Касаллик инкубацион даври 2 ҳафтадан 27 ҳафтагача, ўртача 7-8 ҳафта бўлган муддатни ташкил қилади. Касаллик уч даврда кечади: ўткир, латент ва реактивация фазаси. Ўткир ҲCВ инфекцияси 80 % ҳолларда тиббий белгиларсиз кечади ва уларнинг 60-85 % илари сурункали формасига ўтиб кетади, уларда жигар сиррози ва жигар гепатоселлулар карсиномалар ривожланиши хавфи юқори бўлади.
Кўп ҳолларда касалликнинг ўткир формаси аниқланмасдан қолади, сариқлик ҳам фақатгина 20 % беморларда пайдо бўлади. Бошқа симптомлар кучсиз намоён бўлиб, қолган гепатит турлариники каби кечади. ҲCВ билан зарарлангандан 1 ҳафта ўтиб қонда ПЗР ёрдамида вирусни аниқласа бўлади. Вирусга қарши антитело бир неча ҳафта ўтгач ҳосил бўлади. 10-20 % ҳолларда транзитор инфекция ривожланиши мумкин, бунда вируснинг элиминацияси (организмдан чиқиб кетиши) кузатилади, аммо иммун тизими вирусга қарши антителолар ишлаб чиқармаган бўлади ва инсон ҲCВ нинг бошқа типлари билан зарарланиб қолиши хавфи юқори бўлади.
Ўткир ва латент Гепатит C 30-50 % ҳолларда, вируснинг бутунлай организмдан чиқиб кетиши ва касалликдан бутунлай тузалиб кетиш билан кечиши мумкин. Аммо, вирус ўзининг латент даврини кўпинча узоқ муддат сақланувчи персистенцияланган формасига ўтказиши мумкин. Латент даврида бемор ўзини соғлом ҳис қилади ва ҳеч қандай шикоятлари бўлмайди. Реактивация фазасида эса Гепатит C вируси сурункали шаклига ўтади. Бу фазада вирусемия кузатилиб, қонда ҲCВ-РНК ва анти-ҲCВ кўп миқдорда топилади.
Жигар сиррози 20-30 % ҳолларда 10-20 йилдан бери сурункали Гепатит C билан касалланган беморларда келиб чиқади. Гепатоселлулар карсинома эса беморларнинг 0,4-2,5 % ида пайдо бўлади, айниқса жигар сиррози билан касалланганларда. Жигардан ташқари ҲCВ вируси артралгия, Рейно касаллиги ва тромбоситопения билан кечувчи пурпура каби касалликларни чақиради.
Гепатит C нинг сурункали формасида бемор қонида анти-ҲCВ нафақат эркин ҳолда, балки иммун ҳужайраларига бириккан ҳолда ҳам топилади. Анти-ҲCВ-ИгГ скрининг текширувларида интерферон билан даво чоралари буюриш учун текширилади. Қонда ҲCВ топилиши вируснинг репликацияси яъни кўпайиши жадал кетаётганидан далолатдир.
ЎҚИНГ: Киндик чурраси ҳомиладор аёл учун хавфлими?
Вирус репликацияси кетаётгани аниқланганда, ҳомиладор аёллар α-интерферон билан даволанади, бу интерферон вируснинг жигарга киришини, қобиғини ташлаши ва м-РНК оқсиллар синтез қилишини тўхтатади. Ҳозирги кунда Гепатит C га қарши ваксина йўқ, бунга сабаб вируснинг мутацияга тез учраши ва иммун тизимининг ҲCВ билан реакцияга кириши ҳақида билимлар камлигидир.
Ҳомиладорларда Гепатит C диагностикаси
ҲCВ-РНК нинг ҳомиладорларда аниқланиш даражаси 1,2-4,5 %ни ташкил қилади. Ҳомиладорлик кечишига Гепатит C касаллиги ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Барча ҳомиладорлар ҲCВ га бутун ҳомиладорлик давомида 3 марта текширилади. Вируснинг ҳомиладорликка таъсири жуда кам ҳолларда учрайди, кўпчилик аёлларда касаллик симптомларсиз кечади, фақатгина 10 % аёлларда аминотрансфераза миқдори юқори бўлади.
Гепатит C вертикал йўл билан юқса ҳам, ҳомиладор бўлишга қарши кўрсатма бўла олмайди. Ҳомилага вирус ўтиши аёлнинг касалланганлик муддатига боғлиқ эмас. Вирус репликацияси жадал кечаётган аёлларда, ҳомилага юқиш хавфи юқори бўлади. Илмий изланишлар аниқлашича, она қорнидаги болага вирус фақатгина зарарланган лимфоцитлар орқали юқар экан. Гепатит C нинг ОИВ инфекцияси билан бирга кечишида ҳомилага юқиш даражаси юқори бўлади (10-20 % ҳолларда), бу иммун тизими сусайганлиги билан тушунтирилади.
ҲCВ ни скрининг текширишларда аниқлаш кўпчилик мамлакатларда мақсадли ҳисобланмайди. Вирусни гепатолог ҳузурида қўшимча текширувлар асосида аниқлаш, агар унинг репликацияланиш даражаси паст бўлса, оддий йўл билан туғишга кўрсатма бериши керак. Аммо, Гепатит C билан касалланган аёлларнинг оддий йўл билан туғиши ҳақида аниқ бир хулоса йўқ, баъзи мутахасислар кесарча (кесерва) йўли билан ҳомила туғилса, вирус юқиш эҳтимоли кам деса, баъзилар оддий йўл билан туғиш ҳам мумкин дейишади. Йўлдош пуфаги эрта ёрилиши ва узоқ муддат сувсизланиш ҳолатлари вируснинг юқиш хавфини ошириб юборади.
Онада гепатит C вируси топилган тақдирда, киндик қон томирларидаги қон текшириб кўрилади. Болада вирус аниқланган бўлса ҳам, антивирус препаратлар билан даволаш 2 ёшга тўлмагунгача ман қилинади.
Она сути таркибида гепатит C вируси бўлади, шунинг учун болани сут билан озиқлантириш муаммоси ҳозирги кунга қадар муҳокама қилиб келинмоқда. Сут таркибидаги вирус консентрацияси, қондаги вируснинг репликацияланиш даражасига боғлиқ. Демак, қонда вирусемия кетмаётган бўлса она сути билан болани озиқлантирса бўлади.
ЎҚИНГ: Ҳомиладор аёллар учун энг фойдали озиқ-овқатлар
Неонатал ҲCВ инфекция
Анти-ҲCВ-мусбат аёллардан туғилган барча фарзандлар ҳам 12 ой давомигача анти-ҲCВ-мусбат бўлишади. Чунки онадан болага ИгГ (иммуноглобулин Г) ўтган бўлади. Агар ушбу антитело 18 ойгача сақланиб қолса, боланинг гепатит C билан касалланганидан далолат беради. Вертикал йўл билан зарарланган болаларнинг 90 % га яқини 3 ойгача, қолган 10 % эса 12 ойгача ҲCВ-РНК-мусбат бўлишади.
Ҳомиладорликда Гепатит C нинг давоси
Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш ҳар қандай вирусли гепатитларнинг ўткир фазасида ман этилади, ҳар қандай шароитда ҳам ҳомилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Махсус антивирус интерферон ва рибавирин препаратлар билан ҳомиладорларни даволаш қатъиян ман қилинади. Чунки рибавирин тератоген хусусиятга эга, интерфероннинг ҳомила ривожланишига таъсири эса ҳали яхши ўрганилмаган. Бундай аёлларга ҳомиладорлик пайтида махсус диета буюрилади. Бундан ташқари зарарсиз бўлган гепатопротекторлар ҳам тавсия қилинади (эссенциал, хофитол, карсил).
Гепатит C билан касалланган аёллар туғиш жараёни махсус туғруқхоналар ёки туғруқхонанинг махсус бўлимларида, эпидемияга қарши қатъий чора кўрилган ҳолатларда олиб борилади.
Туғилажак боланинг вирус билан зарарланиш даражаси кесерва йўли билан туғилганда, оддий йўл билан туғилгандан кўра анча камаяди. Гепатит Б билан касалланиб қолмаслик учун профилактика мақсадида, бола туғилганининг биринчи куниёқ вирусли гепатит Б га қарши гамма глобулин юборилиб, ваксинация ўтказилади. Бахтга қарши гепати C учун махсус профилактик ваксиналар ҳали ўйлаб топилмаган.
Вирусли гепатит C билан касалланган онадан туғилган болалар болалар инфекционисти томонидан назоратда бўладилар. Боланинг зарарланган ёки зарарланмаганлигини якуний тасдиқлаш 2 ёшидан кейин аниқ бўлади.
Ҳомиладорларда Гепатит C нинг профилактикаси
Профилактика учун ҳомиладор аёлни ўз вақтида текширтириш, махсус иммунореактив текширувлар ўтказиш, тиббий муолажалар олаётганда (инекция, операция, қон қуйишда) эҳтиёткорлик талаб этилади. Албатта, аёллар наркотик воситалар қабул қилиш ва пала-партиш жисний алоқа ҳам хавф омили эканлигини унутмасликлари зарур !
Ҳомиладорларда Гепатит C аниқланса қайси шифокорларга мурожаат қилиш керак ?
Гинеколог;
Гепатолог;
Инфекционист.
Do'stlaringiz bilan baham: |