2) мувофиқлаштириш мақсади – жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини оширишдир. Бу умуммақсад, табиий равишда, барча кучларни бирлаштиришни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида бир-бирини такрорламасликни, бири бошқасининг функциясини бажармаслигини, муайян аниқ мақсад йўлида куч ҳамда имкониятларни бирлаштиришни, айни пайтда, ҳар бири қонунчиликка қаттиқ риоя этгани ҳолда қонуний доирасида ўз вазифасини малакали бажаришларини тақозо этади.
Шундан келиб чиқиб, мувофиқлаштиришнинг асосий мақсади жиноятга қарши курашувчи структураларнинг ўзаро боғлиқ ва ҳамкорликда ҳаракат қилишини таъминлаш, жиноятларни тез, тўла ҳар томонлама аниқлаш, тергов олиб бориш, очиш ҳамда ваколатли органларга унинг юзага келиш сабаб ва шароитларини олдини олишга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Мувофиқлаштириш ўз навбатида жиноятчиликка қарши ҳамкорликка киришган ҳар бир органдан, унинг раҳбари ва ходимларидан (ҳамкорлик иштирокчиларидан) юксак касбий-профессионал малакани ва амалий теран тажрибани талаб қилади. Бу, аввало, содир этилган жиноятнинг, унинг сабабларининг ва бошқа ҳолатларнинг муфассал ўрганиш, таҳлил қила билинишида, содир этилиши мумкин жиноятларни олдиндан билиш, қайси жиноят қай даражада содир этилиши мумкинлигини башорат қилиш, бу борада тўпланган барча тажрибаларни ишга солиш, жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, очиш, улардан огоҳлантириш, олдини олиш билан боғлиқ ташкилий жараёнлар механизмини пухта ўзлаштириш, уларни тергов-қидирув амалиётига самарали қўллаш маҳоратига боғлиқ, албатта. Ана шундагина жиноятчиликка қарши кураш кутилган холис натижасини беради. Агар мазкур фаолият бошқа давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда олиб борилса, шубҳасиз, жиноятлар олди тез олинади, огоҳлантириш кутилган натижасини беради, энг муҳими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишини, шунингдек, жиноий хатти-ҳаракатларга қарши кураш фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш механизмини янада такомиллаштиришга қаратилган янги-янги таклифлар юзага келади. Уларнинг тергов-қидирув фаолиятига ижодий қўллаш, шубҳасиз, умуммақсад манфаатига хизмат қилади.
3) жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини оширишда қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ:
1. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва улар раҳбарларининг биргаликда мувофиқлаштирув кенгашларини ташкил этишлари;
2. Қайд этилган органларнинг жиноятчиликка ва айрим турдаги жиноятларга қарши кураш масалалари бўйича ўзаро ахборотлар алмашинуви;
3. Ўзаро келишилган ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорликда минтақаларга чиқиш, қуйи бўғиндаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига жиноятчиликка қарши курашда ёрдам бериш, мавжуд ижобий тажрибаларни ўрганиш ва бошқа ҳудудларда амалиётга тадбиқ этиш;
4. Кўп эпизодли ва жамоатчилик эътиборида бўлган аниқ жиноятларни тергов қилиш учун тергов-тезкор гуруҳлар тузиш ва терговни ташкил этиш;
5. Жиноятларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида ҳамкорликдаги мақсадли тадбирлар ўтказиш, шунингдек, уларнинг содир этилиш сабаблари ва шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш;
6. Ходимларнинг малакасини оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг имкониятларидан фойдаланиш, ҳамкорликда семинарлар, конференциялар ўтказиш;
7. Жиноятчиликка қарши кураш фаолияти жараёнида иштирок этаётган ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун ўзаро ёрдам кўрсатиш;
8. Ҳамкорликда буйруқлар, қўшма кўрсатмалар чиқариш, ахборот хатларини ва бошқа ташкилий-фармойиш ҳужжатларини тайёрлаш, ҳамкорликда қўлланмалар,бюллетенлар (тўпламлар) ҳамда бошқа ахборот нашрларини чиқариш;
9. Мувофиқлаштирув фаолиятининг ўзаро келишилган режаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш;
10. Мамлакатда амалда бўлган жиноятчиликка қарши курашни ташкил этишга оид қонунлар ва норматив ҳужжатларни ижро этилиш аҳволини ҳамкорликда худудларга чиқиб текшириш ташкил этиш;
11. Минтақаларда жиноятчиликка қарши кураш дастурларига киритиш ва учун ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқиш.
12. Жиноятчилик ва судланганлик ҳолати ҳақида ўзаро ахборот алмашув;
13. Жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда суд статистикаси маълумотларидан ва суд амалиёти материалларидан фойдаланиш;
14. Жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ҳамкорликда тайёрлаш;
15. Ҳамкорликда семинарлар, конференциялар ўтказиш, тегишли мутахассисларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини оширишда иштироки;
16. Ҳамкорликда ахборот хатларини, маълумотномаларни, шарҳларни жўнатиш ва бошқалар.
Суд раислари, судьялар жиноятчиликка қарши курашни амалга оширадиган органлар раҳбарларининг мувофиқлаштирув кенгашларида кузатувчи сифатида ва ёки кенгаш иштирокчиларини ўз органи фаолияти билан таништириш мақсадида қатнашиши мумкин.
Албатта, мувофиқлаштиришнинг ушбу берилган шакллари тўлиқ эмас. Амалиётда ходимларнинг иш тажрибаси, ташаббуси ва изланувчилигидан келиб чиқиб ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашни ташкил этишнинг яна бошқа қатор усулларидан фойдаланиш мумкин;
Do'stlaringiz bilan baham: |