383-модда. Вазият жиддий ўзгариши муносабати билан шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш
Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
[СПиТ:
1.Мажбурият ҳуқуқи. Битимлар / Вазиятнинг жиддий ўзгариши]
Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади.
Агар тарафлар шартномани жиддий ўзгарган вазиятга мувофиқлаштириш ёки уни бекор қилиш ҳақида келиша олмаган бўлсалар, шартнома манфаатдор тарафнинг талаби билан суд томонидан бекор қилиниши, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра эса — ўзгартирилиши мумкин, агар айни вақтда қуйидаги шартлар мавжуд бўлса:
1) шартномани тузиш пайтида тарафлар вазиятда бундай ўзгариш юз бермайди, деб ҳисоблаган бўлсалар;
2) вазиятнинг ўзгаришини келтириб чиқарган сабабларни, улар пайдо бўлганидан кейин манфаатдор тараф шартноманинг хусусиятига ва муомала шартларига кўра ўзидан талаб қилинадиган даражада виждонийлик ва эҳтиёткорлик қилган бўлишига қарамай, бу сабабларни енга олмаган бўлса;
3) шартномани унинг шартларини ўзгартирмасдан бажариш тарафлар мулкий манфаатларининг шартномага мос келадиган нисбатини бузса ва манфаатдор тарафга зарар етказса, натижада улар шартнома тузишда умид қилишга ҳақли бўлган нарсадан кўп даражада маҳрум бўлсалар;
4) иш муомаласи одатларидан ёки шартноманинг моҳиятидан вазиятнинг ўзгариши хавфига манфаатдор тараф учраши кераклиги англашилмаса.
Вазиятнинг жиддий ўзгариши оқибатида шартнома бекор қилинганида суд ҳар қандай тараф талаби билан шартномани бекор қилиш оқибатларини аниқлашда тарафларнинг ушбу шартномани бажариш билан боғлиқ харажатларини улар ўртасида адолатли тақсимлаш зарурлигига асосланади.
Вазиятнинг жиддий ўзгариши муносабати билан шартноманинг ўзгартирилишига шартномани бекор қилиш ижтимоий манфаатларга зид бўлган ёки тарафларга шартномани суд томонидан ўзгартирилган шартлар асосида бажариш учун талаб қилинадиган харажатлардан анча ортиқ зарар келтирадиган фавқулодда ҳолларда суд қарори билан йўл қўйилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 353, 354, 357, 364, 367, 370, 377, 382, 384, 385-моддалари.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Олий суди Пленумининг 02.05.1997 йилдаги “Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 3-сон қарорининг 9-банди, Олий хўжалик суди Пленумининг 18.12.2009 йилдаги “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори 18-бандининг учинчи — олтинчи хатбошилари, 20-банди.
Do'stlaringiz bilan baham: |