3. Фуқаролик жамияти - тараққиётнинг юқори босқичи.
«Фуқаролик жамияти» ва «ҳуқуқий давлат» тушунчаси биргаликда XVIII асрда пайдо бўлган. Одамлар ҳаёти ва фаолиятининг икки томони: уларнинг шахсий манфаатлари, ташаббуси, ихтиёрий фаолияти жабҳаси ва одамлар хулқ-атвори давлатнинг хоҳиш-иродасига бўйсунувчи халқ ҳокимияти жабҳаси шу тушунчалар билан ифодаланди.
Фуқаролик жамияти ҳокимиятнинг оқилоналиги ва одилоналиги, шахс эркинлиги ва фаровонлиги ҳақидаги ғояларнинг ҳуқуқий устунлиги, ҳуқуқ ва қонуннинг бирлиги, давлат ҳокимиятининг турли тармоқлари фаолиятини ҳуқуқий чегаралаш ғоялари билан муштаракдир.
Ҳуқуқий давлатни фуқаролик жамияти ривожланишининг натижаси ва унинг ўзини ўзи янада такомиллаштириши омили деб ҳисоблаш мумкин. Ҳуқуқий давлатчиликнинг шаклланиш жараёни, ҳеч шубҳасиз, анча узоқ вақт давом этади. У фуқаролик жамияти шаклланиши билан бирга такомиллашиб боради. Ҳар бир давлатда бўлганидек, ҳуқуқий давлат ҳокимиятининг суверенлиги ҳам мамлакат ичида унинг барча фуқароларга ва улар ташкил этувчи нодавлат ташкилотларига нисбатан устунлигида ва ундан ташқарида давлатнинг ташқи сиёсатни юритиш, бошқа давлатлар билан муносабатлар ўрнатишда ва мустақиллигида намоён бўлади.
Етук фуқаролик жамиятисиз ҳуқуқий демократик давлат қуриш мумкин эмас, чунки онгли эркин фуқароларгина кишилик жамиятининг энг оқилона шаклларини яратишга қодирдирлар. Шундай қилиб, фуқаролик жамияти эркин индивид ва марказлашган давлат хоҳиш-иродаси ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланса, давлатнинг вазифаси парчаланиш, тартибсизлик, танглик, таназзулга қарши иш кўриш, эркин шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Ҳуқуқий давлат – бу шундай бир давлат ҳокимиятдирки, у ҳуқуқ нормаларига биноан, ва уларнинг доирасида иш кўради, бу нормаларни бузиш, бекор қилиш ёки чеклашга журъат этмайди, фуқаролар ва уларнинг бирлашмаларининг узвий табиий-тарихий ҳуқуқларини эътироф этади.
Тоталитар давлатда хавфсизликни таъминлаш ҳуқуқий тартиботни муҳофаза қилиш, одамлар хулқ-атвори давлат белгилаган ҳуқуқий қоидаларга мувофиқлигини таъминлаш фаолиятидан иборат бўлади, давлат ҳокимиятига татбиқан хавфсизликни давлат хавфсизлиги ва фуқаролик жамияти хавфсизлигига ажратиш муаммоси юзага келмайди.
Фуқаролик жамиятининг хавфсизлиги (жамоат хавфсизлиги) қуйидаги кўрсаткичлар билан тавсифланиши мумкин:
- ижтимоий адолат;
- давлат билан ўзаро муносабатларда фуқароларнинг ва умуман жамиятнинг ҳуқуқлари;
- қонунийлик тартиби;
- фуқароларнинг иқтисодий фаровонлиги;
- демократик плюрализм;
- жамиятнинг очиқлиги;
- фуқаролик жамиятининг миллий жиҳатдан муайянлиги.
Фуқаролик жамиятининг юзага келиши инсон ҳуқуқлари ва фуқаро ҳуқуқларининг фарқланишини белгилаб берди.
Инсон ҳуқуқларини фуқаролик жамияти, фуқаро ҳуқуқларини – давлат таъминлайди. Иккала ҳолатда ҳам шахс ҳуқуқлари тўғрисида сўз юритилади, бироқ биринчи ҳолатда айрим инсон сифатидаги шахснинг яшаш, эркинлик ҳуқуқлари назарда тутилса, иккинчи ҳолатда – унинг сиёсий ҳуқуқлари назарда тутилади.
Инсон ҳуқуқлари ва фуқаро ҳуқуқлари ўртасидаги фарқ муайян асосларга эга бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
1) инсон ҳуқуқлари давлат томонидан эътироф этилгани ва қонун йўли билан мустаҳкамланганидан, уларнинг эгаси - инсон у ёки бу давлатга мансублигидан қатъи назар мавжуд бўлиши мумкин. Фуқаро ҳуқуқлари эса мазкур шахс қарашли бўлган давлат томонидан ҳимоя қилинади;
2) дунёда ҳали анчагина одамлар умуман фуқаролик мақомига эга эмас (фуқаролиги бўлмаган шахслар, апатридлар). Бинобарин, улар расмий даражада фуқаро ҳуқуқларига эмас, балки инсон ҳуқуқларига эгадирлар. Фуқаролик жамиятининг вазифаси ижтимоий ҳаётнинг ривожланишини таъминлашдан иборат. Шу сабабли, унинг асосий таркибий қисмларини вазифалари қаторига бу жараён нормал кечиши учун шарт-шароит яратиб берувчи институтлар фаолияти ташкил этади.
Фуқаролик жамиятининг асосий қадриятларини оила, мулк, шахс, эркинлик, ҳуқуқ, маънавият, тартиб, давлатчилик ташкил этади. Бунда ҳаммани ва мажбурий тартибда мулкдорларга айлантириш назарда тутилмайди – уларнинг кўпчилиги буни хоҳламайди, бироқ бундай имконият ҳар ким учун сақланиши лозим. Мулк ҳар доим шахс ва бутун жамият эркинлигининг бош омили сифатида амал қилади. Мулкка нисбатан ҳурмат мавжуд бўлмаган жойда шахсга нисбатан ҳурмат ҳам мавжуд бўлмайди.
Фуқаролик жамияти тузилмалари «юқоридан» туриб эмас, балки «қуйидан», фуқароларнинг ташаббуси билан, ихтиёрий асосда, табиийки, муассисларнинг манфаатлари, қизиқишлари ва мойилликларига мувофиқ тузилади. Уларнинг эркинлиги давлат тузилмаларига қарам эмасликда, ички қоидалар билан назарда тутилган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган ўзини ўзи бошқариш фаолиятида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |