўғрисидаги Низом»49га асосан амалга оширилади.
Ушбу низом маҳсулот (иш, хизмат) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини аниқлашнинг ягона методолгик асослари ва корхонанинг молиявий натижаларини шакллантириш тартибини белгилаб беради.
Унда харажатлар гуруҳланиб, молиявий натижаларни шаклантиришнинг асосий қоидалари келтирилади.
Корхона фаолиятининг молиявий натижалари қуйидаги фойда кўрсаткичлари билан тавсифланади:
Маҳсулотни сотишдан олинувчи ялпи фойда, маҳсулот сотишдан келиб тушган соф тушум билан сотилган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади:
ЯФ= ССТ - ИТ,
бу ерда: ЯФ – ялпи фойда;
ССТ – сотишдан келиб тушувчи соф тушум;
ИТ – сотилган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи;
Асосий фаолиятдан кўрилган фойда - маҳсулот сотишдан олинувчи ялпи фойда билан вақт харажатлари ўртасидаги фарқга бошқа даромадлар қўшилади ва асосий фаолиятнинг бошқа харажатлари (зарар) айирилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |