Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 3 июлдаги 12-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноят ишларини кўришда қонунлар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, мазкур тоифа ишлар бўйича одил судлов сифатини ошириш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 3 июлдаги 12-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга оид жиноятлар аҳоли соғлиғига, жамиятнинг иқтисодий ва маънавий негизига жиддий таҳдид солади, оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатади, бошқа ижтимоий муаммолар келтириб чиқаради.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 3 июлдаги 12-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноят ишларни кўришда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (кейинги матнда — ЖК) 270 — 276-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги 1999 йил 19 августдаги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзда ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли Қарори, Психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенция (1971 йил 21 февраль, Вена), Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Ягона конвенция (1961 йил, Вена), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик воситалар ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш тўғрисидаги Конвенцияси (1988 йил 20 декабрь, Вена), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг мазкур соҳага оид халқаро келишувларига риоя этилиши лозим.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 3 июлдаги 12-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Тушунтирилсинки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш деганда, уларни Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган шарт ва тартибни бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш тушунилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 3 июлдаги 12-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Қонунга кўра, маъмурий ва жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарори билан тасдиқланган қуйидаги рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганда келиб чиқади:
Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (I рўйхат);
Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (II рўйхат);
Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган психотроп моддаларнинг рўйхати (III рўйхат);
Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши чекланган прекурсорларнинг рўйхати (IV рўйхат).
Бунда шуни назарда тутиш лозимки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун айбдорлар барча ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортиладилар (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 56-моддаси). Агар мазкур ҳаракатлар ўтказиш мақсадини кўзлаб содир этилса, қилмиш ЖК 273-моддасининг биринчи қисми билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |