Франсуа Рабле. Гаргантюа ва Пантагрюэль
ФРАНСУА РАБЛЕ (1494–1553)
Рабле ижоди ўз таъсирига кўра шу қадар улуғ эдики, гоҳо муаллиф номи унинг панасида қолиб кетади. Рабленинг ҳаёти ҳақида хилма-хил афсоналар юрарди: унинг отаси трактир (кичикроқ ошхона) эгаси бўлган, унинг ўзи эса тараллабедод ҳаёт кечирган. Рабле ўлаётганда оғзидан бетаҳоши сўзлар чиққан эмиш. Ёлғондан ростни ажратиш учун олимлар озмунча тер тўкмаганлар. Машҳур китобнинг яратувчиси Шинон яқинидаги Луара водийсида жойлашган Ла Девинья деган жойда дунёга келган. Унинг айнан қачон туғилганини ҳалигача билмаймиз, 1483 ва 1495 йиллар оралиғида бўлса керак. Рабленинг отаси ҳуқуқшунос бўлиб, бой шаҳар казолари орасида анча-мунча обрўга эга бўлган, романда Грангузье номи остида келади. Тахмин қилишларича, Рабле оилада эрта, етти ёки тўққиз ёшида роҳиб бўлган ёш болакай эди.
Роҳиблик Раблени бахтли қилолмади. Буни унинг асаридан яққол билиб олса бўлади. У бир монастирни бошқаси билан алмаштириб, эркин руҳоний бўлиб олади ва Монпалье университетида тиббиётни ўргана бошлайди. Ҳозирги тиббий олий ўқув юртлари талабалари унинг муваффақиятларига ҳавас қилса арзийди. 1530 йилда ўқишни тугатгани ҳақидаги дипломни олиб, Рабле 1531 йилдаёқ Гиппократ ҳақида маърузалар ўқийди, яна бир йил ўтгач эса у Лион касалхонасининг шифокори қилиб тайинланади.
Шу ерда у номини абадий шарафга бурковчи китобларини ёза бошлайди. Бу шонли воқеа содир бўлган вазиятларнинг қанақалигини акс эттирувчи ашёвий далил йўқ, аммо шу нарсани биламизки, 1532 йилда “Баҳайбат ва улкан одам Гаргантюа ҳақидаги буюк ва бебаҳо йилномалар” деган ном остида халқ китобчаси пайдо бўлди. Унинг муаллифи Рабле эмасди, бироқ уни Рабле таҳрир қилган бўлиши мумкин.
Мана шу китобча Раблега қалам олиб, давомини ёзишдек бахтли фикрни қулоғига айтган. Китоб омманинг кўнглига ёқди ва муаллиф романга янги кириш сўзи ёзишга қарор қилди, бу билан Гаргантюа қилиқларининг ўз версиясини китобхонлар ҳукмига ҳавола қилади. Китоб номи аввалгидай қолди, фақат тадрижий жиҳатдан иккинчисидан олдинги биринчи қисми кейинроқ ёзилган эди. Учинчи ва тўртинчи китобларда (“Le Tiers Livre”, “Le Qurt Livre”) Пантагрюэлнинг кейинги саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинган. Бешинчи китоб (“Le Quint Livre”) Рабленинг вафотидан кейин чоп этилган эди ва унинг аслиятлиги кескин баҳсларга сабаб бўлганди. Кўпчилик тадқиқотчилар шундай тўхтамга келишганки, қоралама қўлёзмани тугаллашга улгурмаган Раблега қарашлидир. Аммо уни нашрга бошқа одам тайёрлаган.
Рабле ислоҳотлар бошида ижод қилган, ўшанда даҳрийликда заррача шубҳа қилинган одам қаттиқ жазога тортилган, бундай жазони ўзгартириб бўлмаган. Унинг дўстларидан бири, ношир Эттен Доле даҳрийликда айбланган ва ўтда куйдириб ўлдиришга ҳукм қилинган эди. Рабле протестант ҳам, ҳурфикр ҳам, даҳрий ҳам эмасди, диний масалаларга жиддий қарар эди. Аммо у черков тизимининг шартаки танқидчиси эди. Ўтмишда роҳиблик паллаларида Рабле францискан тариқатидаги монастирлик асосларининг зиддиятларига дуч келди. Тариқат муқаррар равишда лаёқатли йигитчага ҳасад кўзи билан қараган ва унинг юнон тили машғулотларига қаршилик кўрсатган эди. Энди Раблега Сорбоннанинг илоҳиётшунослари чанг солдилар – улар Франциядаги ортодоксалчилар таянчи ва ашаддий ғанимлар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |