GPS приёмниклари ёрдамида статика, тезлаштирилган статика ва псевдокинематик геодезик ўлчаш усуллари Статика усули
Статика усули сунъий йулдошлар ёрдамида геодезик ўлчаш ишларининг «классик» усулларидан биридир. Бу усулда бир вақтнинг ўзида икки ва ўндан ортиқ приёмник узоқ вақт давомида ўлчаш ишларини бажаради.Ўлчаш ишлари вақтида сунъий йулдошларнинг геометрик жойлашган ўрни ўзгаради, бу эса аниқлик масаласини ечишда муҳим роль ўйнайди. Узоқ вақт ўлчаш натижасида циклларнинг узилиш оралиқларини ва уларни тўғри моделлаштиришга имкон яратади.
Статика усули юқори аниқликдаги геодезик ишларни бажаришда, 15-20 км. дан ортиқ масофадаги векторларни ўлчашда ва сунъий йўлдошларнинг минимал кўринишида ҳам бажарилиши мумкин.
Ўлчаш ишларининг сеанс давомийлиги вектор узунлигига, бир вақтнинг ўзида кузатилаётган сунъий йулдошлар сони, приёмниклар типига (бир ва икки частотали) ва талаб қилинаётган аниқликга боғлиқ.
Ўлчаш жараёнида яъни 90% вақт мобайнида приёмник камида тўртта сунъий йўлдошдан сигнал қабул қилиши шарт.
Статика усулига қўйиладиган асосий талаблар:
- сигнал қабул қилинаётган сунъий йулдошлар сони 4 дан кам бўлмаслиги керак;
- маълумотлар йиғиш ва қабул қилиш интервали - 20 сек. бўлиши керак.
Станцияда иш штативга ўрнатилган антеннани ўрнатишдан ва унинг баландлигини аниқ ўлчашдан бошланади. Приёмникни марказлаштириш ва нивелирлаш оптик марказлаштиргич ёрдамида +2 мм аниқликда ўрнатилади. Антеннада белги бўлса шимолга ориентирланади.
Барча ўлчашлар антенна маркази орқали бажарилганлиги туфайли антенна баландлигини аниқ ўлчаш зарур. Антенна баландлигини ўлчашдаги хатолик уччала координаталар ечимига таъсир кўрсатади. Баландлик рулетка ёки махсус ўлчаш мосламаси ёрдамида сеанс бошлангунча ва тугагандан сўнг ўлчанади, агар ўлчанган натижа 2 мм дан ортик бўлса бу ўлчов қайтадан ўлчанади.
Ўлчаш ишлари ишлатиш бўйича йўриқномада қилинган тавсияга мос ҳолда амалга оширилиши ва ўрнатилган журналда ёзилиши керак.
Приёмникни ишга тушириш ва ўчириш йўриқномага асосан бажарилади.
Ўлчаш ишлари «сунъий йўлдошлар харакатланиш жадвал»ига асосан бажарилиши зарур. Приёмник ўлчаш ишлари бажарилишидан 5 минут олдин ишга туширилиши мумкин. Приёмник кеч қўшилиши мумкин эмас, акс холда, приёмникларнинг бир вақтда ишлаш вақти камаяди ва бунинг натижасида олинадиган якуний натижага салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўлчаш ишларини бошлашдан олдин асбобнинг ишчи урнатиш қисмлари, яъни сунъий йулдошдан олинаётган сигналларнинг ўлчаниш бурчаги, маълумот йиғиш интервали ва ёзиб олаётган мосламада (флешка) ҳажмининг етарлилиги текшириб кўрилади. Маълумот йиғиш интервали барча ишлаётган приёмникларда бир хил бўлиши керак. Иш бошлангандан кейин керакли сунъий йўлдошлар билан алоқа борлигига ва приёмник ўз ўрнини аниқлаётганлигини текшириш зарур.
Сеанс бошлангунга қадар пункт номи, антенна баландлиги, оператор коди, об-ҳаво, температура, босим, намлик ва бошқа маълумотлар киритилади.
Сеанс давомида приёмник иши, алоқадаги сунъий йўлдошлар сони, сунъий йўлдошнинг геометрик жойлашувини текшириб туриш зарур, агар юқоридаги кўрсаткичлар талабга жавоб бермаса, сеанс вақтини узайтириш керак.
Атмосферадаги ўзгаришлар ёмғир, туман ва кунннинг тунги ҳолати приёмник ишлашига таъсир кўрсатмайди.