ШАРҲ - ШАРҲ
- Очиғини айтиб қўя қолайлик: Раблени ўқишдан кўра ундан кўпроқ ҳайратга тушадилар. Кўплар асосан унинг уятли ёзувчилик обрўйига маҳлиё бўлиб, бу муаллифни кашф этади. Улар ўзларига бино қўйган ҳолда, модомики, китобда уят нарса учрар экан, ҳаммасини бип-бинойидек англаш учун на саъй-ҳаракатнинг, на лаёқатнинг кераги бор, деб биладилар. Бироқ Рабленинг буюк ижоди кўп ҳолларда ўқувчи учун Жойснинг “Улисс” романи сингари муаммоларини намоён этади: ҳар иккала романда сўзлар бениҳоят кўп ишлатилган, ўндан ортиқ тиллардаги олимлар асарларидан иқтибослар келтирилган, аллақачон унутилиб кетган одамлар ва воқеалар ёдга олинади. Раблени муфассал ўзлаштириш учун бутун умр керак бўлади. Шу боис билими ўртамиёна ўқувчи уни юзаки ва таталаб ўқиганидан хижолат тортмаса бўлаверади. Аввалига “Гаргантюа”ни бутунисича қўлга олмоқ зарур, кейин эса ўз маъносига қараб бошқа тўрттала китобдан ёққан-ёққан жойларни танлаши мумкин.
Таълимга ва унга замондош қарашлари бўлган илм даргоҳларига Рабленинг қандайлигига қизиққанлар эса учинчи китобда Панург маслаҳатини олган олим баён тўғрисидаги, грипп, Бридуа, Рондибилис ва бошқалар тўғрисидаги лавҳаларни мутолаа қилсинлар, кейин эса бешинчи китобнинг кулгили ва рамзий маъноларига мурожаат этсинлар, уларда Папиманлар ороли, Юнгдор Мушуклар мамлакати, Авлиё Шиша Оракули ҳақида ривоят қилинади. Серзавқ, мароқли ҳикоя қилинган воқеаларни излаган китобхонлар эса асарда уларни жуда кўплаб учратадилар.
Ўн тўққизинчи аср китобхонларига, хусусан, бу викториан давридаги китобхонларга тааллуқли, Раблега бу борада омад кулиб боқмаган: унга жирканчлик ва ҳақоратли сўз устаси деган “тож” кийдирганлар. Ўша даврдан кўплаб ёзувчилар бу қадар очиқ ижод қилмаганлар. Ҳокимият Рабленинг китобларини тақиқлаб қўйди, уларни ахлоқ-одоб доирасидан ташқари, куфрона асарлар деб тавқи лаънат кийдирди. Аммо китобда бузуқлик, нажасбозлик, фоҳишабозликдан кўра мечкайлик тафсилотлари устунлик қилади. Фаҳш егулик ва ичгулик сингари соғлом ҳайвоний лаззат сифатида тасвирланади. Раблени бузуқлик ёки асабийликни тарғиб этишда айблаш учун заррача асос йўқ. Унинг қаҳрамони Пантагрюэль зинҳор ичкилик ё бузуқлик шайдоси эмас. Аксинча, у ақлли, доно ва ҳақгўй шаҳзода. Ҳамма нарса Рабленинг ўзи мулойим ва меҳрибон, ҳаётни барча баланд-пастликлари билан севувчи, ўз қобилияти ва билимини замонасининг буюк муаммоларини ҳал этишга бағишлаган инсон бўлганидан дарак беради. Гоҳо бу масалаларни талқин этишда оғзи шалоқлашиб кетади, гоҳо чуқур тафаккурга чўмади, аммо ҳар иккала ҳолда ҳам у лафзи тез ва ҳушёр.
Do'stlaringiz bilan baham: |